Шаҳидлик ўлимнинг олий даражасидир! Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ, айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жанг-у жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас! Баъзи бировлар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Зотан, ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас! Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Ниятни холис қилиб жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар ҳаётда жуда кўп. Биз шулардан ўрнак олишимиз керак! Бу ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, ҳадиси шарифлар, баёнотлар мавжуд.
Бақара сураси 154 оятида шундай келади. Аллоҳ йўлида қатл бўлганларни “ўликлар” деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз.
Аллоҳ йўлида қатл бўлганлар одамлар кўзида гўё ўладилар. Аммо Аллоҳ таоло ушбу оятда уларни ўликлар демасликка амр қилмоқда. Демак, уларнинг ўлими зоҳирий ўлим, бошқа одамларнинг кўзига ўлим бўлиб кўринади, холос.
Аслида ушбу оятда таъкидланганидек, улар тирикдирлар, аммо уларниинг тирикларини биз сезмассиз. Уларнинг ҳаётлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки инсон ҳаёт ва ўлимнинг ҳақиқатини англаб етиши мумкин эмас. У зоҳирга қараб, ҳаракатдагини “тирик”, ҳаракатсизни “ўлик” деб ҳужум чиқараверади. Аммо шаҳидларни, Аллоҳ йўлида жонини қурбон қилганлари Аллоҳ тирик деяптими, демак улар тирик бўладилар. Шунинг учун ҳам уларни бошқа ўликлар сингари ювилмайди. Чунки ўлик баданини поклаш учун ювилади. Шаҳидлар ўзлари пок, улар тирикдирлар. Ҳам шаҳидларга ўликларнинг кийими – кафан кийдирилади, қайси кийимда шаҳид бўлсалар, ўшанда дафн этиладилар. Шаҳидлик олий мақом, унга эришиш осон эмас. Урушга кирган ҳамма ҳам шаҳид бўлавермайди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф бу масалани ойдинлатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан: “Шижоат билан урушга кирган одам Аллоҳ йўлида урушган бўладими, тарафкашлик учунми ёки риё учунми?” деб сўралганда, у зоти бобаракот: “Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳ йўлида урушган бўлади”, деганлар.
Шаҳидликнинг олий мақомлиги шаҳидларга бериладиган мартабалар ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Мисол тариқасида биттасини келтирамиз. “Шаҳиддан бошқа жаннатга кирганлардан бирорта одам қайтиш чиққиси келмайди. Унга ер юзида ҳеч нарса йўқ. Шаҳид бўлса, жаннатдан эҳтиром ва икромдан сўнг яна дунёга қайтиб ўн марта ўлдирилишини орзу қилади”, деганлар.
“Шаҳид” сўзи “шоҳид бўлинган” деган маънони билдиради. Яъни ўлимига шоҳид бўлинган, дегани. Шаҳиднинг ўлимига фаришталарнинг жуда ҳам катта жамоаси ҳозир бўлиб, гувоҳ бўлганидан, уни шаҳид дейилади. Шунингдек, шаҳиднинг маъноларидан яна бири шуки, унинг жаннатга киришига шоҳидлик берилгандир.
Шаҳидлик иккига бўлинади:
Ҳақиқий ва ҳукмий шаҳидлар.
Мусулмон, тоҳир (пок), балоғатга етган, зулм ила қатл қилинган, ўша қатл ила мол вожиб бўлмаган ва тириклик ҳукмлари унга собит бўлмаган одам шаҳиддир. Демак, ҳақиқий шаҳид қуйидаги сифатларга эга бўлиши лозим:
- Мусулмон. Ғайримусулмон одам Шаҳид бўлиши мумкин эмас.
- Тоҳир (пок). Ҳайзли, нифосли ва жунуб бўлса, ювилади.
- Балоғатга етган. Кичик болалар ҳам ювилади.
- Зулм ила қатл қилинган.
Қотил эса уруш ҳолатидаги кофир, боғий, йўлтўсарлар бўлади. Улар мусулмонни бевосита қатл қилсалар ҳам ёки уловини чўчитиб юборганлари сабабли йиқилиб ўлса ҳам, кемасини куйдириб юборгани сабабли куйиб ўлса ҳам, хуллас, мусулмоннинг ўлимига сабаб бўлсалар, қатл қилинган шахс шаҳид бўлади.
- Ўша қатл ила мол вожиб бўлмаган. Бунга хато тариқасида бировни ўлдирган одамга хун тўлаш вожиб бўлиши мисол бўлади.
- Тириклик ҳукмлари унга собит бўлмаган. Яъни жароҳат етганидан кейин дарҳол ўлган бўлиши керак. Бас, ундан кийимидан бошқа нарса ечилади.
Мазкур шаҳидни дафн қилишга тайёрлаш жараёнида унинг пўстин, дўппи, махси ва қурол каби асл кийим бўлмаган нарсаларни ечиб олинади. Кафани батамом бўлиши учун кийими зиёда ёки ноқис қилинади. Муҳими, унинг шаҳидлик аломатлари боқий қолиши лозим.
عن ابن عباس رضى الله عنهما قال أمر رسول الله صلى الله عليه وسلم بقتلى أحد ان ينزع عنهم الحديد والجلود وان يدفنوا بدمائهم وثيابهم رواه ابو داود وايت ماجه
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл бўлганлардан темир ва тери ечиб олиниб, қонлари ва кийимлари ила дафн қилинишларига амр қилдилар”. Имом Абу Давуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Уни ювилмайди ва жанози ўқилади. Уни қони билан дафн қилинади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл бўлганлардан икки кишини бир кийимга дамлар эдилар. Сўнгра: “Икковларидан қайси бири Қурьонни кўп билади?” дер эдилар. Улардан бирига ишора қилинса, ўшани лаҳадга олдин қўяр эдилар. Ул зот: “Буларга қиёмат куни мен гувоҳман”, дедилар. Уларни қонлари билан дафн қилишга амр қилдилар. Ювилмадилар ҳам, уларга намоз ҳам ўқилмади”. Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса: “Шаҳидга намоз ўқилади, чунки бошқа ҳадисда Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд шаҳидларига намоз ўқиганлари ҳам ривоят қилинган”, дейдилар.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл бўлганларга саккиз йилдан сўнг намоз ўқидилар. Худди тириклар ва ўликлар билан видолашгандек бўлдилар. Сўнгра минбарга чиқдилар ва: “Албатта, мен сизларнинг олдингиздаги фаратингизман. Мен сизнинг устингиздаги гувоҳингизман. Албатта, сизга ваъда қилинган жой ҳавздир. Албатта, мен унга мана шу мақомимдан назар солиб турибман. Албатта, мен сизларнинг мушрик бўлишингиздан қўрқмайман. Лекин мен сизларнинг дунёга берилишингиздан ва уни талашишингиздан қўрқаман”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Ҳоким ва Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни Ҳамза ҳақида амр қилдилар. Уни қибла томонга қўйилди. Ул зот етти такбир айтдилар. Кейин унга шаҳидлар жамланди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам унга етмишта намоз ўқидилар”.
Кимни мисрда ўлдирилган ҳолда топилса ва унинг қотили билинмаса, ювилади. Чунки бу ҳолатда ўликнинг эгаларига хун тўланади. Ёки биров жароҳатланганидан кейин ҳаётдан баҳраманд бўлса: ухласа, таом еса, ичса, даволанса, чодирнинг ичига олинса, маърака майдонидан тирик ҳолда олиб чиқилса, эс-ҳуши жойида бўлган ҳолда тўлиқ бир намоз вақтинча қолса ва васият қилса, уларни ювилади ва намоз ўқилади.
Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуга Хандақ урушида камон ўқи тегиб жароҳатланганида ва кейин масжидда вафот этганида, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у кишини ювиб, жаноза ўқиганлар. Мазкур ҳолатда ўлганларга шаҳиднинг савоби бўлади. Фасод ишлар, боғийлик ва йўлтўсарлик қилганининг жазоси учун қатл қилинганлар ювилади, аммо жаноза ўқилмайди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг Наҳравон аҳлига жаноза ўқимаганлари бунга далилдир. Улар жиноятчи бўлганлари учун шу тарзда хорланади ва бошқалар ибрат олишлари йўлга қўйилади.
Тошкент ислом институти
4-курс Акрамов Фозил