islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ўғирлик”

Инсон, табиатан ўғри ҳисобланади, хулқ ўғриси. Идеал ҳисоблаган одамининг хулқ-атвор, характерини ўзиники қиволади. Дўсти бўлса, ундан пул сарфлаш услубини оволади, устози бўлса, чой хўплаб дастурхонга қўйишигача тақлид қилади. Машҳур одам бўлса, юриш-туришини унга мослай бошлайди, гапираётиб кийимини муттасил тўғирлаб турса, унинг ҳам қўли, ёқаси ёки тугмасига бориб келаверади.

Бир курсдошим бўларди. Иттифоқо, дарсдан кейин ишга кирди. Гапираётиб бўйнини олдинга чўзадиган одат чиқарди. Бу қилиқ бошлиғининг мимикаси эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шогирдларининг кўпини кўрдим. Биттасида олимнинг табассумини кўрдим, бошқасида маъруза чоғи қўл мимикаси ва гапириш услуби, ҳиссиётга берилмай босиқ гапиришини кўрдим.

Яқинда фейсбукда бир видео тарқалди. Ёш вазир Президентнинг ҳаракатларини такрорлаяпти. Қойил, сўз танлаш ва қўл ҳаракатлари, ҳар замон минбар микрафонини ушлаб қўйишлари ҳам айнан бир хил.

Буларнинг ҳаммаси, ўзидан юқори деб билган одамига бўлган муҳаббатни билдиради. Ўзи сезмаган ҳолда, ихлос қўйган одамининг хулқий ва халқий характерини ўзлаштирганини англатади.

Ақлнинг бошқа ақлга таслим бўлиши натижасида, ундан одатларни ўғирлашига сабаб бўлади.

Эътибор берганмисиз, эр-хотин ҳам йил ўтган сайин бир-бирига ўхшаб боради. Чунки, улар ҳам йиллар давомида оила ва фарзандлари билан содир бўлган воқеаларда бир хил ҳиссиётни бошдан кечиради. Бир хил фикрлайди, вазиятларга, эр ё хотин бир-бирига монанд реакция билдиради. Вақт ўтиб гапирмасдан бир-бирини тушуниб, нима хоҳлаётганини сеза бошлайди. Ўхшатмасдан учратмас, қовун-қовундан ранг олар каби мақоллар неча йиллар елкадош бўлиб, бир-бирига ўхшаб кетган одамлар тўғрисидадир, балки. Фарзандлар ҳам шу, отасидан одатларни андоза олади.

Албатта, мукаммал ҳисобланган инсоний қоидаларда, барибир истисно ва камчиликлар бўлади.  Фикр ва хулосалар мутлоқ ҳақиқатликка ва ўзгармас қонуниятга ҳеч қачон даъво қилолмайди. Булар, шунчаки, кичик кузатиш натижалари, кимдир, инсонлар ўртасида бу ўхшашликни бошқача ракурсда кўрган бўлиши мумкин. Улар, биз айтган мулоҳазаларнинг тамоман тескарисини гувоҳи бўлишгандир, эҳтимол.

Кузатишим хулосасида шуни айтаманки, ким суннатларни бажарса, у албатта, Пайғамбар алайҳиссаломга ўхшаб боради. Ўз сиймосида набавий хилқатни акс эттиради.  

Ишонинг, яхши инсонларнинг хулқини “ўғирлаб олганлик” учун савоб берилади. Энди, яхши одамлар билан бирга юриб, суҳбатларидан баҳра олсак бўлгани, ўз-ўзидан, сезмаган ҳолда “ўғрилик” қила бошлаймиз.

Яхшилар билан бирга юриш эса, алоҳида бошқа мавзу. Балки бу мавзуда ҳам мақола тарзда мулоҳаза ёзармиз.

Сиз нима дейсиз, биз сўз юритган “ўғрилик” ҳақида ўз фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Моҳир

215410cookie-check“Ўғирлик”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: