islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом маърифати тараннуми

Жорий йил 17 март куни, Тошкент ислом институтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан янги нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Марказ илмий ходимлари, институт раҳбарияти, устоз ва талабалар иштирок этди.

Тадбирни институт проректори Соатмурод Примов очиб, мамлакатимизда диний маърифат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, аждодларимиз меросини ўрганиш ва асарларини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Мазкур йўналишда ташкил этилган муассасаларда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ва жойларда ўтказилаётган маърифий-тарғибот тадбирларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Марказ бўлим бошлиғи Жонибек Жумаев йиғилганларни муборак Моҳи Рамазон ва яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан самимий қутлаб, марказнинг асосий йўналишлари ва бугунги кунда эришган натижалари ҳақида маълумот берди. Илмий ходим Усмонхон Муҳаммадиев эса тақдим этилаётган китоблар хусусида тўхталиб, уларнинг илмий қиймати ва ислом илмлари ривожидаги аҳамиятини кенг ёритиб берди.

Тадбир иштирокчилари бу каби маърифий тадбирлар илм аҳли ва талабалар учун янги асарлар билан танишиш орқали ислом тарихи ва аждодларимиз меросини чуқурроқ англашга хизмат қилишини таъкидлади. Тақдим этилган китоблар талаба ва тадқиқотчилар учун янги изланишлар йўлини очишига ишонч билдирилди. Китобларнинг барчаси институт кутубхонасига ҳадя қилинди.

Талабалар мазкур китоблар ёшларда маънавий уйғониш ва илмга бўлган эҳтиёжни қондиришда беқиёс манба бўлишини айтиб, илмий жамоага миннатдорлик изҳор этди. Тақдимот якунида Марказ ходимлари институт раҳбарияти номидан ташаккурнома билан тақдирланди.

ТИИ Матбуот хизмати

440840cookie-checkИслом маърифати тараннуми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: