islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мазҳаббоши Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг қабри қаерда?

Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал жамоанинг тўрт буюк фиқҳий йўналишидан бири – Моликийлик мазҳабининг асосчиси, Мадинаи мунаввара имомидир.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг туғилган санаси ҳақида турли фикрлар бўлиб, улар ичида имом Заҳабийнинг “Сияр”даги қавлига кўра, энг ишончлиси ҳижрий 90 (мелодий 709) йили табаъа тобеинлар даврида Мадинаи мунаввара шаҳрида туғилган.

Имом Молик дарс беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидида бошлаганлар. У киши табаррукан ҳазрати Умар ўтирган жойда ўтирар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд яшаган уйда яшарди. Шу тариқа улар яшаган муҳитда бўларди.

Имом Молик Мадинаи Мунавварадан бошқа ёққа чиқишни асло ёқтирмас эдилар. Ҳатто халифалар илтимос қилиб, Ироққа келишларини сўраганда ҳам рози бўлмаганлар. У киши Мадинаи мунаввара ичида доимо пиёда юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуссалари кўмилган шаҳарда улов минмайман, дер эдилар.

Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ илмий изланишлари билан бир қаторда савдо билан ҳам шуғулланган. Буюк имом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарларига бўлган юксак муҳаббати сабаб Мадинадан узоқ кетмай яшади. У киши то умрининг охиригача Мадинада қолдилар. Умрининг сўнгги дамида йигирма икки кун бемор бўлди.
Исмоил ибн Абу Увайс шундай деган: Имом Молик касал бўлиб қолди. Яқинларидан ўлими олдидан нима деди, деб сўрадим. Улар: шаҳодат калимасини айтгач, Рум сурасининг

“لِلَّهِ الْأَمْرُ مِن قَبْلُ وَمِن بَعْدُ”

“Аввалу охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир”, оятини ўқиб жон берди, дейишди.

Имом Молик касаллик туфайли 179 ҳижрий (милодий 803) йилда 89 ёшида Робиъул аввал ойининг ўн тўртинчи куни, душанба тонгда вафот этди. Унинг жанозасини Амир Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳошимий ўқиб берди. У зот Мадинаи мунавварадаги Бақиъ қабристонига дафн этилган. Ўрта асрларнинг охирларида у зотнинг қабри устига кичик зиёратгоҳ, мақбара қурилган бўлса-да, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг 1926 йилги Ислом тарихига оид кўплаб маданий мерос ёдгорликларини бузиш кампанияси пайтида вайрон қилинди. 1932 йилга келиб Бақиъда Имом Молиқ раҳматуллоҳи алайҳ қабрини билдирувчи белги, тошлар қўйилди.

Бақиъ қабристони (مَـقْـبَـرَة ٱلْبَقِيْع) — Мадина шаҳридаги қабристон бўлиб, Масжиди Набавийнинг жануби-шарқида жойлашган. Бақиъ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оила аъзолари ва саҳобалари қабрларини ўз ичига олган мусулмонларнинг илк қабристонидир.

Бақиъ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб қариндошлари ва саҳобалари дафн этилгани учун Маккадаги Муалла қабристони билан бир қаторда Ислом тарихидаги муҳим маскан ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 622 йил сентябрида Маккадан Мадинага келганларида, Бақиъ араб чўлларида усувчи тиканли бўталар билан қопланган ер эди. Маълумотларга кўра, ҳижратдан сўнг Бақиъ атрофида уйлар қурилиб, одамлар гавжумлаша бошлади. Ўша ердаги тиканли бўталар, дарахтлар тозаланди ва Мадинада вафот этган мусулмонларнинг бўлажак қабристони бўлиши учун жой тайёрланди.

Шунингдек, Ал-Бақий шарқий томони хурмозор, ғарбий томони эса одамларнинг уйлари бор эди. Бақиъдаги мақбаралар бузиб ташлашидан олдин қабристон шаҳардаги уйларнинг орқасида жойлашган эди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

297430cookie-checkМазҳаббоши Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг қабри қаерда?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: