Вазирлик ва давлат бошқарув идораларининг ОАВ билан алоқалари бўйича селектор ўтказган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов йиғилиш сўнгида қатнашчиларга топшириқ берди.
«Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари. Президентимизнинг мазкур қарорлари ижросини таъминлаш учун қуйидаги дастурларни амалга ошириш зарур бўлади. Биринчидан, вазирликлар, қўмиталар, республика даражасидаги ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимлик органлари бир ҳафта муддат ичида Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ахборот хизматларини тўлиқ ташкил қилиши керак.
Иккинчидан, ҳар бир ташкилотларнинг веб-сайт, ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги саҳифаларида ҳар куни камида уч марта — эрталаб, пешинда, кечқурун муҳим хабар берилиши шарт. Чунки ахборот ҳар дақиқада эскиряпти.
Учинчидан, ташкилотлар веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар орқали матбуот анжуманлари, брифинглар, медиа-турлар ўтказилиши борасидаги ойлик, чораклик, йиллик медиа режалари бўлиши шарт.
Тўртинчидан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вазирлик, ҳокимликлар билан ҳамкорликда ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказишни ташкиллаштириш.
Бешинчидан, ҳар бир ташкилотнинг ўз ижобий имижини шакллантириш учун сўровномалар ёрдамида доимий жамоатчилик фикрини ўрганиб бориши шарт. Бунга кўра журналист ва блогерларга ахборот етказиб бериш ва қабул қилинадиган норматив ҳужжатларида жамоатчилик фикрини инобатга олиш талаб қилинади», — дея Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Арипов ташкилотларга хорижий нашрлар учун ҳам ахборотлар етказиб бериш талабини қўйди ва бу учун веб-сайтларнинг чет тилларидаги версиясини ривожлантиришни талаб қилди. Шунингдек мамлакатдаги хорижий элчихоналар билан ҳам алоқа ўрнатиш ҳукумат раҳбари томонидан талаб этиб қўйилди, деб хабар беради kun.uz сайти.