islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фидойи ходима

Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходималарни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.

Дилфуза Рўзиева Тошкент ислом институти Техник фойдаланиш ва хўжалик бўлимида узоқ йиллардан буён фидойи меҳнат қилиб келаётган ходима ҳисобланади.

Д.Рўзиеванинг меҳнатини қадрлаш ва эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходималари иштирокида тадбир ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Д.Рўзиеванинг хўжалик ишларидаги фидойилиги ва қатъий меҳнат интизомига эга намунали ходима сифатида қадрланишини таъкидлади. 50 ёшни қаршилаётган ходимага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ҳамда эсдалик совға топширди.

Тавба сураси 108-оятда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир”.

Имом Муслим Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир”, дейдилар.

Таълимни ташкил этиш мураккаб жараён бўлиб, бунда иштирок этувчиларнинг меҳнатлари улкандир. Ўқитувчи ва талабаларнинг покиза ва тоза аудиторияларда таълим олишларида, албатта, институтнинг саранжом саришта бўлишига масъул ходималарнинг ўрни беқиёс. Аллоҳ таоло аҳли илм ва талабаларнинг илм таҳсилидан ҳосил бўладиган савобларга ана ўша ходималарни ҳам ниятига кўра шерик қилади ва Ўзи мукофотлайди.

“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака­маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.

Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл­юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.

Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин”, дейилади табрик матнида.

Тадбир сўнгида, Д.Рўзиеванинг ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи ходималар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

ТИИ Матбуот хизмати

414620cookie-checkФидойи ходима

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: