Тақсит ва Муробаҳа савдоларида айрим мижозлар белгиланган муддатдан вақтлироқ тўлашни истайди. Бундай ҳолларда улар сотувчининг келишилган баҳодан чегирма беришини истайди. Вақтидан илгари қилинган тўловга чегирма бериш жоизми? Бу масала мумтоз уламолар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган. Ислом фиқҳ манбаларида бу масала «ضع و تعجّل» (чегирма бер ва эртароқ қайтариб ол) деб аталади. Баъзи ўша давр уламолари бу муомалани жоиз деб билишган, аммо аксарият фуқаҳолар, жумладан, тан олинган тўртта фиқҳий мазҳаб уламолари агар бу чегирма эртароқ тўлашнинг шарти бўлса, жоиз эмас дейишган.
Бунга рухсат берганларнинг далили Абдуллох ибн Аббос розияллоху анҳудан келган ҳадисга асосланади. У киши ривоят қиладики, Бану Назир яҳудийлари қувғинга учраб, Мадинадан чиқарилаётган пайтда (тил бириктириб фитна қилганлари сабабли) айрим кишилар ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Уларни чиқиб кетишга буюрдингиз, ҳолбуки, айрим инсонларнинг уларга берадиган, муддати эса ҳали келмаган қарзлари бор», — дейди. Шунда ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллолу алайҳи ва саллам уларга (яъни қарз берган яҳудийларга) қуйидаги гапни айтадилар:
ضعوا و تعجّلوا
“Чегирма беринглар ва эртароқ (қарзларингни) қайтариб олинглар”.
(Байҳақий ривояти)
Аммо аксарият фуқаҳолар бу ҳадисни саҳиҳ деб ҳисобламайдилар. Ҳатто бу ҳадисни ривоят қилган Имом Байҳақий ҳам очиқчасига ҳадиснинг санадини заиф деган.
Бу ҳадис саҳиҳ бўлганида ҳам, Бану Назирнинг кўчирилиши ҳижратнинг иккинчи йили, рибо ҳали ҳаром қилинмаган пайтда содир бўлган.
Бундан ташқари, ал-Вақидийнинг ёзишича, Бану Назир фоизга қарз бериш билан шуғулланган, шунинг учун ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи ва саллам юқоридаги гапни айтганларида қарз берувчилар фоизларни чегиришини, қарздорлар эса қарзнинг танасини эртароқ қайтаришини назарда тутганлар. Ал-Вақидий яна ривоят қилади: яҳудийлардан бўлган Бану Назирлик Саллам бин Аби Ҳуқайқ саксон динор пулни Усайд ибн Ҳудайр розияллоху анҳуга қарз берган эди. Усайд бир йилдан кейин қирқ динор қўшиб, бир юз йигирма динор қайтариши керак эди. Юқоридаги рухсат бўлгандан кейин у қарзнинг асосий танаси саксон динорни қайтарди, Саллам эса қолганидан воз кечди. (Ал Бақидий, Ал-Маҳазий)
Шу сабабларга кўра аксарият фақиҳлар агар чегирма эрта тўлашнинг шарти этиб келишилса, жоиз бўлмайди деб таъкидлайди. Аммо чегирма эрта тўлашнинг шарти бўлмаса, қарз берувчи чегирмани ихтиёрий равишда ўзидан билиб берса, жоиз.
Ислом фиқҳ академияси ўзининг йиллик йиғилишида худди шундай фатво қабул қилган.
Бундан тушуниладики, ислом банки ёки молиявий муассасаси амалга оширадиган муробаҳа шартномаларида чегирма бериш кўзда тутилмайди, мижоз ҳам чегирма талаб қилишга хаққи йўқ. Аммо банк ёки молиявий муассаса ихтиёрий равишда ўзидан билиб чегирма берса, қаршилик кўрсатилмайди, айниқса, мижоз муҳтож киши бўлса. Масалан, бир камбағал фермер муробаҳага трактор ёки қишлоқ хўжалик анжомларини сотиб олди, банк унга ихтиёрий чегирма бериши мумкин.
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Алижон Равшанов,
«Ислом иқтисодиётида фиқҳий қоидалар» китоби