islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тиловат саждасига оид ҳукмлар

Маълумки, Қуръони Каримда 14 та ўринда сажда оятлари келган. Уларни тиловат қилган ёки эшитган киши бир марта сажда қилиши вожиб бўлади. Булар:

  1. Аъроф сурасининг 206-ояти.
  2. Раъд сурасининг 15-ояти.
  3. Наҳл сурасининг  50-ояти.
  4. Исро сурасининг 109-ояти.
  5. Марям сурасининг 58-ояти.
  6. Ҳаж сурасининг 18-ояти (бу сурада иккита сажда ояти бўлиб, иккинчиси – 77-ояти ҳанафий мазҳабига кўра саждани вожиб қилмайди).
  7. Фурқон сурасининг 60-ояти.
  8. Намл сурасининг 26-ояти.
  9. Сажда сурасининг 15-ояти.
  10. Сод сурасининг 24-ояти.
  11. Фуссилат сурасининг 37-ояти.
  12. Нажм сурасининг 62-ояти.
  13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти.
  14. Алақ сурасининг 19-ояти.

“Тиловат саждаси” деб тиловатга боғланишидан шунга ишора борки, киши агар сажда оятини ёзса ёки ҳижжалаб, ҳарфлаб ўқиса, унинг сажда қилиши вожиб бўлмайди. Сажда оятини тиловат қилган киши сажда қилиши вожиб бўлганидек, уни эшитган кишига ҳам  вожиб бўлади. Эшитишни хоҳлаганми, хоҳламаганми, маъносини тушунадими, тушунмайдими бунинг фарқи йўқ. Шунингдек, тиловат қилган киши таҳоратли ҳолда ўқиганми, бетаҳоратми ёки ҳайз кўрган аёл бўладими, нифослими фарқи йўқ. Ундан эшитган кишига сажда вожиб бўлаверади. Мажнун ёки уйқудаги одам сажда оятини тиловат қилса, уни эшитган кишига сажда вожиб бўлади.

Сажда оятини эшитган киши ҳоиза ёки нифосли аёл ёки кичик ёшли бола ёки мажнун ёки кофир каби намоз вожиб бўлмайдиган тоифадан бўлса,  унинг сажда қилиши вожиб эмас. Бу тоифадагилар сажда оятини тиловат қилсалар ҳам сажда вожиб бўлмайди. Киши уни тиловат қилиб, сўнг жойини ўзгартирмасидан бошқадан эшитса ёки аксинча сажда оятини бировдан эшитсаю, сўнг ўша жойнинг ўзида ўзи ҳам тиловат қилса, унга фақат битта сажда вожиб бўлади.

Сажда оятини битта жойда бир неча марта такрор ўқиганга битта сажда кифоя қилади. Агар киши уни ўқиб сажда қилсаю, сўнг ўқиган оятини бир неча маротаба такрорласа, қилган саждаси кейинги тиловатлари учун ҳам етарли бўлади. Бунда мажлис–жой ўзгармаган бўлиши керак. Жойнинг ўзгариши ҳақиқий ва ҳукмий бўлади. Ҳақиқатан мажлис ўзгариши маълум. Ҳукмий ўзгаришига келсак, одам бир мажлисда бўлиб, бутунлай бошқа бир ишга киришса, мисол учун, савдо-сотиқ қилиб турган жойида, овқат еса ёки ичимлик ичса ёки бошқа гапларни гаплаша бошласа ёки бай қилиб турган аёл фарзандини таомлантирса ёки машғул бўлиб турган ишидан бошқа бир ишга киришса, аввалги мажлис ҳукман ўзгарган бўлади. Аммо бир – икки луқма таом ейиш ёки бир-икки қултум сув ичиш ёки бир-икки қадам қўйиш билан мажлис ўзгармайди. Демак, бу ҳолатларда таомни тўйгунча ейиш, чанқоғи қонгунча ичимлик ичиш ёки кўп гаплашиш билан мажлис ўзгаради.

Қироат қилиш, тасбеҳ, таҳлил айтиш мажлисни ўзгартирмайди. Ўтирган ҳолатда сажда оятини ўқиган киши ўрнидан туриши ёки ухлаши билан билан мажлис ўзгармайди. Тик турган ҳолатда ўқиб, ўтириб олса ҳам мажлис ҳукми ўзгармайди. Киши сажда оятини ўқиб саждасини қилса, сўнг Қуръонни узоқ тиловат қилса, сўнг ҳалиги сажда оятини ўқиса, унга бошқа сажда вожиб бўлмайди. Жоме масжидининг бир бурчагида сажда оятини ўқиб, бошқа бир бурчагида ўша оятни тиловат қилса, унга битта сажда кифоя қилади. Чунки битта хона ва масжиднинг турли жойлари ҳам битта жой ҳисобланади.

(Давоми бор)

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

ўқитувчиси Зойирова Ҳафиза

431740cookie-checkТиловат саждасига оид ҳукмлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: