islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ихлос сурасининг фазилати

Қуръони каримдаги барча 114 суранинг биз билган ва билмаган фазилат ва хусусиятлари бор. Биз булардан бири бўлган «Ихлос» сурасининг фазилатлари ҳақида сўз юритамиз. Бу борада бир нечта ҳадисларга мурожаат қиламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан бирини жангга юбордилар. У киши шерикларига намоз ўқиб берар ва намозини «Ихлос» сураси билан тугатар эди. Саҳобалар жангдан қайтишганидан сўнг мана шу бўлган ишни Расулуллоҳга зикр қилишди. Шунда Расулуллоҳ: «Ундан сўрангларчи, нима учун бундай қилди экан?», – дедилар. Улар бориб сўрашганида у киши: «Чунки бу сура Раҳмон бўлган Аллоҳнинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман», – дедилар. Бундан хабар топган Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Унга Аллоҳ таъоло уни яхши кўришининг хабарини беринглар», – дедилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, мен бу сурани яхши кўраман», – деди ва «Ихлос» сурасини ўқиди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сенинг бу сурага бўлган муҳаббатинг сени жаннатга киритади», – дедилар.

Имом Термизийдан ривоят қилинган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: “Расулуллоҳ алайҳиссалом билан юриб борар эдим. У зот бир одамнинг «Ихлос» сурасини қироат қилаётганини эшитиб: «Вожиб бўлди», – дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?», – дедим. «Жаннат» дедилар.

Демак, «Ихлос» сурасини юракдан, чин ихлос билан ўқисак, Аллоҳ бизни яхши кўраркан. Демак, «Ихлос» сурасини яхши кўрадиган бўлсак, унга бўлган муҳаббатимиз бизни жаннатга киритаркан. Демак, «Ихлос» сурасини холис Аллоҳ учун тиловат қиладиган бўлсак, бизларга жаннат вожиб бўларкан.

Шундай экан, «Ихлос» сурасининг тиловатида, унга муҳаббат қилишда бардавом бўлайлик. Аллоҳ таъоло каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин. Охиратда Қуръонни барчамизга шафоатчи қилсин.

ТИИ талабаси Ахмадилло Ғофуржонов

334380cookie-checkИхлос сурасининг фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: