Аллоҳ таоло ўз каломида тиловат қилувчи Аллоҳнинг каломини тиловат қилаётганда тадаббур ила тиловат қилиши кераклиги ҳақида марҳамат қилиб айтганки:
“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”, деган (Сод, 29).
“Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар”, (Зухруф, 44).
Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин.
“Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”, (Нисо, 82).
Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлсада, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, табииёт ва бошқа нарсаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.
Қуръон каримни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам, унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.
“Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: “Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас”, дея олмайди.
“Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда қулфлари бордир?!” (Муҳаммад, 24).
Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда имон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балки уларнинг дилларига Аллоҳ “имон келтирмайди” деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълумдир.
Қуръони карим тиловат қилинаётган вақтда, уни тинглаш, жим туриб қулоқ солиш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида қуйдагича амр қилади:
“Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф, 204).
Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар.
Умуман, Қуръон карим Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони карим тиловати қулоғига тушиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб бўлади.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов