Оламларни яратган, охирги пайғамбарини ислом билан хушнуд қилган ҳамда ўзининг наздидаги дин ислом эканлигига рози бўлган зот Аллоҳга беҳисоб-беадад ҳамд-у санолар бўлсин. Курайшларнинг саййиди, арабларнинг энг фасоҳатлиси бўлган ҳамда икки дунёнинг чироғи бўлиб, дунёни мунаввар қилган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз-чексиз дуруд-у саловатлар бўлсин.
Араб тили сомий тиллар оиласига мансуб бўлиб, унинг адабий тил нормаси жоҳилият даврида шаклланган. Унинг тараққиёти уч босқичга бўлиниб ўрганилади: қадимги, классик ва ҳозирги замонавий араб тили.
Классик араб тили ислом байроғи остида Яқин ва Ўрта Шарққа, Марказий Осиё ва Африканинг кўп қисмига тарқалди. Бунда албатта, саҳобаларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Кейинчалик, у Ўрта Осиёда узоқ вақтларгача халқаро ва билим тили бўлиб келди. Бу тилда давлат дастурлари олиб борилади ва ҳикматларга тўла асарлар ёзилади. Шулардан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Муҳаммад Хоразмий ва Маҳмуд Замахшарий каби ўзларининг чуқур илмий мулоҳазалари билан дунё фанининг равнақига сезиларли таъсир кўрсатган фан даҳолари, буюк ватандошларимиз ҳам шу тилда самарали ижод қилишган. Классик тил ҳозирги араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди.
Ҳозирги замон адабий араб тили Арабистон ярим ороли ва ундан шимолроқдаги ҳамда Шимолий ва Шарқий Африкадаги йигирмадан ортиқ давлатларнинг расмий тили ҳисобланади. Қадимги тилининг баъзи ёдгорликлари бизгача етиб келган. Тадқиқотчилар шу ёдгорликлардаги ёзувлар асосида унинг грамматик кўрилишини ва қисман сўз бойлигини аниқлашга муваффақ бўлишган.
Классик араб тилининг намуналари эса бизгача жуда кўп миқдорда етиб келган. Унда мукаммал грамматик қурилишга эга бўлган, кенг лексик таркибли, жоҳилия даври назми ва таъсирдор қабилалар лаҳжалари нодир хусусиятларини ўзида умумлаштира олган бой тилни кўриш мумкин. Араб давридаги хақ динни изловчиларнинг назмида:
فَيَا عَجَبًا كَيْفَ يُعْصَي الإلَهٌ أَمْ كَيْفَ يَجْحَدُهُ الْجَاحِدُ؟
Во ажаб! Қандай қилиб илоҳга осий бўлиш бор,
Ёинки инкор қилувчининг инкори бор.
Классик араб тили такомилида араб қабилалари лаҳжасида энг эътиборлиси қурайш лаҳжаси ҳисобланган. Чунки уларнинг замини Маккаи Мукаррама бўлган. Маккаи мукаррамада эса, улуғ Қуръони карим нозил бўлган. Қуръони карим араб тилида, қурайш лаҳжасида нозил бўлган. Унинг араб тилида нозил бўлганига Аллоҳ таолонинг каломида бир неча ўринларда зикр қилинган. Аллоҳ таоло Шуаро сураси 7-оятида шундай марҳамат қилади:
وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ قُرْآَنًا عَرَبِيًّا لِتُنْذِرَ أُمَّ الْقُرَى وَمَنْ حَوْلَهَا وَتُنْذِرَ يَوْمَ الْجَمْعِ لَا رَيْبَ فِيهِ فَرِيقٌ فِي الْجَنَّةِ وَفَرِيقٌ فِي السَّعِيرِ
(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ «тўпланиш куни» (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир. Шу боис, Муқаддас Китобни тўғри тушуниш, уни англаш учун араб тилини ўрганиш, хусусан сарф ва наҳв қоидаларининг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, араб тилини билмаслик эмас, аксинча билиб, унда хато қилган инсонлар маломат қилинган [2].
Абу Тиб айтадилар: “Билгинки, арабларнинг каломига халал етказадиган ва ўрганиши энг эҳтиёж сезадиган нарса бу эъробдир. (Эъроб бу – калиманинг охиридаги ҳаракат). Ривоят қилинадики, бир кишига Расулуллоҳ салаллоҳу алайхи васаллам ҳузурларида сўзлаётиб, лахн (хато) қилади. Шунда у зот:
أَرْشِدُوا أخَاكُمْ فَقَدْ ضَلَّ
Яъни, “Биродарингизни тўғри йўлга йўллаб қўйинг, батаҳқиқ у адашди”, дедилар.
Ёқут айтадилар: “Умар ибн Хаттоб разияллоху анхунинг олдиларидан камон отишни яхши билмайдиган бир қавм ўтиб қолди. Уларга танбеҳ бердилар, улар айтишди: “Биз таълим олувчи қавммиз”. Умар разияллоху анхунинг ғазаблари келди ва дедилар: “Албатта, сизларнинг тилингиздаги хатоларингиз камон отишдаги хатоларингиздан кўра ёмонроқдир”. Сабаби, ҳалиги камон отаётган қавм араб тили қоидасига зид қилиб гапиришган. Шу боис, Ҳазрат Умарнинг жаҳллари чиқади [1].
Ҳазрат Умар даврларида у зотга волийлардан бири мактуб ёзади ва унда лахн қилади. Бу Умар разияллоху анҳуга хуш келмайди. Ибн Қутайба айтадилар: “Бир аъробий бир муаззиннинг бундай деяётганини эшитиб қолади:
أشْهَدُ أنَّ مُحَمَّدَّا رَسُول الَّله
Муаззин رَسُولُ сўзини насб (фатҳа ҳаракати)да ўқийди. Ҳалиги эшитиб турган киши аъробий бўлса-да, ажабланиб: “Шўринг қуригур, бу нима қиляпти ўзи?”, дейди. Бир аъробий бозорга кириб бозорчиларни лахн қилаётганини эшитиб қолади ва “Субҳаналлоҳ, лахн қилишяпти. Биз эса лахн ҳам қилмаймиз, фойда ҳам кўрмаймиз”, дейдилар. Яъни улар шунча хато қилишса ҳам, фойда кўриб ётишибди. Биз эса тўғри сўзлаб, фойда кўришни билмаймиз, дейишган.[3]
Асмоий айтадилар: “Тўрт киши на ҳазилда ва на жиддий гапида лахн (хато)га йўл қўймаган. Улар Шаъбий, Абдулмалик ибн Марвон, Хажжож ибн Юсуф ва Ибни Фариадир. Уларнинг ичида энг фасоҳатлиси Хажжож ҳисобланади”. Бундан билинадики, бу инсонлар ҳазил ва жаҳл ҳолатида ҳам араб грамматикасига амал қилиб сўзлаган.
Бир куни Ҳазрат Али розиялоҳу анҳу бир кишининг Тавба сурасини нотўғри эъроб билан ўқиётганини эшитиб қоладилар ва Абу Асвад ад-Дуалийни чақириб қоида ёзишга буюрадилар. Бошқа ривоятда, айтадиларки, Абу Асвад ҳазрат Алининг ҳузурларига киради, Ҳазрат Алининг қўлларида сиёҳ бор эди. Абу Асвад айтадилар: “Я амирал муъминийн! Қўлингиздаги нима? Али разияллоҳу анҳу: “Ўйлаб қолдим, мана бу қизилларни арабларга аралашиши оқибатида араб тили бузиляпти. Мен бу билан бир нарса ўрнатмоқчиманки, араблар уларга мурожаат қилсин ва унга суянсинлар. Сўнг қўлларидаги ҳалиги нарсани Абу Асвад томон ташлайдилар . Унда қуйидагича ёзилган эди:
الكَلَامُ كُلُّهُ إسْمٌ وَ فِعْلٌ وَحَرْفٌ. فَلاسْمُ مَا أنْبَاءَ عَنِ المُسَمَّى. وَالفِعْلُ مَا أنْبِىءَ بِهِ. وَالحَرْفُ مَا أفاَدَ مَعْنَى
Яъни: “Каломнинг барчаси исм, феъл ва ҳарфдан иборатдир. Исм номланган нарсадан хабар беради. Феъл эса у билан хабар берилади. Ҳарф эса маъно англатмайди”. Сўнг айтадилар: “Мана шу 3 нарсадан кейин ҳаёлингга нима келса, ёзавергин”.[4]
Шундан сўнг араб тили қоидаларига катта эътибор бериладиган бўлди. Биринчи бўлиб бу соҳада Абу Асвад ад-Дуалий араб тилига доир қонун-қоидаларни ишлаб чиқарадилар. Бу соҳада энг муваффақият қозонган шахс бизнинг ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий ҳазратлари ҳисобланадилар. Бу олим ўз китобида арабларнинг ўзи ўрганишга муҳтож бўлган қимматли маълумотларни ёзиб қолдиради. Ҳатто араблардан баъзилари айтади: “Агар бу инсон шундай буюк ишни қилмаганда биз ўзимизнинг соф тилимиздан айрилиб қолардик”.
Бироқ араб тилининг грамматик нормалари эса милоднинг IХ –XII асрида ишлаб чиқилди. Қуръони каримнинг нозил бўлиши, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларининг юзага келиши араб адабий тилининг янада ривожланиши, таъсир доирасининг кенгайиши, араб бўлмаган бошқа халқлар томонидан ҳам араб тилини кенг ўрганилишига йўл очиб берди. Айниқса, Боғдод халифалигида ташкил этилган илмий марказ ва унда араб олимлари билан бир сафда кўплаб мусулмон ўлкалардан келган ажам олимларининг тадқиқот ишлари олиб боришгани араб тилининг илм-фан соҳасидаги мавқеини янада юқори кўтарди. Натижада бу тил бутун мусулмон шарқи ҳудудида Европадаги лотин тили каби фан тилига айланди. Бундан ташқари, у кўплаб мусулмон шарқ мамлакатларида узоқ вақт давлатлараро муомала тили бўлиб ҳам хизмат қилди.
Араб тили Аллоҳ азза ва жалла томонидан ўзининг сўнгги ҳамда мукаммал дини – Ислом учун ихтиёр этилгани ва мазкур дин дастури Қуръони карим ҳам араб тилида нозил қилингани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Шундай экани борасида Аллоҳ ўзининг китоби “Зухруф” сурасининг 3-оятида: “Албатта, биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз”, дея марҳамат қилган.[5]
Араб тили исломгача бир қадар тартибсиз, қоидалари маълум бир низом асосида ишлаб чиқилмаган, аммо луғат бойлиги жиҳатидан ҳам, ифода фасоҳати жиҳатидан ҳам бошқа тиллар орасида ажралиб турар эди. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида қуйидагича маълумотлар бор: “Араб тили сомий тиллар гуруҳининг жанубий тармоғига мансуб. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шимолидаги йигирмадан ортиқ мамлакатнинг расмий тили ҳисобланади. Араб тилида 200 миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади (1997). Қадимий араб тили милоддан аввалги 5-4 асрларга тааллуқли обидалар орқали маълумдир. У мумтоз араб тилининг пайдо бўлишига замин бўлган. Мумтоз араб тилининг лексик ва грамматик шаклланиши жоҳилия даври (5-7аср) шоирларининг оғзаки ижодларида намоён бўла бошлаган. Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида мумтоз араб тили бадиияти янада гўзаллашди ва грамматик меъёрлари мукаммаллашди. 8-9 асрларда мумтоз араб тили грамматикаси ишлаб чиқилди. Ислом ёйилган ўлкаларда расмий ва илмий тил бўлиб қолди” [2].
Юқоридаги фикрлар орасидан барчамиз учун бирдек манфаатли бўлган қуйидаги жумлага эътиборингизни қаратмоқчиман: “Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида…”. Ҳа, дарҳақиқат, араб тили қуръоний, исломий ҳамда набавий тилга айлангандан сўнггина, дастлаб ўзининг сомий тиллар гуруҳи орасида, кейинчалик эса бутун дунё тиллари ичида нуфузли ўринга эга бўлди. Араб тилининг шарафи, қадри фано дунёсидан сўнг ҳам давомий бўлиши ҳақида Расулуллоҳнинг ҳадислари ҳам мавжуд. Фикримизни Имом Табаронийнинг “Муснад”китобларида ривоят қилинган қуйидаги ҳадис орқали қувватлаймиз: “Арабларни уч нарса учун яхши кўринглар! Боиси, мен араб(пайғамбар)ман, Қуръон ҳам араб тилида(нозил бўлган) ва аҳли жаннатнинг тили ҳам араб тилидир”. [6]
Юқорида келтирганларимиз араб тили, унинг тарихи ва фазилатлари борасидаги лўндагина сатрлар эди, холос. Илмий адабиётларда бу борадаги маълумотлар етарлича мавжудлиги боис, фикрни мухтасар этсак.
Ҳозирда араб тили ер юзидаги 500 миллионга яқин инсонлар учун она тили ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг халқаро сўзлашув тили ҳисобланади. Араб тили дунёдаги 22 та араб давлатининг расмий тили бўлиб, улар шу тилда гаплашади. Қолаверса, араб тили ҳозирда олтита жаҳон тилларининг бири ҳисобланади.
Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу: “Араб тилини ўрганинглар, чунки у динингиздандир.”, деганлар. (Байҳақий ривояти)
Бошқа бир ривоятда: “Араб тилини ўрганинглар, чунки араб тили мурувватни зиёда қилади” деганлар. (Байҳақий ривояти)
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси ўқитувчиси
Қодиров Абдулвали
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
- Усманов И. Саидова Г. Мовароуннаҳр туркий тафсирлари тарихи. –Т.: Мовароуннаҳр, 2012. – 311 б.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. Т. Ҳилол нашр. 2019. – 562 б.
- Қуръони Азим мухтасар тафсири. Шайх Алоуддин Мансур. “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2019. – 544 б.
- Ўқиш китоби /Т.Шермуҳамедов, Ф.Абдуллаев. –Т.: Ўқитувчи,1973. – 411 б.
- Тафсиру ҳилол иккинчи 2 жуз. Шайх Муғаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳилол-нашр”. Тошкент – 2019. – 565 б.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5-жуз. –Т., Шарқ 2008. – 580 б.
- Ҳасанов М. Абзалова М. Араб тили дарслиги. –Т., Мавароуннаҳр 2004. – – 250 б.
- Улумул Қуръон. Муҳаммад Али Собуний. “Мактабатул Бушарий” нашриёти. 2012 й. – 345 б.
- Б. Иброхимов,«Араб тили (илк сабоҳлар)», Тошкент, «Университет», 1991 й. – 321 б.
- Муаллифлар жамоаси. “Ан-Наим ул-кабир” арабча-ўзбекча луғат. – Наманган.: “Наманган”, 2018. – 805 б.