islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломдан бошқа динларда талоқ

Талоқнинг маъноси. Талоқ сўзи (насара бобидан) масдар (иш ҳаракат номи) бўлиб, луғатда қайдни кўтариш, озод қилиш, айрилиқни ихтиёр қилиш каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда, тезлик билан никоҳ ришталарини узишдир.

Талоқ луғатда қайдни кўтариш, фақиҳлар истилоҳида, никоҳ битими(ижоб ва қабул)ни махсус лафзлар воситасида кўтариб, никоҳ риштасини тугатиш номига талоқ” дейилади[1].

Талоқнинг ҳақиқати. Талоқ ийжоб ва қабул ёрдамида икки бегона эр ва аёл ўртасида пайдо бўлган муҳаббат ришталарини тугатувчи ҳукмлар мажмуасидир. Бир жону бир тан бўлган эр-хотин қалбида куртак ёзган орзу-истаклар талоқ орқали парча-парча бўлиб кетади. Талоқ ҳар бир қавм ва элатда мавжуддир. Лекин, бизнинг шариати исломиянинг покиза ҳаёт низоми бошқа дин кўрсатмаларидан тубдан фарқ қилади. Исломий талоқ дастурининг қадру қиммати бошқа дин ва миллатларда мавжуд талоқ низоми билан солиштириб кўришда намоён бўлади. Шу боис исломий талоқ низомига киришишдан олдин бу борада бошқа динлар тутган йўлларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Яҳудий динида талоқ. Мусо алайҳис саломга юборилган шариатда талоқ мубоҳ амаллардан ҳисобланган. Талоқнинг буткул тасарруфоти эркак қўлида бўлган. Бу борада аёл кишига ҳеч қандай ихтиёр берилмаган. Масалан, бир киши бир аёлга уйланса ва унга нисбатан ҳеч қандай илиқлик пайдо бўлмаса ё аёлнинг бирор айбини билиб қолса, ҳеч қандай таъаммулсиз талоқ қағозини ёзиб аёл қўлига тутқазиб, уйдан ташқарига чиқариб юборган. Аёл аввалги эри уйидан чиқиши билан бошқаларга турмушга чиқиши мумкин бўлган. Ажрашган эр-хотин умрбод бир-бирига ҳаром бўлган. У иккисини бир-бирига ҳалол қилиш чораси бўлмаган. Яҳудийларда талоқ сўз билан эмас ёзма тарзда амалга оширилган. Талоқ беришда эркак кишига ҳеч қандай монеликлар бўлмаган. Лекин, яҳудийлар кейинчалик кўплаб монеликларни ишлаб чиққанлар[2].

Насороларда талоқ. Яҳудийларни акси ўлароқ асл исоийларнинг динида эрга ҳам, хотинга ҳам талоқ қилиш ихтиёри берилмаган. Талоқ ҳаром амал ва гуноҳи кабира деб тушунилган. Яҳудийлардан бир гуруҳлари Исо алайҳиссалом ҳузурига келишиб“Эркак киши ўз аёлини бирор сабабга кўра талоқ қилишга ҳаққи борми”? деб, савол бердилар. Исо алайҳиссалом уларга “Аллоҳ таоло эркак ва аёлни жуфт-жуфт қилиб яратди” деган оятни ўқимаганмисизлар” деб, сўзида давом этди. Шунинг учун ҳам эр ўз ота-онасидан ажралиб, бир аёл билан ҳаёт кечиради ва у иккиси орасида муҳаббат пайдо бўлиб, ҳатто бир тана-ю бир жон бўлиб кетадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни бирга қилди. Аллоҳ таоло уларни бирга қилгандан кейин эр-хотин бир-биридан ажрашиши мумкин эмас. Улар берган саволларига жавоб олганларидан кейин“Унда нима учун Мусо алайҳиссалом ёзма талоқ беришга рухсат бердилар” деб сўрадилар. Уларга жавобан Исо алайҳиссалом“Сизларнинг қалбларингизда қасоват бўлгани боис аввалда талоқ қилишга ижозат бўлмасада, Мусо алайҳиссалом жазо тариқасида аёлларингизни талоқ қилинглар деб, буюрдилар” дедилар. “Фатҳул мулҳим”да Инжилдан қуйидаги Исо алайҳиссаломнинг сўзлари нақл қилинган“Қайси шахс ўз аёлига талоқ қўйиб, бошқа аёлга уйланса, зино қилган бўлади ва қайси аёл талоқ қўйилиб бошқа эрга тегса, зино қилган бўлади”. Умуман олиб қаралганда Христиан динида талоқ қатъий ман қилинган амаллардан ҳисобланган ва бошқа томондан кўпхотинлик ҳам таъқиқланган. Унинг натижаси шу бўладики, икки бир-бирига мос келмайдиган эркак ва аёл никоҳланса, у иккаласи христианлик динига кўра ажрашиши қатъий ман қилинади ва иккалаларини ушбу ҳаёти (доимо бир-бири билан урушишлари натижасида) дўзахга айланади. Бундан бошқа ўзга хулоса қилиб бўлмайди.

Ислом дини талоқга рухсат берган эди, баъзи насронийлар унга эътироз билдириб: “Бу аёлга зулм” дедилар. Қачонгача талоқга рухсат берилмайди. Чунки талоқга рухсат бермаслик ғайрифитрий иш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам насронийлар асл китобларида келган талоқ борасидаги ҳукмга амал қилмай, аста секинлик билан талоқга доир қайтариқларни бузишга уриндилар. Зино ва турли ёмон ишлар қатори талоқ ҳам черков рухсати билан амалга оша бошлади. Оммавий халқ тазйиқи остида черков талоқ бериш асосларини секин асталик билан кўпайтира бошладилар. Кейинчалик талоқ беришга қўйилган сабаблар беҳад кўпайиб кетди. Бу вақтда талоқ ихтиёри ҳали ҳам черков тасарруфида эди. Талоқ борасида эр-хотинда ҳеч қандай ихтиёр йўқ эди. Эр-хотин бир-биридан ажрашиш мақсадида черковларга мурожаат қиласалар, черков ўзи тўғри деб топган сабабларга қараб ҳукм қилар эди. Лекин, имкони борича роҳиблар Инжилда келган асл ҳукмга амал қилишга уринар эдилар. Шунинг учун улар томонидан оз сонли кишиларгагина талоқ билан ҳукм қилинар эди. Европада иккинчи уйғониш даври содир бўлгандан кейин омма халқ талоқни черков тасарруфидан ўз ихтиёрларига ўтказишга уриндилар. Натижада, талоқ черков роҳиблар тасарруфидан давлат судлари ихтиёрига ўтказилди ва бениҳоя ажрашиш сабаблари кўпайиб кетди. Охир оқибат эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам талоқ масаласи юзасидан судларга мурожаат қила бошладилар. Эр-хотиндан қайси бири бир-бирига ёқмай қолса, эр ё хотин судга бориб “эрим ё хотиним менга ёқмай қолди ажрашишни хоҳлайман” деб мурожаат қиларди. Суд эса, уларни бир-бирига ёқмай қолганини сабаб қилиб кўрсатиб ажратиб юборар эди. Натижада, ҳозирги кунга келиб европада ажрашиш миқдори жуда ошиб кетди. Шарқий давлатларда истиқомат қилувчи одамлар бу тартибда ажрашишни ҳаёлларига ҳам келтира олмайдилар. Европада никоҳ ҳали ҳануз жар ёқасида қолиб келмоқда[3].

Ҳиндуийликда талоқ. Ҳиндуийлик динида талоқ қилишга умуман рухсат берилмайди. Ҳатто, аёлини зино устида ушлаб олса, уйидан ташқарига чиқариб қўйса, қўяди. Лекин, талоқ қила олмайди. Шу боис ҳам баъзи ҳиндлар бу ҳукмни ижросида танглик ҳис қила бошладилар. Баъзи ҳиндуий динига эътиқод қилувчи қабила эркаклари зарурат юзасидан аёлига талоқ қўйиш мақсадида браҳманларга мурожаат қилардилар. Шулар сирасига жанубий Ҳиндистонда истиқомат қилувчи ҳиндуий таълимотидаги гуруҳларни келтириш мумкин. Лекин, шимолий Ҳиндистонда яшовчи цивилизациядан орқада қолган ҳиндуийлар талоқни умуман ножоиз иш деб тушунадилар[4].

Жоҳилият давридаги талоқ. Жоҳилият даври низомига кўра эр ўз аёлига юзтагача талоқ бериши ва яна уни ўзига қайтариб олиши мумкин эди. Қози Саноуллоҳ соҳиб ўзининг “Тафсири мазҳарий” асарида Имом Бағавий Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривоятларини нақл қилганлар“Ислом аввалида одамлар беҳисоб талоқ қўйишга одатланган эдилар. Баъзи кишилар аёлларига талоқ қўйиб, улар иддаларини тугатай деганда ўзларига қайтариб олиб, яна талоқ қўйиб юборар эдилар. Бу ҳолат аёлга зулм бериш мақсадида қайта-қайта бажарилар эди. Эркаклар ўз аёлларини жуда ёмон кўрсалар никоҳ ва талоқсиз муаллақ ҳолатда ушлаб туришга уринар эдилар[5].

 

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Баҳромов  Жўрахон

[1]  Имом Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. – Миср, Дорус-салом. 2012. – Б. 810

[2]  Шайх Шаббир Аҳмад Усмоний. Фатҳул мулҳим. – Байрут, Дор иҳяу турос ал-арабия. 2006. – Б. 130

[3]  Шайх Шаббир Аҳмад Усмоний. Фатҳул мулҳим. – Байрут, Дор иҳяу турос ал-арабия. 2006. – Б.131-132

[4] Шайх Шаббир Аҳмад Усмоний. Фатҳул мулҳим. – Байрут, Дор иҳяу турос ал-арабия. 2006. – Б.130

[5] Шайх Саноуллоҳ. Тафсири Мазоҳирий. – Ҳиндистон. Мактаба ал-исломия. 2001. – Б.233-235

304460cookie-checkИсломдан бошқа динларда талоқ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: