islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Имомлар қуёши” Ҳалвоий

Мовароуннаҳр Ҳанафий мазҳабиниг қалъаси деб аталган даврда фиқҳ мактабининг тараққий этишида улкан ҳисса кўшган, ўз даврида ҳанафий мазҳабининг пешволаридан бўлган буюк фақиҳ ва аллома, ақоид, тафсир ва хадис илмининг етук билимдони, ўз даврида биринчилардан бўлиб “Шамсул  аимма” (имомлар қуёши) унвонига сазовор бўлган зот – Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал-Ҳалвоний ал-Бухорийдир. Алломанинг нисбати баъзи манбаларда Ҳалвоий баъзисида, Ҳалвоний кўринишида келади. Масалан, Абдулҳай Лакнавий Шамсул аимма Ҳалвоийнинг бу тахаллусини ширинликлар билан боғлиқ деб ҳисоблаб, “ҳалвосозлик” касбига мансублигини келтиради. Баъзи уламолар Ҳалвоний сўзи охиридаги “нун” ҳарфи ўрнига “ҳамза” билан айтилади, деб айтганлар. Агар бу исм “фатҳа” билан айтилса Шамсул аимма Ҳалвоийдир, агар “замма” билан айтилса, Ибн Имрон ибн Алҳоф ибн Қудоъа назарда тутилади.

Ҳалвоий Абдурроҳман ибн Ҳусайн Котиб, Аби Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Макий Анмотий, Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжор Ҳофиз, Солиҳ ибн Муҳаммад ва бошқа кўплаб муҳаддислардан ривоят қилганлар.

Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ал-Ҳалвоий Бухоро аҳлидан бўлиб, ўз замонасининг ҳанафий мазҳаби пешволаридан, шайх, буюк муҳаддис, фатво соҳиби ва ўз диёрларининг раъй илмининг энг катта уламоларидан эдилар, лақаблари  “Шамсул аимматул Аввал” ( биринчи бўлиб имомлар қуёши унвонига сазовор бўлган зот) эди.

Ҳалвоийнинг туғилишлари билан боғлиқ маълумот бирор бир манбада келтирилмаган.  Лекин, кўп манбаларда у зотни ХI асрда Қорахонийлар даврида яшаб фаолият кўрсатганликлари маълумоти берилган.

Насаблари ота томондан  Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толибдир.

“Тарихи Муллозода”да айтилади: “Ҳалвоий каромат  соҳиби эдилар. Бир киши бир кеча тушида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб деди: “Эй Расулуллоҳ, мени Аллоҳнинг авлиёларидан бирига иршод қилишингизни хоҳлайман”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб: “Мана ўша шахс мени  орқамдан  келаяпти” дедилар. Киши қараса, мавлоно Шамсул аимма Ҳалвоий бир катта гуруҳ билан бирга келаётган эканлар. Бомдод намозидан  сўнг ўзининг вақту-соатини Аллоҳ дўстининг мулоқоти ва жамолини кўриш бахтига муяссар бўлишига сарфлаш учун унинг масжидига бориб қоронғида ўтирди. Мавлоно Шамсул аимма азон айтиб ўтиргандилар, азондан фориғ бўлганларидан сўнг бу кишини чақириб: “Ўша тушни бошқа бирор кишига зинҳор айтмагин” деб буюрдилар.

Абдулазиз Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлар силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши қуйидагича келтирилган.

  1. Ҳусайн бин Хизр Абу Али ан-Насафий
  2. 2. Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл
  3. Абдуллоҳ ас-Субазмуний
  4. Абдуллоҳ Абу Ҳафс ас-Сағир
  5. Абу Абдуллоҳ Абу Ҳафс ал-Кабир
  6. Муҳаммад ибн аш-Шайбоний
  7. Абу Ҳанифа

Шогирдларидан, ўғиллари Муҳаммад ибн Абдулазиз, Шамсул аимма Сарахсий, Фахрул ислом Абул Юср Паздавий ва укалари Садрул ислом Абул Юср Паздавий,  Шамсул аимма Бакр ибн Муҳаммад Заранжарийлар бўлиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишганлар.

Вафотлари ва мақбараларини жойлашиш ўрни ҳақида турли ихтилофлар бор. Абу Саъд Самъонийнинг “Ансоб” (Насабнома) асарида Шамсул аимма Ҳалвоийнинг вафот этган санасини қуйидагича  кўрсатилган:

وتوفي سنة ثمان أو تسع وأربعين وأربعمائة بكس وحمل إلى بخارى

Яъни, Шамсул аимма Ҳалвоий 448 ёки 449 санада Кешда вафот этди, сўнг унинг жасади Бухорога олиб келинди.  Абдулазиз Ҳалвоий 448-449/1056-1057 йилда Кешда вафот этадилар, у кишининнг жасадлари Бухорога  олиб келиниб, “Калобод” (Гулобод) қабристонига дафн қилинади. “Мен у зотни қабрларини зиёрат қилдим”, дейди “Насабнома” китобининг муаллифи Абу Саъд  ас-Самъоний.

Вақтлар ўтиб, турли босқинчи ёвларнинг келиши натижасида масжидларимиз вайрон қилинган, чор Рассияси даврида қабристонлар бузилган. Булар орасида “Калобод” (Гулобод)  қабристони ҳам бузилиб, унинг ўрнидан уй-жойлар берилганлиги боис, Шамсул аимма Ҳалвоийнинг қабрлари ҳам уйлар ичида қолиб кетади.

Аждодларимизнинг моддий ва маданий меросларини қадрлаб, асраб- авайлаш мақсадида у кишининг қабрлари 2004 йили Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги “Шох Ахси” масжидига қайта кўчирилади ва обод қилинади.

Тошкент ислом институти

талабаси З.Наимова

333230cookie-check“Имомлар қуёши” Ҳалвоий

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: