Ҳар бир мусулмон оиланинг қурилиши албатта, никоҳга асосланади. Бизнинг диёрларда никоҳни имом-хатиблар ўқиши одат бўлган. Зеро, табаррукан – барака умидворлигида никоҳ дуоси ижобат бўлувчи, шу оилага хайрихоҳ солиҳ, олим кишиларга ўқитилиши мақсадга мувофиқдир. Никоҳнинг ўзига хос рукн ва шартлари бор. Буларга никоҳ ўқувчи ҳар бир шахс амал қилиши керак. Биз никоҳнинг бир суннат амали – никоҳ хутбаси ҳақидаги бир ҳадисни бироз ўрганмоқчимиз.
عن عبد الله قال: علمنا رسول الله صلى الله عليه و سلم التشهد في الصلاة والتشهد في الحاجة قال التشهد في الصلاة التحيات لله والصلوات والطيبات السلام عليك أيها النبي ورحمة الله وبركاته السلام علينا وعلى عباد الله الصالحين أشهد أن لا إله إلا الله وأشهد أن محمدا عبده ورسوله والتشهد في الحاجة إن الحمد لله نستعينه ونستغفره ونعوذ بالله من شرور أنفسنا وسيئات أعمالنا فمن يهده الله فلا مضل له ومن يضلل فلا هادي له وأشهد أن لا إله إلا الله وأشهد أن محمدا عبده ورسوله ويقرأ ثلاث آيات قال عبثر ففسره لنا سفيان الثوري اتقوا الله حق تقاته ولا تموتن إلا وأنتم مسلمون واتقوا الله الذي تساءلون به والأرحام إنه الله كان عليكم رقيبا اتقوا الله وقولوا قولا سديدا قال وفي الباب عن عدي بن حاتم
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳундан ривоят қилинади. У зот бундай дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга намозда ташаҳҳуд яъни шаҳодат айтиш(“ат-таҳийёт”нинг охиридаги шаҳодат калималари)ни ҳамда никоҳ хутбасида ҳам шаҳодат айтишни ўргатганлар. (Рсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Намоздаги ташаҳҳуд(ни бундай ўқир эдилар): “Ат-таҳийёту лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаат. Ас-салааму алайка айюҳан-Набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ас-салааму алайнаа ва алаа ибаадиллааҳис-солиҳийн. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ”. Никоҳ хутбасидаги ташаҳҳудни эса: “Иннал-ҳамда лиллааҳи настаъийнуҳуу ва настағфируҳ, ва наъуузу биллааҳи мин шуруури анфусинаа, ва саййиаати аъмаалинаа. фаман яҳдиҳиллааҳу фалаа музиллаа лаҳу, ваман юзлил фалаа ҳаадия лаҳ, ва ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва росуулуҳ” деб ўқир эдилар ва бунинг ортидан учта оят ўқир эдилар. (Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Бу ҳадисдаги “Учта оят ўқир эдилар” деган иборадан қайси оятлар назарда тутилганини Имом Абсар ибн Қосимдан нақл қилган. У бундай деган: “Бизга Суфён Саврий бу оятлар қуйидаги уч оят эканини баён қилиб берганлар:
- يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُون.
(سورة آل عمران: 102).
Маъноси: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”.
- يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا. يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا.
(سورة الأحزاب: 70/71).
Маъноси: “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди“.
- يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا. (سورة النساء: 1).
Маъноси: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”.
Ушбу муборак ҳадиснинг шарҳида замонамизнинг буюк муҳаддиси, муфтий Ҳабибур-Раҳмон Хайрабодий бундай деган: “Никоҳни амалга оширувчи киши аввало, ҳадисда айтилган ташаҳҳуд – никоҳ хутбасини ўқиши, сўнг мазкур уч оятни ўқиши, ундан кейин ийжоб-қабул (бизнинг юрт урфига кўра, гувоҳлар ҳузурида аввал ийжоб – келин имомни сўровига ўзини ушбу куёвга тан маҳрамликка топширганини ифодаловчи, ўтган замон феъли шаклида “топширдим” каби розилик жавоби, сўнг қабул – куёвнинг келинни тан маҳрамликка қабул қилганини ифода этувчи, ўтган замон феъли шаклидаги “қабул қилдим” каби сўзини олишдан иборат) розилик аҳдномасини олиши, сўнг “Баарокаллоҳу лак ва баарока алайк ва жамаъа байнакума фий хойр” (маъноси: “Аллоҳ сизга муборак айласин! Аллоҳ сизни баракага буркасин! Орангизни яхшиликда жамласин!), деб муборакбод этиши ва ҳозир бўлганларга хурмо тақсимлаши суннатдир”.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳ хутбасида ушбу уч ояти каримани ўқишни ихтиёр этганлари бежиз эмас. Чунки тақво қилиш – Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш – амри инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, никоҳгача бўлган вақтда ҳам, никоҳ кунида ҳам, никоҳдан кейин то вафот этгунга қадар ҳам унинг ҳукми бардавом. У(тақво)сиз, ҳатто никоҳ куни ҳам эр-хотин ҳаётининг энг гўзал куни бўла олмайди. Шунингдек, эр-хотин ўзаро бир-бирларининг ҳақларини адо этиши ҳам тақвосиз амри маҳолдир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳ хутбасида тақвога буюрувчи учта оятни ихтиёр этганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, тақво инсон ҳаётининг ҳар сониясини қамраб олиши шартлиги Илоҳий фармон экан. Муборак никоҳ ақдини ҳам тақвога барпо этишга шариъатда алоҳида эътибор берилган экан. Буни никоҳ хутбасида ўқиладиган оятлар маъносидан англаб олиш мумкин. Бу хутба араб тилини билганларга ўқилгандир. Улар бундан ўзларига етарли хулоса чиқара оладилар. Биз каби араб бўлмаганларга ундаги оятлар маъносини хутба ўқувчи киши тафсир қилиб, тақво инсоннинг нафақат ҳаётида, балки у вафот этганидан сўнг ҳам нечоғли аҳамиятга эгалигини тушунтириб ўтиши мақсадга мувофиқ экан.
Бизнинг юртда бу ҳадисдагидан бошқа хутба ўқилади ва хутба кўп ҳолларда ийжоб-қабулдан кейин ўқилади. Бу ҳам яхши, дуруст. Унга ҳеч қандай танқидий фикр айтишдан наримиз. Аммо кичик бир мулоҳаза: бизда ўқиладиган хутбага мазкур ҳадисда келган хутбани ҳам қўшилса ва биринчи ўринда хутбани ўқиб, сўнг қолган амаллар юқорида баён этилган тартибда қилинса, бундан-да афзал, суннатга янада мувофиқ бўлса керак…
Муфтий Ҳабибур-Раҳмон Хайрободий ҳафизаҳуллоҳнинг “Ал-мискуш-шазий шарҳу
Жомиъийт-Термизий” китоби асосида тайёрланди.
ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси
ўқитувчиси Азамов Баходиржон