islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фитналар давр одамларининг ҳолатига қараб бўлади

Фитна – синовлар ҳар бир замонда инсонлар оммасига хусусан, иймон аҳлига келиб турадиган Аллоҳнинг қонунларидандир.  Бу нарсадан солиҳликни даъво қилган ҳеч бир киши четда қолиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Одамлар иймон келтирдик дейишлари ила имтиҳон қилинмай тарк этилишларини ўйладиларми? Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак (Анкабут, 2-3) деб марҳамат қилган.

Бу нарса уларнинг мартаба, даражаларига қараб турли хил бўлади. Абу Аббос Ҳанбалий айтадилар: Фитналар ҳар замонда ўша замон одамларининг ҳолатига қараб бўлади. Биринчи фитна Усмон ибн Аффоннинг ўлдирилишлари бўлиб, бу энг катта фитнадир. Шунинг учун Имом Аҳмад ўзларининг Муснадларида келтирган марфуъ ҳадисда қуйидагилар айтилган:Учта нарса бор. Ким улардан нажот топса, ҳақиқатдан нажот топибди: менинг ўлимим, зулм қилинган Халифанинг ўлими ва дажжол”.

Умар розияллоҳу анҳу денгиздек мавж урадиган фитна ҳақида сўраганларида, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу у кишига: “Сен ва унинг орасида бир ёпиқ эшик бор”, деди. Умар: “Эшик очиладими ёки синдириладими”, деди. Ҳузайфа: “Балки синдирилади”, деди. Шунда Умар “Агар очилганда эди, тезда қайтарди”, деди.  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша эшик эдилар. Умар ўлдирилиб, Усмон халифа бўлди. У кишининг халифаликларининг охирги йилларида фитнанинг сабаби пайдо бўлди, ҳатто у киши ўлдирилдилар. Мана шу билан фитнанинг эшига қиёматгача очиқ қолди. Шунинг сабабидан Жамал ва Сиффин фитналари ҳам содир бўлди. У фитнадаги кишилар ҳеч кимга қиёс қилинмайди. Чунки улар ўзларидан кейин келганларнинг барчасидан афзалдирлар.

Ҳарра фитнаси ва ичида ўзларидан кейин келганларга қиёс қилинмайдиган кишилар бўлган Ибнул Ашъас фитнаси ҳам худди шундай. Ўша асрлардаги фитналарнинг содир бўлиши бу ўша аср аҳлининг бошқалардан ёмонлигида эмас, балки ҳар бир замонниг фитнаси ўша замон аҳлининг ҳолига қараб болади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Даврларнинг яхшиси мен юборилган даврдир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар даври, сўнгра улардан кейин келадиганлар даври”, деганлар. Улардан кейин бўладиган фитналар кишиларнинг ҳолатига қараб бўлади”.

Муторриф ибн Абдуллоҳ ибн Шажир: “Фитна инсонларни ҳидоят  қилиш учун келмайди. Балки мўминни динидан ғолиб чиқиш учун келади” деган эдилар. Фитна содир бўлган пайтда унга бўлғаниб қолишдан ва унинг таъсирига тушишдан сақланиб бўлмайди. Фақатгина фитнадан олдингидек динини маҳкам тутиб сабр қилган одамгина сақлана олади. Олим бу ҳақида яна қуйидагиларни айтадилар: “Суннат ва ҳадис аҳли уламоларидан бирортасидан ҳар қандай машаққатлар билан синалсалар ҳам, ҳар қандай фитналар билан фитналанган бўлсалар ҳам ўз сўзларидан, ўз эътиқодларидан қайтганликлари билинмаган. Балки бу нарсаларга бошқа инсонлардан кўра қаттиқроқ сабр қилганлар. Бу анбиёлар ва уларга эргашган Ухдуд аҳли  ва бу умматнинг салафлари каби мутақоддимларнинг ҳолидир. Шунинг учун Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бу ишда унга мусибат етмаган бирор кишига ҳавас қилманглар”, деган эдилар”.

ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

348350cookie-checkФитналар давр одамларининг ҳолатига қараб бўлади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: