islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Араб тили шаръий илмлар калитидир

“18  декабрь – Халқаро Араб тили куни” муносабати билан Тошкент ислом институтида Халқаро араб тили куни нишонланди. Тиллар кафедраси томонидан сана муносабати билан “Араб тили шаръий илмлар калитидир” деб номланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўқув ишлари бўйича проректор, кафедра катта ўқитувчиси Ёқубжон Бухарбаев, кундузги таълим факультети декани, кафедра катта ўқитувчиси Ибодулла Ахроров  ва кафедра мудири Улуғбек Ҳасанов, ўқитувчилар, кундузги ҳамда модуль таълим тизими талабалари қатнашдилар.

Байрам тадбирига  Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, Ал-Азҳар ва ТИИ профессори Шиҳата Абдурраззоқ Абу Шуша ҳамда “Гранд таълим” муассасаси араб тили ўқитувчиси мисрлик Муҳаммад Абдулазиз ташриф буюрдилар.

Меҳмонлар Араб тилининг бошқа тиллардан афзаллиги ҳамда араб тилининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маъруза қилишди.

Араб тилида олиб борилган тадбирда И.Ахроров томонидан талабалар ўртасида араб тили бўйича викторина ўтказилди ва топқир талабалар мукофотландилар.

Араб тил фақатгина араб диёрлари аҳолисининг мулоқот воситаси бўлибгина қолмай, бутун дунё мусулмонларининг ҳам умумий тилидир. Чунки, мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръон айнан шу тилда нозил қилинган. Кўплаб исломий ибодат ва маросимларни бажаришда шу муқаддас тилдан фойдаланилади.

Араб тилининг мавқеи ислом динининг дунё миқёсида кенг тарқалиши туфайли кўтарилди, чунки у кўп асрлар давомида мусулмонлар ҳукмронлик қилган ўлкаларда сиёсат, фан ва адабиёт тилига айланди.

Араб тили сомий тиллар оиласига мансуб бўлиб, унда 467 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Бу тил араб дунёсидан ташқари бошқа кўплаб яқин ҳудудлар аҳолиси орасида ҳам кенг тарқалган. Жумладан, Туркия, Чад, Мали, Сенегал, Эритрея, Эфиопия, Жанубий Судан ва Эронда. Шундай қилиб, у дунёдаги энг кенг тарқалган тиллар орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Расмий тил сифатида тан олинган мамлакатлар (жами 27 та) сони бўйича учинчи ўринда туради. Интернетда энг кўп қўлланиладиган тўртинчи тил ҳисобланади.

Шиҳата Абдурраззоқ Абу Шуша

Дунё цивилизация ривожига муносиб ҳисса қўшган Бухорий, Термизий, Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино ва бошқа кўплаб етук аллома аждодларимиз айнан араб тилида ижод қилган. Буюк тилшунос бобокалонимиз Маҳмуд Замахшарийнинг араб тили грамматикаси ва тилшунослиги бўйича “Унмузаж” ва “Муфассал” асарлари нафақат ўша даврнинг муҳим манбаси бўлган, балки ҳозир ҳам зарур қўлланма вазифасини бажармоқда. Мовароуннаҳр мутафаккирларининг бой илмий меросини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш учун бу тилни ўрганиш айни муддаодир.

Тошкент ислом институтида ислом илмларининг калити бўлган араб тилини мукаммал ўргатиш мақсадида Тиллар кафедраси ташкил этилган. Талабаларнинг ўзбек ва хорижий тилларни мукаммал ўрганишларини таъминлаш мақсадида кафедра 2001 йилда буён фаолият юритмоқда.

Кафедра Араб тили, Араб тили (муҳовара), Балоғат, Рус тили, Инглиз тили, Форс тили, Палеография, кодикология ва эпиграфика каби фанларни ўз таркибига олади.

Муҳаммад Абдулазиз

Кафедранинг асосий мақсади ўзбек тилида иш юритишни мукаммал биладиган, хорижий тилларда илмий-ижтимоий мавзуларда суҳбатлаша оладиган, Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва шаръий-илмий манбалардаги ибора ва матнларни ўқиб таржима қилиш, шарҳлаш салоҳиятига эга мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

Байрам якунида меҳмонларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди.

ТИИ Тиллар кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов

352740cookie-checkАраб тили шаръий илмлар калитидир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: