islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Кечинмалар… Алвидо, эй Роббимнинг туҳфаси!

Алвидо, эй Рамазон Ойи!

Алвидо! Ошиқ маъшуқини нақадар муштоқлик билан кутса, биз ундан ўн карра, балки юз карра кўпроқ иштиёқ билан интизор бўламиз йўлларингда… Кун санаймиз йил бўйи. Айрилиқ онлари келганида эса…Эҳҳ, ўттиз кун ўттиз дақиқадек, балки ўттиз сониядек қисқа туюлади, назаримизда! Зеро сен севгилиларнинг энг севгилиси, у дунёи-бу дунёдаги севиш мумкин бўлган нарсаларнинг барчаси фақат Унинг юзи учун севиладиган, жондан, молдан ва ҳатто руҳимиздан кечиб севишимиз мумкин бўлган Ягона Зот – Ҳабиб бўлмиш Аллоҳнинг пайғомисан биз учун! Хос муомаласи, алоҳида ҳадясисан, эй муборак Рамазон! Фироқидаги севгилисидан бир йилда битта гул олган ошиқнинг ҳоли не кечади, шу гулга қовушган онида! Юраги ҳаприқиб, бутун танасида чумолилар югура бошлайди бехосдан. Қўлидаги гул дунёдаги энг қадрли, энг қимматбаҳо борлиқ гўё! Ўзи йўқ энди у ошиқнинг, унутади ўзини, борлигини, мавжудлигини… Қайсни йиғлатган Лайлонинг маҳалласидаги кўппак мисоли… Бирров фироқ оташига сув сепишингни айтмаса, аслида қалбимиздаги висолга бўлган интиқликни бадтар орттирасан. Сенинг ҳар ташрифинг муродимиз сари бир қадам яқинлаштиргани боис, ҳаяжонимиз алангаланиб, висолга бўлган интилишимиз жадаллашиб бораверади. Келишингни энтикиб кутамиз, кетишингда маҳзун кузатамиз! Кошки бизни ҳеч тарк этмасайдинг! Алвидо, алвидо эй Роббимнинг севган бандаларига йўллаган бебаҳо туҳфаси! Сенинг нақадар улуғ Зотдан туҳфа эканлигингни англамаган, ҳис қилмаган фаний дунё ошиқларининг вой ҳолига…

Алвидо, эй Тайёргарлик Мактаби!
Сени кузатарканман, вужудимни англаб бўлмас даражада ҳислар чулғаб олади. Фикрларим бир-бирига чалкашиб кетади, хаёлларим мисоли асов тулпор, узоқ-узоқларга олиб қочади. Кўксим ичра ёввойи кабутар янглиғ потирлаган бечора қалб, зора бу қафас ёрилсаю, сен билан бирга кетса… Баданимнинг асири руҳим эса, етим каби мўлтиллаб қолмоқда ортингдан. Уни фақат Сенинг ва Ўзининг Соҳиби бўлмиш Роббул Оламинга етишиш умиди, висол илинжи ушлаб туради мудом. Дарҳақиқат, аввал ҳам тан олганимиз каби, сенинг ҳар келишинг Эгамиз сари бир қадам ташлагандек бўламиз… Ҳар йили баданий-руҳий тарбиядан ўтиб, Висол тадоригини кўрамиз, Ўша Онга тайёрланамиз. Улуғ Девон олдида лойиқ туришнинг чораларини қидирамиз. Зеро, ўша висол зараримизга бўлиши дунё ва уқбодаги энг катта йўқотишдир. Нафақат энг катта йўқотиш, балки буткул йўқотишдир. Ундан кейинги ҳар қандай топиш йўқотишдан бошқа нарса эмас, аслида… Шу жиҳатдан қараганда, бу бир руҳий тарбия, руҳ йил давомида эришолмаган марраларни забт этиши, эгалланмаган чўққиларни эгаллаши, қўлга киритилмаган малакаларни қўлга киритиши учун тақдим қилинган алоҳида имтиёз, ўзига хос мактабдир…

Илк бор “Ўқи!” амри бу мактабда янгради. Асл Мураббийнинг ким эканлиги илк ва барчамиз учун қиёматга қадар ўрнак Талабага соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу мактабда маълум қилинди. Инсоннинг моҳияти бу мактабда уқтирилди. Одам руҳи нафсидан, маънавияти моддиятидан устунлигини ўргатилди бу дарсгоҳда. Билмаган нарсаларини кимдан ва қай услубда ўрганиши мумкинлиги билдирилди бу давр муассасасида. Бежизга Эгамнинг Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи ва саллам интиқиб кутмаган бу дамларни.

Бу мактабнинг саодатли битирувчилари руҳий оламда синфдан синфга ўтишади. Аввалига ёмон (аммора) ўқувчилар тинмасдан меҳнат қилиш орқали маломатга учраган (лаввома) ўқувчиларга, кейин эса ҳаракат ва иштиёқлари натижасида хотирини жамлаб олган (мутмаъинна), янада яхшироқ натижалар орқали Мураббийини рози қилувчи, ўзи ҳам Мураббийдан келган ҳар нарсага рози ва ниҳоят энг олий натижаларга юксалган битирувчи – Ҳазрати Инсон (софийя)! Умум ҳаёт мактабининг синфдан-синфга кўчиш даврига қиёсласак арзийди Рамазонни. Ёхуд имтиҳонларни топшириб, баҳолар олиш вақтига… Ҳар иккаласида ҳам ё ютамиз, ё ютқазамиз!

Алвидо, эй Ютуқлар Даври!

Ютган ютди Рамазонда. Бу ютуқнинг кўзга кўринадиган, қўлга ушланадиган томони кам, бироқ бу бир имтиҳон қозончи, имон ютуғи. Етти юз карра ва балки беҳисоб, ўлчов ва мезонларга сиғмас даражада катта ютуқлар. “Сиз бунинг мукофотини Менга қўйиб беринг, зеро бу амал фақат Мен учундир!” амрининг сири яширин ютуқлар мажмуаси. Дарвоқе, бунда ҳақиқий имон синалади. Ирода имтиҳон қилинади. Инсон ҳайвондан фарқланади. Энг оддий ва табиий эҳтиёжлар имон, эътиқод амрига кўра, ирода лашкари томонидан жиловланади. Маълум муддатларда маълум йўналишда бошқарилади. Истаклар тартибга солинади, майллар тизгинланади. Ақл назорат остига олинади. Ёвуз ҳис-туйғулар қуюшқон ичра чорасизликка маҳкум этилади.

Бу илоҳий ойда Руҳ Нафс устидан ғалаба қозонади. Қалб Баданни енгади. Ақл Ҳирсни ютади.. Инсон яралганидан бери давом этиб келаётган курашда Яхшилик Ёмонликка тантана қилади.

Бу ҳиссиётларни туймаган, хаёлида яшамаган, ҳаётида амал қилмаган бечораларнинг вой ҳолига. Рамазонни фақат очлик ва чанқоқликдан бошқа нарсани қўлга киритмасдан босиб ўтганларнинг минг афсус аҳволига…

Роббимизнинг ризолигидир ҳақиқий Байрам!

Ниҳоят баракот зинапоясининг энг юқори поғонаси, неъматлар гулдастасининг гултожи бўлмиш Рамазон Ҳайити! Байрам…

Байрам қачон байрам бўлади?!

Ғалаба қўлга киритилганида нишонланади байрам, албатта! Йўқса, Рамазондан аввалги аҳволимиз билан кейинги аҳволимиз бир хил бўлиб турса ёки Эгамизнинг наздида олдингисидан ҳам пастроқ ҳолатга тушиб қолган бўлсак, қанақа қиймат касб этиши мумкин бизга байрам?!

Байрам ўнгланишга эришган инсон учун байрамдир! Ўзлигига қайтган, нафсоний қутқулар исканжасидан буткул халос бўлган, разолатдан воз кечиб, фазилатлар сари йўналган юраклар шодиёнасидир асл Байрам! Ўнгга қараб юрганга берилади дафтари ўнг томондан, чунки у ўнг томон соҳибидир! Кимки Рамазонда чапдан ўнгга бурила олибди, ютибди…

Рамазонда Лаа илаҳаа… фоний дунёда инсонни боғлаб турган Нафс, Шайтон, Мол, Мулк, Дунё, Обрў, Эътибор ва ҳоказо беҳисоб илоҳлардан юз ўгира олган… Илла Аллоҳ… Ягона Аллоҳга юзланган руҳлар, ана ўшалар ютибди…

Рамазон анҳорида обдон чўмилиб, қабоҳат кирларидан фориғ бўлган покдомонлар, ана ўшалар ютибди… Бу муборак ойда ичидаги барча ғиллу ғашларни бир умрга улоқтириб, ҳақиқий ихлос мазасини тотганлар, ана ўшалар ютибди… Нафратдан қутилиб, Севгига эришганлар, лоқайдлик ботқоғидан чиқиб, бошқаларни қайғуришни ўрганганлар, ана ўшалар ютибди…

Рамазонда рангбаранг товланишдан воз кечиб, Аллоҳнинг ранги билан рангланганлар, ана ўшалар ютибди… Барча йўл ва йўналишларни бир четга суриб, Суннатий изни тутганлар, ана ўшалар ютибди… Жамики сўқмоқларни йиғиштириб, Муҳаммадий йўлни лозим тутганлар, ана ўшалар ютибди…

Жимжимадор либосларни тарк этиб Муҳаммадий жуббани елкасига абадий илганлар, ана ўшалар ютибди… Серҳашам ва сержило ҳаётни унутиб, Муҳаммадий яшаш тарзини ҳақиқий истиқомат деб билганлар, ана ўшалар ютибди… Турфа кўчаларда тентирашни бас қилиб, Муҳаммадий саллоллоҳу алайҳи васаллам кўчасида тўхтаганлар, ана ўшалар ютибди…

Бир сўз билан айтганда, кимки Роббининг розилигини топибди, ана ўша ютибди!

Кимки ютибди, ана ўша инсон учун байрам ҳақиқий Байрам бўлибди!

Аллоҳим, Рамазон ҳайитини барчамиз учун Ҳақиқий БАЙРАМ қилгин!

Аллоҳим, бу Байрамни, бу Ғалабани, бу Ютуқни барчамизга муборак қилгин!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Нигора Усмонова

145310cookie-checkКечинмалар… Алвидо, эй Роббимнинг туҳфаси!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: