islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЮНЕСКО ҲАМКОРЛИГИДА МОНОГРАФИЯ НАШР ЭТИЛДИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдовнинг “Ўрта Осиё сфрагистикасига оид материаллар (Тошкент. XIX охири – XX аср бошлари) Муҳрлар каталоги” номли илмий монографияси ЮНЕСКО ҳамкорлигида нашр этилди.

Мазкур монография муҳрлар босилган каталоглар тўплами бўлиб, 176 саҳифадан иборат. Баҳром Абдуҳалимов, Бахтиёр Бобожонов, Девин Девис, Ҳисао Коматсу, Шаҳин Мустафоев, Юрген Паул сингари халқаро таҳрир ҳайъати аъзолари томонидан таҳрир қилинган. Китобга фалсафа фанлари доктори, профессор Роиқ Баҳодиров, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов ва Санжар Ғуломовлар илмий муҳаррирлик қилишди. Лойиҳага профессор Дмитрей Воякин раҳбарлик қилди.

Муаллиф ушбу монография устида бир неча йиллар давомида илмий изланишлар олиб борган.

Мазкур илмий тадқиқот иши Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (ЮНЕСКО) ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган “Марказий Осиё халқларининг қўлёзма ва ҳужжатли илмий мероси” лойиҳасига мувофиқ, Марказнинг илмий кенгаши тавсияси асосида олиб борилди.

Нашр ишлари эса, Франциянинг Миллий илмий тадқиқотлар маркази ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кўмаги остида Германиянинг Герда Хенкел (“Gerda Henkel Stiftung”) фонди, “Инсон ва илмлар уйи” (la Fondation Maison des sciences de l’homme (FMSH) жамғармаси ижтимоий-гуманитар соҳадаги Фернанд Бродел стипендияси доирасида амалга оширилди.

Мазкур китоб Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган муҳрларнинг илмий ва танқидий тавсифини ўз ичига олади.

Китоб тарихчилар, манбашунослар, шарқшунослар, талабалар ва магистрлар шунингдек, Ўрта Осиё тарихига қизиққан мутахассислар учун мўлжалланган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
156230cookie-checkЮНЕСКО ҲАМКОРЛИГИДА МОНОГРАФИЯ НАШР ЭТИЛДИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: