بسم الله الرحمن الرحيم
Ҳурматли Қуръон мухлислари! Сўнги йилларда юртимизда Қуръони Каримни ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунга, ҳар йили ўтказиб келинаётган Республика Қуръон мусобақаларининг, 2018-йилда кенг миқёсда, оммавий тарзда ўтказилганини мисол қилиш мумкин. Шунингдек, юртимиздаги фаолият юритаётган барча Ислом билим юртларида Қуръон ёдлашга ихтисослашган алоҳида гуруҳлар ташкил қилингани ҳам сўзимизнинг тасдиғидир.
Ушбу хайрли ишлар давоми сифатида, келажакда Қуръон таълимида яна-да катта натижаларга эришиш, таълимни самарали олиб бориш мақсадида, дунёнинг таниқли қироат уламолари томонидан таълиф этилган, Қуръони Каримни тез ва осон ёдлашга доир тавсияларни келтирамиз:
Биринчи ёдлашда:
- Қуръон ёдлаш учун қулай, ортиқча чалғитувчи нарсалардан холи, тинч хона танлаб олинади;
- Гавдани тик тутган ҳолда ўтирилади, мусъҳафни кўкракдан баландроқ бўлган лавҳа устига, сал чапроқ қилиб қўйилади;
- Ёдлаш учун, кўпи билан бир ёки бир ярим қатор оят белгилаб олинади. Агар оят бир ярим қатордан узун бўлса, маъно бузилмайдиган жумлагача бўлиб олинади;
- Мусъҳафга диққат билан қараб, имконият даражасида баландроқ, ўртача тезликда, бироз тараннум билан, 3 маротаба ўқилади;
- Кейин мусъҳафни ёпиб, ўша қаторнинг ўзини ёддан, худди шу тарзда етти мартагача ўқилади.
Мана шунда жами ўн марта ўқилган бўлади ва бир қатор тўлиқ ёд бўлади. Кейинги қаторларни ҳам худди шундай услубда ёдланади. Ярим саҳифа бўлганда, шу услубда (уч марта қараб ва етти мартагача ёддан ўқиб) битта жамланади. Мана шунда жами йигирма (20) марта ўқилган бўлади. Ва бир саҳифа бўлганда, шундай шаклда яна бир жамланади ва барчаси бўлиб ўттиз (30) марта бўлади. Бунинг учун ярим соат вақт сарфланади ва бир саҳифа тўлиқ ёд бўлади (иншаАллоҳ).
4-курс талабаси
Йўлдошбек қори Нуриддинов