islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Етимлардан меҳрингизни аяманг

Мактабдан болалар чиққанларида баъзилари оталарининг бағрига чопадилар, баъзилари оналарининг бағрига чопадилар, лекин ораларида шундай болалар борки, кимнинг бағрига чопишни билмайдилар. Шунда улар атрофга маюс боқадилар. Уларни чақирадиган, ўз бағрига оладиган ҳеч кимни топа олмайдилар. Ва ҳатто қайрилиб меҳр кўзи билан қарайдиган кўзни топа олмайдилар. Шу чоғ уларнинг кўзлари ва юраклари ғам-андуҳга тўлади.

Қачонки қуёш ботиб, тун зулмати кириб келганида, улар ўзларини етимлигини, ёлғизлигини аччиқ дард-алам билан ҳис қиладилар. Уларни оналари йўқки, уларга тунда эртак айтадиган, оталари йўқки, уларга ишдан қайтаётганда ширинлик ва совға-салом олиб келадиган.

Байрамлар келганида эса, ота-онаси бор болаларнинг юзида табассум бўлади ва ранг-баранг чиройли кийиниб олишган бўлиб, байрамни мана шундай хурсандчилик билан ўтказадилар. Лекин етимлар учун ҳамма нарса бегонадек ҳатто байрамлар ҳам татимайди.

Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, баён қиладиларки: ”Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради” деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди“.

Ҳадисда “ўз етимини” дейилишидан бева қолган онанинг отасиз қолган ўз етим боласини қарамоғига олиши назарда тутилган.

Етимнинг риоясини қилиш, унга кафил бўлиш, боқиш, таъминлаш кишини жаннатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдек буюк бахтга муяссар қиладиган улуғ бир амаллардандир.

Ким жаннатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни хоҳласа, етимларга меҳрибон бўлсинлар, уларга ширин сўз айтсинлар ва уларга меҳр тўла қалби билан кулиб қарасинлар, отаси ўрнига ота бўлсинлар, онаси ўрнига она бўлсинлар. Ва шу билан бирга унинг маюс кўзларидан оққан кўз ёшларини артиб қўйсинлар. Ва шунингдек бу ишлари билан ўзини дўзах ўтидан сақласинлар.

Саҳобаларнинг бирлари айтиб бердилар: “Бир куни бир инсон  Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга етимни бошини сила у билан сенинг молинг камайиб қолмайди, оғир меҳнат ҳам талаб қилмайди. Етимни бошини силасанг, қалбингдаги моғор босган қалин чангни қалбингдан тозалайсан. Сенинг қалбинг қадрлироқ ва қийматлироқ бўлиши учун етимни бошини сила ва ўзинг ҳам амин бўласанки, шу етимнинг беғубор кўзларидан кўра чиройлироқ нарсани кўрмайсан.

Исломда етимпарварликка алоҳида эътибор берилганини ушбу саноқли ҳадислардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қойил қилиб келгани ҳаммага маълум. Бунга жаҳон урушидан кейинги даврда халқимиз кўрсатган етимпарварликни мисол қилсак бўлади. Етимлар исломдаги каби ўзларига олижаноб муомалани кўрмаганлар.

Ҳозирги кунларда ҳам Ислом оламининг турли тарафларида етимларнинг боши етарли даражада силаниб келмоқда. Ҳар бир мўмин-мусулмон кимса етимларнинг ҳаққини унутмаслиги лозим. Аста-секин бўлса ҳам, етимпарварликни аждодларимиз амалга оширганлари каби савияга олиб чиқишимиз керак.

Етимни қарамоғига олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, ўз болалари бор кишилар етимларни оилага қабул қилсалар ва ўз фарзандлари қатори уларнинг бошини силасалар, уларга ҳам ўз фарзандлар каби меҳр кўрсатсалар жуда яхши бўлади.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Ахмаджонова Хамида

49040cookie-checkЕтимлардан меҳрингизни аяманг
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!