Таҳририят электрон манзилига келган бир мактуб жуда таъсирли. Хат муаллифи халқимизнинг урф-одатлари билан боғлиқ энг оғриқли мавзулардан бирини кўтарган.
«Ассалому алайкум. Яқинда маҳалламизда бўлган бир иш сизга мактуб ёзишга ундади. Мактубимни эълон қилсангиз, балки инсонлар ундан хулоса чиқарар.
Ёши олтмишга бориб қолган маҳалладошимизнинг уч ўғли бор эди. Тўнғич ўғли бундан 10 йилча аввал 19–20 ёшларда буйрак қуриши касаллигига чалинади. Шифокорлар донор бўлса йигитни хорижда арзонроққа операция қилиш мумкинлигини, акс ҳолда буйрак топиш учун катта пул керак бўлишини айтишади.
Ўртаҳолдан паст даражада бўлган отада айтарли маблағ ҳам, яшаб турган уйидан бошқа сотиб пул қилса бўладиган мулк ҳам йўқ эди. Қариндош-уруғ ва маҳалла аҳлидан ҳам операция учун керак бўладиган катта маблағни топиб бўлмасди.
Ўша кезларда вилоят марказларида қон тозалайдиган тиббий ускуналар йўқ, ота-она ўғлини Тошкентга олиб бориб келишга ҳам маблағ топа олмасди. Шу тариқа улар йигитнинг жони узилгунча эзилиб ўтиришдан бошқа чоралари қолмайди.
Йигит вафот этгач, эртаси кундан маъракалар бошланди. Бемор уйида ётганида унинг ҳолидан хабар олишга ярамаган узоқ-яқин танишлар, қариндошлар энди фотиҳахонликка келишарди.
Жанозага уч кун бўлганда қўй сўйиб «худойи» қилишди. Ундан кейин пайшанба ва якшанба кунлари фотиҳахонликлар бўлди. Сўнг яна битта қўй сўйиб «қирқи»ни ўтказишди. Кейин «ўликифтор», йил ўтиб «йилоши» қилинди. Йигитнинг даволаниши учун ёрдам бермаганлар унинг маъракаларини ўтказиши учун отасига қарзга пул топиб беришди.
Орадан 5 йил ўтиб иккинчи ўғилда ҳам иккита буйрак қуриди. Акаси билан содир бўлган барча ишлар у билан такрорланди. Ота унга буйрак ўрнатиш ёки даволаниб туриши учун маблағ топа олмади. Аммо вафот этгач, жанозадан сўнг ўтказиладиган барча маъракалар учун пул топилди.
Оила бошига тушадиган синовлар тугамаган экан, яқинда учинчи ўғилда ҳам иккала буйрак қурий бошлабди. Отанинг чорасизликдан боши қотган. Она эса ўғли учун буйрагини беришга тайёр, фақат йиғлайди. Мабодо буйраги ўғлига мос тушмаса яшаб турган уйини сотиб бўлса ҳам ўғлини даволатишга аҳд қилган.
Ота охирги йилларда Ҳиндистонга бориб буйрак қўйдирганларни топиб йўл-йўриқларни сўради. Сўнг мевазор боғини ва ҳовлисининг ярмида шу касал бўлган ўғли учун қурилган уйни сотди. Аммо ўшанда ҳам режадаги маблағ бўлмади. Сафарга жўнаб кетишдан олдин эса…
Маҳалладошим жўнаб кетганда мен уйда эмасдим. У «сафарга чиқишидан аввал қон чиқариш керак», деб бозордан қўй сотиб олибди. Сўнг уни сўйиб, дастурхон ёзибди ва маҳалла аҳлига эҳсон берибди. Сафардан қайтиб бу хабарни эшитгач биров бошимга гурзи билан ургандай бўлди.
Тўнғичи ва ўртанча ўғли дардга чалинганда уларни даволатиш учун маҳалладошим пул топа олмаганди. Кенжа ўғлини даволатишга ҳам одамлардан қарз ва ёрдам сўраб пул тополмагач, боғи ва мулкини сотди. Қолаверса, ҳали ўғлига янги буйрак қўйдиргандан кейин ҳам кўрикка бориб келиб туриш учун унга анча маблағ керак бўлади.
Шунинг учун ҳозир маҳалладошим бир сўмни ҳам тежаб ишлатиши лозим. Аммо у буни ўйламай «сафарга чиқишимдан олдин қон чиқаришим ва эҳсон беришим керак», деб ҳалитдан пулнинг бир қисмини сарфлаб юборяпти.
Агар маҳалладошимнинг бошига оғир кун тушмаганида ва у оиласи эҳтиёжидан ортган пулига эҳсон қилиб берганда баракалла дердим. Аммо ҳозирги ҳолатда унинг эҳсон қилишини нима деб аташни билмайман.
Менга энг ёмон таъсир қилгани, маҳалладошим ўғлининг дардида нима қилаётганини билмаяпти. Аммо чорасизликдан мол-мулкини, ерини сотиб ўғлини даволатишга олиб кетаётган одамга маҳаллада ҳам «бу ишинг тўғри эмас», дейдиган киши топилмабди. Маҳалладошлар унинг иши нотўғри эканлигини айтмагани етмагандай, эҳсонга бориб қўй гўшти ва ёғидан пиширилган ошни паққос туширишибди.
Бугун катта дабдабалар билан тўй қилаётганларни тушунса бўлар, кўпчилик бу учун бир неча йил пул йиғади, тайёргарлик кўради. Аммо касаллик ва ўлим қўққисдан келади ва ўша пайтда исталган одамнинг қўлида маблағ бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ҳолатда бошига оғир кун тушган одамга имкони етгунча ёрдам бериш ўрнига, унинг ўринсиз қилаётган маъракасида қатнашиб, ошини ейиш — бу инсофсизликдан бошқа нарса эмас».
Ушбу мактубни ўқиб кўз ўнгимдан боласининг таълим-тарбиясига эътибор бермасдан маъракабозликни яхши кўрадиган, қўшниси оч-юпун ўтирганда таниқли машшоқни олиб келиб, катта пул сарфлаб кўпкарилик тўй берадиган юртдошларим ўтди.
Бугун Ўзбекистоннинг исталган қишлоғига бориб, дуч келган хонадонга кириб сўранг — ювинадиган жойнинг ўзи йўқ, бори ҳам бир аҳволда. «Ҳа энди одамларнинг қўли калта, ҳаммом қуриб, унинг ичини тузукроқ қилиб жиҳозлашга пули йўқ, нима қилсин?» дейишингиз мумкин.
Аммо аксарият одамлар фарзанди соғлом ўсиши учун лозим бўлган ҳаммомни қуриб, жиҳозламайди, бостирмада ювинади. Лекин боласининг суннат тўйида қарз олиб бўлса ҳам дабдабали ош беради. Агар хоҳласа битта «маъракача»нинг пули ҳаммом қилиб қўйишга етади.
Қизчаси касалманд, аёлини соғлиғи ҳам ҳаминқадар, уларнинг даволаниши учун пул сарфламайди, лекин ўғлининг суннат тўйини зўр қилиб ўтказиш учун йиғяпти.
Боласи арзимаган пул турадиган китобга ёки ойига арзимаган тўлови бўлган қўшимча тўгаракка пул сўраса бермайди. Аммо одамлардан ортда қолмай, дея кераксиз маъракага бир дунё пул сарфлайди.
Ўзи маҳаллада кам таъминланганлар рўйхатида туради, лекин отаси ёки онаси қазо қилса аза маросимларини қарз олиб бўлса-да, элдан кам қилмасдан ўтказади. Ана шундай ҳолатда «сиз шу маъракаларни енгилроқ ўтказаверинг, фалон-фалон маъракаларни қилмасангиз ҳам бўлаверади» деб насиҳат қилинса «бошқалардан менинг нима камим бор?» деб қовоғини уяди.
Ўтган йил пандемияда махсус комиссия тўй ва бошқа маъракалар 30 кишидан ошиқ бўлмаган ҳолда ўтказилишини белгилаганда 80 га кирган чолнинг туман ҳокимлиги биносига жанжал қилиб келганига ўзим гувоҳ бўлганман. У ҳокимдан неварасининг суннат тўйига кўпроқ одам чақиришига рухсат берилишини сўраб келганди.
Биз маъракабозлик касаллигига кеча ё бугун чалинмадик. Бундан 100 аввал ҳам шундай бўлганмиз. Таниқли маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий 1915 йилда ёзган «Бизни кемиргувчи иллатлар» мақоласида айнан халқнинг маъракабозлигини ҳам танқид қилганди.
«Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур. Шаҳарларда ўртаҳол, яъни ўтурарға хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сўмдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур?
Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияға исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар. Бу девоналикни у тарафи эмасми?» деб куюниб ёзганди Беҳбудий.
Гапнинг индаллоси шуки, бу халқни маъракабозлик балосидан қандай қутқариш мумкин, билмайман. Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин дейишдан ўзга чора йўқ.
Шуҳрат Шокиржонов