Динимизда зино гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Зино инсонни нафақат охиратига балки бу дунёсига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Зино туфайли инсон охиратда хор бўлади ва дунёда эса инсонлар орасида обрў-эътиборини йўқотади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
“Зинога яқинлашманглар, чунки у бузуқликдир” (Исро сураси, 32 — оят).
Яъни зинога яқинлашманглар, зинодан сақланинглар, чунки зино ёмонликка етаклаб, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор қилади.
Зино тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилинган. Бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни келтириб ўтсак:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зинодан сақланинглар. Чунки унда олти офат бордир. Учтаси дунёда, учтаси охиратдадир. Дунёдагилари – юздаги нурнинг кетиши, ризқнинг кесилиши ва ўлимнинг тезлашиши. Охиратдагилари эса – Роббнинг ғазаби, ёмон ҳисоб-китоб ва дўзахда абадий қолиш, илло Аллоҳ хоҳласа, абадий қолдирмайди”, дедилар”.
Ҳақиқатдан ҳам зинонинг йўли ёмон ва қабиҳ йўл ҳисобланади Аллоҳ таоло бандаларни ўзларига маҳрам бўлмаган аёлларга қарашдан ҳам қайтариб қуйидагича марҳамат қилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом)” Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар” (Нур сураси, 30- оят).
Яна бир ояти каримада:
“Албатта қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур”. (Исро сураси, 36- оят).
Яъни инсон эшитган, кўрган ва ишонган барча нарсалари учун қиёмат кунида жавоб беради.
Кўзлар ногаҳон номаҳрамга тушиб қолган ҳолатларда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга “кўзни (тезлик билан бошқа тарафга) буринг” деб буюрганлар.
Аллоҳ таоло бандаларни зино қилманг деб эмас зинога яқинлашманг деб буюрмоқда. Зино қилишнинг ўзи бир катта гуноҳ бўлса унга олиб борувчи ҳар қандай йўллар ҳам гуноҳдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, нафсини қўлга олиб уни жиловлай олган ҳар бир тақволи инсон зинодек катта гуноҳлардан четда юради ва солиҳ амаллар қилиб Роббисининг раҳматидан умид қилади.
Барчаларимизни Аллоҳ таоло тақволи бандалар қаторида қилиб ўз ҳидоятида бардавом айласин!
Тошкент ислом институти талабаси
Муҳаммаджонов Муҳаммадумаржон