islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жаноза намозига оид масалалар | 1-қисм

Мухтасарул виқоя, Ҳидоя ва Тажҳизул амвот, Тадфинул ажсод (Жасадларни дафн этиш) ва бошқа асарлардан фойдаланиб жаноза билан боғлиқ масалалар тўғрисида маълумотлар бериб борамиз.

Ўлим ва дафн ишлари хаётда кўп учрайдиган муҳим жараёндир. Дафн маросимларининг ўзига яраша қонун-қоидалари, тартибу интизомлари ва одоблари бор.

Маййитни сўнги сафарга ҳозирлаш, ювиш, кафанлаш, жаноза ўқиш, дафн этиш ўта масъулиятли ва муҳим ишлардан ҳисобланади. Унда бир қанча фарз, вожиб, суннат ва жоиз бўлган амаллар мавжуд. Уларни билмоқлик фақат имомлар ва муллаларнинг гарданига юкланган иш эмас, балки оддий одамлар ҳам билиши зарур бўлган инсоний бурч ва вазифалар ҳисобланади.

Ўзининг ота-онаси, қариндоши ва яқин одами вафот қилса, уни охиратга кузатиш учун лозим бўлган барча ишларни шариъатга мувофиқ равишда адо қилиш муқаддас бурчдир.

Ўлими яқинлашган бемор

Ўлим хақ, ҳеч ким ундан қочиб қутила олмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Сўнгра (қиёмат куни) бизга қайтарилурсиз”-дея бандаларини огоҳлантирган.

Демак, ҳар бир туғилган жонзот борки, ўлмасдан ўзга чораси йўқ. Тақдири азалда белгиланган умр, ризқ поёнига етаркан ажали келиши ва ўлиши муқаррар. Ҳеч қандай куч, қувват ва қудрат ўлимни иложини топишга  ва бирон бир чораю тадбир қўллашга мулақо ожиздир.

Бир дардга йўлиқиши билан инсон Аллоҳ таолодан шифо сўраши билан бирга, ўлим хақлигини эслаб, унга тайёргарлик ҳам кўриши зарур.

Қўл ва оёқларини тирноқларини олиб, баданидаги ҳаром туклардан тозаланиб, соч ва соқолларини тартибга солиб бормоғи лозим.

Вафот этгач эса, ҳеч ким уни тирноқларини олиши ва тукларини тозалаши мумкин эмас. Мўйлови ўсган бўлса, қисқартирилмайди ва сочу соқоллари ҳам таралмайди. Бу нарсалар тириклар учун зийнат бўлиб, ўлган одам учун шарт эмас (Мавлоно Али Қори, Мухтасарул виқоя, 252-бет).

Ҳаёти охирлаб қолгани сезилган киши ўнг ёнига ёнбошлатиб, юзини қиблага қаратиб ётқизилади.

Бу иш суннатдир, агар буни иложи бўлмаса, беморга  қулай бўлган ҳолатда ётқизиш мумкин. Чалқанча ётқизиб, боши остига ёстиқ қўйилса , жон чиқиши осонроқ кечади дейилган.

Оёқлари совиб, холсизланиб, тиззасини кўтариб ёта олмаслиги, бурни қийшайиб, юзини ранги ўчиши, чакаклари тундлашиб, териси бўшашиб қолиши ўлим яқинлашгани аломатларидир.

Бемор ҳузурида унга эшиттирилиб шаҳодат калимаси: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан аъбдуҳу ва росулуҳу”, деб айтиб турмоқлик мустаҳаб амалдир. Лекин беморга

сиз ҳам айтинг дея буюрилмайди. Чунки, бу фурсатда шайтони лаъин васваса қилиб, уни иймонига чанг солмоқчи бўлиб пойлаб туради. Бундай қалтис вазиятда, жон аччиғида муборак калимани инкор қилиб қўйиш хавфи ҳам бор. Агар бир марта бўлса ҳам айтса ёки ғарғара қила бошласа талқин тўхтатилади.

Бемор ёнида”Ёсин” сурасини ўқилиши мустаҳаб амал бўлиб, жон берувчига катта манфаат келтиради.

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ўлганларингизга Ёсин сурасини ўқинглар”, деб баён қилганлар.

Хонага хушбўй нарсалар сепилиб, муаттар ҳид таралиши ҳам фойдалидир.

Агар ўлса, жағини танғиб, кўзлари юмиб қўйилади.

Кўзини юмувчи одам: “Бисмиллаҳи ва ъала миллати росулиллаҳ – Аллоҳим ишларини осон қилиб, бундан кейингиларини енгил қилгин”, деб, дуо қилмоғи  лозим.

Оёқларини жуфтланиб, бош бармоқлари боғланади. Қўлларини панжалари ёйилиб икки ёнига қўйилади.

Қорни шишиб кетмаслиги учун унга ойна ё пичоқ каби нарсалар, иссиқ кунларда эса темир ё лой қўйилади. Бу ишлар марҳумга озор бермасдан бажарилади.

Жони узилган киши қуруқ ва баландроқ жойга ётқизилади. Кийимлари оҳиста ечилиб, устини ёпиб қўймоқ мустаҳабдир.

Сўнгра, имкон қадар тезроқ маййитни ювиш, кафанлаш, жанозасини ўқиб, дафн этилади.

Касал бўлмай тўсатдан вафот этган киши то ўлим сабаби аниқланмагунча дафн этилмай турилади. Шундан кейин қўшнилар ва қориндошларга жанозага ҳозир бўлишлари ва марҳум ҳаққига дуо қилишлари учун хабар берилади.

Манба: Ҳидоя, Мухтасар, Қозихон, Оламгирия, Фатҳул Қодир асарлари

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Шаҳрихон тумани бош имом-хатиби

Иззатуллоҳ домла Турғунов

359560cookie-checkЖаноза намозига оид масалалар | 1-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: