Ибн Ҳишом роҳматуллоҳи алайҳ атрофидаги кўзга кўринган бир қанча уламоларни ортда қолдирган, илмда юксак даражага эришган олимлар қаторидан жой олган, илм майдонларида ҳолдан тоймайдиган бир қанча уламоларни тинкасини қуритган тақводор ва солиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Жамалуддин ибн Юсуф ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳишом ал-Ансорий ал-Мисрийдир.
Араб тили грамматикаси имомларидан Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Жамолиддин ибн Юсуф ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳишом ал-Ансорий Мисрий ҳижрий 708-йили зул-қаъда ойида, (милодий 1309-йил) Қоҳира шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигиданоқ у ерда илм ва олимларга муҳаббат қўйиб катта бўлган. Уларнинг жуда кўпларидан илм ўрганган. Баъзи адиб ва фозиллардан ҳам дарс олган.
Устозлари: Абдуллатиф ибн Марҳал, Ибн Сирож, Зуҳайр ибн Абу Сулма ал-Музаний, Ат-Таж Табрийзийнинг дарсларига ҳам қатнашганлар. Бу зот ўзи хоҳлаган мақсадини осон ва тушунарли ҳолда ифода этиб берадиган, гапни керакли ўрнида ишлата билиш малакасига эга бўлганлар. Шундоқ бўлса-да, жуда ҳам тавозели, хулқ-атвори чиройли, шафқатли ва қалби юмшоқ инсон бўлганлар.
“Дурарул камина”[1] асари муаллифи ибн Ҳишомни ўз асрининг энг яхши кишилари, ўша даврнинг энг машҳур олимларидан илм ўрганганини ва уларга шогирд бўлганини таъкидлайди. Ибн Сирож[2], Абу Ҳайён[3], Тож Табризий[4], Тож Фокиҳоний[5], Шиҳоб ибн Мураҳҳал[6], ибн Жамоа[7]лар шулар жумласидандир.
Ибн Ҳишом тақводор олим ва мазҳабда шофеий бўлганлар. Умрларининг охирида ҳанбалий мазҳабини тутганлари манбаларда зикр қилинган. Ибн Ҳишом дини, иффати, чиройли сийрати, илм талабидаги сабри билан бирга, камтарлиги, яхшиликсевар экани, шафқатли, чиройли хулқли ва юмшоқ қалбли экани билан ажралиб туради[8].
Ибн Ҳишом араб тили, айниқса, наҳвда мутахассис эди. Бу борада унда истеъдод, қобилият мавжуд бўлган. Шу сабаб, ўз асрининг олимлари ва устозларидан ҳам ўзиб кетган. Унинг, айниқса, икки китоби кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди: “Муғний ал-лабиб ан кутубил аъарийб”, ҳамда “Авдоҳул масалик ила Алфияти ибн Малик”.
Ибн Ҳишомнинг шон-шуҳрати фақат Мисрнинг ўзида эмас, балки бутун дунёда машҳур бўлди. Олим ва ёзувчилар у ҳақида: “У ҳаётлик вақтидаёқ машҳур бўлди ва халқ уни чиройли қабул қилди”[9], деб таъкидлаганлар. “Дурарул камина” соҳиби ибн Холдундан нақл қилиб айтадики: “Биз Мағрибда туриб эшиттикки, Мисрда бир араб олим пайдо бўлибди, уни Ибн Ҳишом дер эканлар. Наҳвда Сибавайҳдан ҳам билимлироқ экан”. У киши бир эмас, бир нечта илмларни пухта эгаллаган. Унинг фатонат ва заковати, зийраклиги, айниқса, ёдлаб олиш қобилияти жуда кучли бўлган. Ҳаттоки, вафотларидан беш йил аввал, “Мухтасарул Харқий” китобини тўрт ойдан кам муддатда ёдлаб олганлари зикр қилинган.
У кишига мансуб қуйидаги китоблар ўрганиб чиқилган:
“Ал-эъроб аън қоваидил эъроб”. Астана ва Мисрда нашр этилган. Шайх Холид ал-Азҳарий ушбу китобга шарҳ ёзган. Ҳамда, Алоуддин Атийя томонидан таҳқиқ қилинган нашри ҳам Дамашқда чоп этилган. “Алғоз”. У наҳвий масалаларга бағишланган китоб бўлиб, уни Султон Комил Муҳаммад ибн Одил учун тасниф қилган. Ушбу китоб Мирсда нашр этилган. “Авдоҳул масалик ила Алфияти ибн Малик”. Китобнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, у Имом ибн Моликнинг “Алфиятун наҳв” асарига ёзилган шарҳдир. “Шузуруз заҳаб фи маърифати каламил ароб”. Ушбу китоб наҳв илми борасидаги мухтасар (матн) китобдир. Ибн Ҳишом бу китобини муқаддима ва турли фаслларни ўз ичига оладиган ўн тўртта боб қилиб, тасниф этган. Ушбу китобга кўплаб шарҳлар ёзилган бўлиб, бизгача улардан ўнтаси етиб келган. Унга ёзилган ҳошиялардан эса тўққизтаси маълум. “Шарҳи шузуриз заҳаб фи маърифати каламил ароб”. Ушбу китоб муаллифнинг ўзи ёзган “Шурузуз заҳаб” китобига қилган ўзининг шарҳи. Китоб наҳвий масала ва ҳукмларни, наҳв олимларининг сўзларини, мисоллар ва далилларни ўз ичига олади. Унда муаллиф наҳвий масалаларни “Қотрун нада ва баллус сода” китобига ўхшаш суратда келтирган. Ушбу китоб ҳам бир неча бор чоп этилган бўлиб, улардан энг машҳур нусхаси Муҳаммад Муҳиййиддин Абдулҳамид таҳқиқи билан чоп этилганидир. “ат-Тазкира”.
Имом Суютий ушбу китобни ўн беш жуздан иборат эканини айтган. Шайх Ёсин Алиймий ўзининг кўплаб наҳв китобларига ёзган ҳошияларида ушбу китобдан иқтибослар келтирган. Шиҳоб Хофажий ҳам ўзининг “Насиймур риёд” китобида ибн Ҳишомнинг “ат-Тазкира”сидан иқтибоскелтирган. “ат-Таҳсил ват тафсил ликитабит тазйил ват такмийл”. Ушбу китоб ҳам бир неча жуздан иборатдир. “Ал-жомеус соғийр”. У ҳақида Имом Суютий ўз фикрларини билдирганлар. Ушбу китобни Париж кутубхонасидан топиш мумкин. “Ал-жомеул кабир”. Буни ҳам Суютий зикр қилганлар. “Шарҳул бурда”. Ушбу китоб Каъб ибн Зуҳайрнинг “Ал-бурда” асарига ибн Ҳишом ал-Ансорий томонидан ёзилган шарҳдир. “Ал-бурда” китобининг асл номи “Бант суад” дир. У эллик тўққиз байттан иборат бўлган. Китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган ва у кишидан кечирим сўралган. “Шарҳу қотрин нада ва баллис сода”. Бу муаллиф ўзининг “Қотрун нада ва баллус сода” асаридаги мураккаб лафзларни шарҳ этиб ёзган асаридир. Ушбу асар ҳам бир неча маротаба нашр этилган бўлиб, унинг ҳам энг машҳур таҳқиқи Муҳаммад Муҳиййиддин Абдулҳамид томонидан қилинган ва нашр этилган. Ушбу китоб наҳвий бобларнинг баён этилишига кўра “Шузуруз заҳаб” китобига ўхшаш бўлса-да, унга қараганда қисқароқ, ҳамда ўрта босқич талаба ва ўқитувчилари учун мосроқ услубда битилгандир. У калима ҳақидаги мавзу билан бошланиб, васлий ҳамза мавзуси билан якунланади.
“Қотрун нада ва баллус сода” асарига яна бир нечта шарҳлар ёзилган. Масалан, Фокиҳий[10]нинг “Мужийбун нида ила шарҳи қотрин нада” асари, ҳамда, Хотиб Ширбиний[11]нинг “Муғийсун нида” асаридир.
“Шарҳу қотрин нада ба баллис сода” асарига бир нечта ҳошиялар ҳам битилган.
“Шарҳул ламҳа ли аби Ҳайянил Андалусий”[12]. “Муғний ал-лабиб ан кутубил аъарийб”. Ушбу китоб наҳв борасидаги ўзига хос, мисли кўрилмаган маълумотларга бой, муаллифнинг энг машҳур китобларидандир. Ушбу китобда, ибн Ҳишом наҳвий масалалар бўйича ўз фикрларини билдириб, уларга Қуръоний ва шеърий далилларни ҳам келтирган.
Китобни бир қанча олимлар таҳқиқ қилганлар. Жумладан, Муҳаммад Муҳиййиддин Абдулҳамид, Др.Мазон Муборак ва Али Ҳамдуллоҳ[13], Др.Абдуллатиф Муҳаммад Хотиб[14], Фаҳриддин Қубова каби олимлар таҳқиқ қилган. Ҳамда, Др.Солиҳ Абдулазим Шоир[15] ҳам ушбу китобни тадқиқ қилган.
Ибн Ҳишом ал-Ансорий 761-ҳижрий санада, милодий 1360-йили 5-зул қаъда жума кечаси вафот этган.
Ибн Ҳишом ҳақида Шайхул ислом Аллома ибн Ҳажар ал-Асқалоний шундай деган: “Ибн Ҳишом нодир фоидалари, дақиқ баҳслари, ажиб хулосалари, тўлиқ таҳқиқлари, юқори даражали билими, ҳамда, камтарлиги, яхшиликсевар экани, раҳм-шафқатли, хуш хулқли ва юмшоқ қалбли экани билан ажралиб турар эди”.
Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, ушбу мақолада ибн Ҳишом ал-Ансорийнинг араб тилшунослигига қўшган ҳиссаси мисли кўрилмаган даражада улкан эканини ҳис қилиш мумкин.у ёзган асарлари, унда баён этган фикр ва қарашлари бошқа кўплаб наҳв уламоларини ҳам ҳайратга солган. Ибн Холдун айтганидек ибн Ҳишом наҳвда Сибавайҳ билан бир мақомдадир.
Тошкент Ислом Институти талабаси
Абдушукуров Икром
Фойдаланилган адабиётлар
[1] Ибн Ҳажар. “Дурарул камина”. Ҳайдаробод, 1348 ҳ. Б. 2:308-310
[2] Ибн Сирож: Муҳаммад ибн Аҳмад Абу Абдуллоҳ ас-Сирож Дамашқий. Наҳвий олим. 668-ҳижрий санада таваллуд топган ва 743-ҳижрийда вафот этган.
[3] Абу Ҳайён: Муҳаммад ибн Юсуф, Асируддун Ғорнатий. Ўз асрининг наҳв, луғат, ҳадис ва адабиёт фанлари олими. Тафсирга оид “Баҳрул муҳит” асари машҳур. Ҳижрий 745-санада вафот этган.
[4] Тож Табризий: Али ибн Абдуллоҳ Ардбийлий Табризий. Бир неча илмларни пухта эгаллаган тақводор олим. Ҳижрий 746-санада вафот этган.
[5] Тож Фокиҳоний: Умар ибн Али ибн Солим ибн Сидқа Лахмий Искандарий. Наҳвга оид “Шарҳул умда”, ал-Ишаро” ва бошқа бир қанча китоблари бор. 731-ҳижрий санада вафот этганлар.
[6] Шиҳоб ибн Мураҳҳал: Абдуллатиф ибн Абдулазиз.
[7] Ибн Жамоа: Бадриддин Муҳаммад. Ҳижрий 733-санада вафот этган.
[8] «Буғятул вуот”. Б. 2/69.
[9] «Буғятул вуот”. Б. 2/69.
[10] Фокиҳий. Вафоти 972-ҳижрий сана.
[11] Хотиб Ширбиний. Вафоти 977-ҳижрий сана.
[12] Абу Ҳайён: Аллома Муҳаммад ибн Юсуф ибн Алий ибн Юсуф ибн Ҳайён Асируддин Абу Ҳайён Ғорнатий Андалусий Жиёний Нафзий. Ҳижрий 654-745-йиллар.
[13] Дамашқдаги “Дарул фикр” матбаасида чоп этилган.
[14] Қувайтдаги араб мероси, адабиёти, фани ва маданияти миллий мажлиси.
[15] Қоҳирадаги адабиёт мактабасида нашр этилган.