Баъзи бир кишилар даволаниш сабр ва таваккал қилишга қарши ва қазои қадарга тан бермасликка олиб борувчи нарса, деган даъвони қиладилар. Бу нотўғри фикрни нафақат ихтилофли бўлган аъзоларни кўчириш борасида, балки умуман барча касалликларга боғлаган ҳолда гапиришади. Аслида эса бу фикр тамомила нотўғридир.
Зеро, даволаниш жоизлиги ҳақида келган ҳадиси шарифлар шуни кўрсатадики, бу даъво пуч ва илмсизликнинг оқибатидан юзага чиққан лағвдир.
Даволаниш қазои қадарни тан олмаслик эмас, балки ҳар бир мусулмон учун вожибдир.
Шундай экан, бу борада қўйидагича тавсияларни тақдим қилиш мумкин:
- Парҳез давонинг бошидир, дейди мусулмон табиблар. Улар бу ҳикматни Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларини ўрганиб, қасд қилинган маъноларни чуқур таъаммул қилиб, сўнгра зикр қилганлар.
- Ҳаром ила даволаниш жоиз эмас, дейдилар фуқаҳолар жумҳури. Аммо бу гапнинг тафсилоти бор. Ана ўша тафсилотни синчиклаб ўрганмаган одам бу масалани тушунмайди.
- Дам солиш ҳақида одамлар орасида ҳар хил гаплар юради. Ўша гаплар бир-бирига тамоман зид бўлишини яхши биламиз. Лекин Қуръон ила шариатимизга мувофиқ дам солиш жоиз ва ҳам жисмоний ҳам маънавий касалликларга шифодир.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ “Ҳадис ва ҳаёт” номли китобларида “Тиб соҳасидаги Ислом мўъжизаси”, “Исломий тибга ўхшаш тиб борми?”, “Табибларни имтиҳондан ўтказиш”, “Мусулмонларнинг тиббий кашфиётлари”, “Мусулмонларнинг тиббий китоблари”, “Доришунослик” каби мавзулар орқали аввалги мусулмонлар ўз динлари таълимотларига амал қилиб, бу соҳада эришган ютуқлари ҳақида сўз юритади. Ушбу маълумотларни ўқиш ҳар бир мусулмонда мавзу доирасида бир қанча илмга эга бўлишини таъминлайди.
- Замонавий тиббий муалажаларнинг барчаси ҳам шаръий эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, даволаниш борасида диний соҳа ходимлари билан маслаҳат қилиш ёки ислом тиббиёти масалалари ёритилган ўзбек тилидаги адабиётларни ўқиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, банда ўз саломатлиги билан ҳам синалади. Ана шундай ҳолатда ҳам шариат буюрган амалларни қилиб, қайтариқларидан четланган ҳолатда йўл тутиш дунё ва охиратда соадат топиш учун ёлғиз чорадир.
- Инсон тана аъзоларини бировдан бошқасига кўчириб ўтказиш бугунги кунда энг долзарб саналган масалалардан бири ҳисобланади. Чунки бундай масала Пайғамбаримиз замонларида бўлмаган, нафақат Пайғамбаримиз замонларида балки яқин даврларгача бундай тиббий амалиёт мавжуд эмас эди. Лекин ислом шариати мукаммал ва унда барча замонларда юзага келадиган масалаларга, албатта, ечим топилади. Фақатгина, бунинг учун Қуръон ва суннатни теран англаш ва олим-у уламоларнинг меросини чуқур ўрганиш талаб қилинади.
- Инсон тана аъзоларини бировдан бошқасига кўчириб ўтказиш мавзуси доирасидаги пластик жарроҳлик ёки тиш қўйдириш каби масалалар ҳам бугунги кунда замонамиз уламолари томонидан ечими топилган масаладардир.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қиёмат куни бандадан энг аввал сўраладиган неъмат, унга, сенинг жисмингни сиҳатли қилган эмасмидик, сени совуқ сув ила сероб қилган эмасмидик, дейилишидир”, деганлар.
Бу ҳадис барча умматга саломатликни сақлашнинг шариатимиз буюрган иш эканлигини билдиради. Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган неъматлар ичида энг аҳамиятлиларидан бири бўлгани учун ҳам соғлиқ неъмати ҳақида охиратда биринчи бўлиб сўралади. Шундоқ экан, банда бу нарсанинг қадрига етмоғи керак. Ундоқ неъматни берган зотга шукр қилмоқ керак. Неъматнинг шукри эса, уни берувчи зотга мақтов сўзлари айтиш ва неъматни неъмат берувчини рози қиладиган йўлда сарфлаш билан бўлади.
Соғлиқ-саломатлик неъмати муҳим бўлгани учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига ўша улуғ неъматни доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туришни амр этганлар.
4-курс талабаси
Акрам Бузурханов