Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, ЎМИ Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Модуль таълим тизими талабалари билан “Имомларнинг жамият олдидаги масъулияти” мавзусида очиқ мулоқот ўтказдилар.
Тадбирда Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Тоҳир Эвадуллаев, Ёшлар билан ишлаш, Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси бўлими бошлиғи Жаҳонгир Рўзиев ҳамда бошқа профессор-ўқитувчилар ва ходимлар иштирок этдилар.
Исломда имомлик инсонларга яхшилик улашувчи ҳамда ҳаётий муҳим масала ва муаммоларни шаръий усулда ечишга кўмаклашувчи йўлбошчи ҳисобланади.
Имомлик шарафли, айни пайтда масъулиятли вазифадир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”, дейилган – Имом Бухорий ривояти.
Шайх Алижон қори, ҳам имом-хатиб, ҳам толиби илм ҳисобланадиган Модуль тадабаларига касбий ва тажрибавий йўл-йўриқ ва тавсиялар бердилар.
Жаннатнинг саккизта даражасидан бири дорул қарор – қори ва олимлар учун ва энг юқориси жаннатул фирдавс бўлиб, Пайғамбарлар, росуллар, амал қилувчи уламолар учун мўлжалланган.
Шайх Алижон қори, ҳозирда юртимизда қори имом-хатиблар кўпаётганини таъкидлаб, имомлар, ҳам қори, ҳам олим, бўлиб икки дунёда азизликка ва юксак мартабаларга эришишларини Аллоҳдан сўради.
Суҳбатда имомлик масъулияти, талабалар имом-хатиблик вазифасига ихлос билан киришиб, фидойилик билан хизмат қилишлари тўғрисида илмий-амалий маълумотлар берилди.
ТИИ Матбуот хизмати