Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни қурилиш соҳасига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Маълумки, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида бу ишларни ҳар томонлама чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу асосида лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Унга кўра, катта масжид, тўртта минора ва кенг айвонлар қуриш, хиёбон, унинг атрофида меҳмонхоналар ҳамда бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш кўзда тутилган.
Президентимиз тақдимот билан танишар экан, зиёратчи ва бошқа сайёҳлар учун қулайликларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шавкат Мирзиёев бугунги тақдимот чоғида мажмуани жаҳон андозалари даражасида сифатли қуриш, зиёратчиларга қулайликларни ошириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.
Тадбирда Ўзбекистон давлат санъат музейининг янги биноси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси буюртмаси билан дунёга машҳур япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, музейнинг мавжуд биноси ёнида айлана шаклида 3 қаватли янги иншоот қад кўтариши кўзда тутилган.
Бу қурилишнинг аҳамияти шундаки, музейнинг ҳозирги шароити билан мавжуд экспонатларнинг бор-йўғи 3 фоизини намойишга қўйиш мумкин. Янги иморат қурилгач, ушбу санъат даргоҳининг кўргазма майдони кенгаяди.
Музей биносини реконструкция қилиш лойиҳаси объектнинг тарихий қиймати ва яхлитлигини сақлаб қолган ҳолда меъморчиликдаги замонавий тенденцияларни ҳамда бугунги куннинг ижтимоий архитектурасини акс эттиради, пойтахтимиз кўркига кўрк қўшади.
Давлатимиз раҳбари 16 октябрь куни Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрганида бу ерда соҳа кластери ташкил этиш, ҳудудни қурувчилар массивига айлантириш лозимлиги юзасидан топшириқлар берилган эди. Шу мақсадда институт атрофидаги майдонлар ҳам қўшилиб, янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Унга кўра, олий таълим муассасаси ёнида қурилиш коллежи, қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази, лаборатория, ётоқхоналар, спорт мажмуаси ва бошқа объектлар барпо этилиши мўлжалланган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайди. Айниқса, кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолининг энг муҳим талаби қондирилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам шу каби ишлар режалаштирилган. Хусусан, Термиз шаҳрининг Беруний кўчасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, масжид, меҳмонхона, турар жойлар, маҳалла гузари ва кўплаб тадбиркорлик субъектлари жойлашган. Мазкур марказий кўчанинг янги лойиҳасига кўра, реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилади. Денов туманининг Нурли манзил ва Лочин маҳаллаларида энергия тежамкор кўп қаватли уйлар, ижтимоий муассасалар барпо этилиши кўзда тутилган.
Тақдимотда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари шу йил 12 июнь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан, Тошкент туманининг бир қисмини Олмазор туманига ўтказиб, янги турар жойлар ва корхоналар барпо этиш таклиф қилинганди.
Бугун тақдим этилган лойиҳага биноан, 200 гектардан зиёд ушбу ҳудудда 150 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, болалар боғчаси, истироҳат боғи, тижорат зонаси қурилиши кўзда тутилган.
Яна бир лойиҳа пойтахтимиздаги “Наврўз” қабуллар уйидан самарали фойдаланишга оид. Ушбу мажмуани капитал таъмирлаб, Давлат иштирокидаги корхоналарни соғломлаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда тадбиркорларга маълумотлар очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этилади.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Темурбеклар мактаби қурилишига доир тақдимот билан ҳам танишди ва зарур кўрсатмалар берди.