islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бурҳонидин Марғилоний “ал-Ҳидоя” асарининг аҳамияти ва ўзига хос хусусиятлари

Бурҳонидин Марғилоний номи билан шуҳрат қозонган Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғилоний ислом оламида хусусан Ҳанафий фиқҳи тараққиётига беққиёс ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Аллома Бурҳонидин Марғилонийнинг “ал-Ҳидоя” асари  ҳозирги кунга қадар фиқҳ илмининг асосий манбаларидан ҳисобланади. Бу асар мусулмонларнинг фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил ва мукаммал асар сифатида тан олинди. Ҳозирги кунга қадар бирламчи манба сифатида олий таълим муассасалари ва мадрасаларда ҳанафий фиқҳи бўйича ўқитиладиган асосий дарсликлардан ҳисобланади. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг келтиришича, Бурҳониддин Марғилоний ўзининг «Бидоят-ал-мунтаҳий» асарининг сўз бошида «Ҳидоя»нинг яратилиши тўғрисида шундай ёзган: «Ирокка сафар қилганимда, «Ал-Мухтасар ал-Кудурий» («Кудурий қисқартмаси»)ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтда каттаю-кичик, барча «Жомеъ ус-Сагир” (“Кичик тўплам”) дан фойдаланган эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга «Бидоят ал-мунтаҳий» деб ном бердим. Кейинчалик ушбу асарга шарҳ ёзиб, уни «Кифоят ул-мунтаҳий» деб номладим»[1].

Кейинроқ бу асарнинг ҳам ҳажми катталик қилиб, янада мўъжаз бўлган,бутун ислом оламида ҳанафия мазҳабининг фикх масалаларида асосий қўлланмасига айланган Ҳидоя асари яратилди. Мазкур асарни ҳанафия мазҳабидан тутган ўрни тўғрисида аллома «Ҳидоя» китобига шарҳ ёзган машҳур олим Бадруддин Айний ўзининг «Биноя» номли шарҳида шундай ёзади:

إن كتاب الهداية قد تباهجت به علماء السلف، وتفاخرت به فضلاء الخلف، حتى صار عمدة المدرسين في مدارسهم، وفخر المصدرين في مجالسهم، فلم يزالوا مشتغلين به في كل زمان، ويتدارسونه في كل مكان، وذلك لكونه حاويًا لكنز الدقائق، وجامعًا لرمز الحقائق، ومشتملًا على مختار الفتاوى، ووافيًا بخلاصة أسرار الحاوي، كافيًا في إحاطة الحادثات، وشافيًا في أجوبة الواقعات، موصولًا في قواعد عجيبة، ومفصلًا على قواعد غريبة، وماشيًا على أصول مبنية، وفصول رصينة، ومسائل غريزة، وترتيب أنيق، وترکيب حقيق

“Ҳидоя китоби билан салаф уламолари фахрланган, халаф фузалолари унинг билан ғурурланган. У устозлар мактабларида асосий манба, маърузачилар мажлисларида ифтихорга айланган. Ҳар бир замонда у билан шуғулланишган, ҳар бир жойда уни мутолаа қилишган. Бу китоб ноёб билимлар хазинасини ўз ичига олган, ҳақиқат рамзларини жамлаган, муфтийларнинг ихтиёрий фатволарини ўз ичига олган, янги воқеаларга етарлича жавоблар берган, ажойиб қоидаларни ўз ичига олган, ноёб қоидалар асосида тузилган, мустаҳкам фаслларга эга бўлган, чуқур масалаларни ўз ичига олган, нафис тартиб ва мукаммал услубга эга…”[2]

Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ Маҳбубий «Ҳидоя» ҳақида шундай дейди:

«Кўз кўрмаган, вақт иккинчига гувоҳ бўлмаган ноёб асар.»

Марғилоний бу китобида ҳанафий мазҳабини ва бошқа мазҳабларнинг сўзлари, далилларини баён қилди. Кўп масалаларда бошқа мазҳаблар билан ихтилофни баён этишга эътибор берди, бу эса алломанинг умумий фиқҳий китоблар орасида алоҳида ўринга эга қилди. Шу боис, бу асар қиёсий фиқҳ китоблари жумласидан ҳисобланади. Шунингдек, у Имом Аъзам ва унинг икки шогирди ўртасидаги ихтилофни ҳамда улардан ривоят қилинган турли фикрларни келтиришга эътибор берди. Шунингдек, олим кўп масалаларда мазҳаб шайхларининг нуфузли фикрларини ҳам зикр қилган, бу эса китобга ҳанафий мазҳабида алоҳида илмий мақом берди.

Бу матннинг аҳамияти ва шуҳрати туфайли кўплаб уламолар уни шарҳлаш, таҳлил қилиш, ҳошиялар ёзиш, ҳадисларини таҳқиқ қилиш, ҳатто уни назмга солиш билан шуғулланганлар. «Кашф» муаллифи «Ҳидоя»га ёзилган шарҳлар, изоҳлар ва ҳадислар таҳқиқини ўз ичига олган 60 дан ортиқ китоб мавжудлигини зикр қилади. Агар «Кашф» муаллифидан кейин ёзилган асарларни ҳам қўшсак, бу сон янада ортиб кетади.

Акмалуддин Бобуртий раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳидоя»га ёзган шарҳи «Иноя»нинг муқаддимасида шундай дейди:

ويقول أكمل الدين البابرتي رحمه الله في فاتحة شرحه على الهداية ” العناية” ‌‏: روي أن صاحب الهداية بقي في تصنيف الكتاب ثلاث عشرة سنة ، ‏وكان صائما في تلك المدة لا يفطر أصلا ، وكان يجتهد ألا يطلع على ‏صومه أحد ، فإذا أتى خادمه بطعام يقول : خله ورح ، فإذا راح كان ‏يطعمه أحد الطلبة أو غيرهم ، فكان ‌‎–‌‏ ببركة زهده وورعه ‌‎–‌‏ كتابه مباركا ‏مقبولا بين العلماء

«Ривоят қилинишича, «Ҳидоя» муаллифи ушбу китобни ёзишга ўн уч йил сарфлаган. У шу муддат давомида доимо рўза тутган ва ҳеч қачон ифтор қилмаган. У ўз рўзасини ҳеч ким билмаслиги учун ҳаракат қилар эди. Қачон хизматкори унга таом келтирса, «Қўйиб кет ва кетавер» дер эди. Хизматкори кетгач, у таомни талабалардан ёки бошқа бировдан бирига бериб юборган. Шунинг учун у зоҳидлик ва тақвоси баракасидан китобининг илм аҳли орасида мақбул ва муборак бўлишига сабаб бўлди.»[3]

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳанафий мазҳаби Мовароуннаҳр ҳудудида кенг тарқалган бўлсада, унинг Бурҳониддин Марғилонийдек жуда кўплаб йирик ва салоҳиятли олимлари ва имомлари ҳам ақидада, ҳам аҳкомлар бобида камолот даражасига етишди. Улар ҳанафий мазҳабининг ҳуқуқий, ақидавий асосларини ташкил этувчи Абу Ҳанифанинг асарлари ва унинг иқтидорли шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва Абу Юсуфнинг китобларига асосланган ҳолда, ниҳоятда муҳим асарларни яратиб, ҳанафий мазҳабининг ривожи ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келди.

402-гуруҳ талабаси Икромов Шерислом

[1] Қориев О.А. Бурҳониддин ал-Марғилоний// Маънавият юлдузлари. Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999.-Б. 132-133.

[2] Бадруддин Айний Ҳанафий. Ал-Бинаяту фи шарҳ ал-ҳидая. Таҳқиқ: Айман Солиҳ Шаъбон. Ж. 13. -Байрут:Дор ал кутуб ал илмия, 2000. –Ж.1.

[3] Акмалуддин Бобуртий Ал-Бинаяту  шарҳ ал-ҳидая. Байрут:Дор ал кутуб ал илмия, 2007. –Ж.1.

450320cookie-checkБурҳонидин Марғилоний “ал-Ҳидоя” асарининг аҳамияти ва ўзига хос хусусиятлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: