Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жуда муҳим анънана йўлга қўйилган. Бу анъана институт раҳбариятининг талабалар билан доимий мулоқотда бўлиб туришини ўз ичига олади. Куни кеча мазкур анъананинг амалий кўриниши сифатида долзарб мавзуда навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
Институт ректори Уйғун Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод Примов, “Қуръон илмлари” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов талаба-қизлар билан бугунги куннинг муҳим масалалари, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларида янгича ёндашувларни қўллаш юзасидан давра суҳбати ўтказдилар. Учрашув илмий, маънавий-маърифий, ахлоқий ва сиёсий соҳаларни ўз ичига қамраб олди.
Талаба-қизларнинг иш самарадорлиги нафақат институт ёки диний соҳа доирасида, балки уларнинг жамият олдидаги фуқаролик позицияси, Янги Ўзбекистоннинг маърифатли аёли тимсолини шакллантириш юзасидан масъулиятлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Талабаларга маҳаллий ва халқаро миқёсида амалга оширалаётган муҳим сиёсий жараёнлар ҳақида маълумот берилиб, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Давра суҳбати қизғин ва фаол мулоқот шаклида ўтказилиб, устозлар талабаларни илмий жиҳатдан шижоатлантирдилар ҳамда юқори муваффақиятларга эришиш усуллари ва уларнинг тадрижий босқичлари борасида тавсиялар бердилар.
Шунингдек, учрашувда институт ректори У. Ғафуров талабаларнинг илмий изланишлари муҳимлигини таъкидлаб, давлат раҳбарининг Ўзбекистонда ислом цивилизацияси марказига қилинган ташриф доирасида диний-маърифий соҳа вакиллари олдига қўйган муҳим вазифаларини ва ҳамда талабаларнинг бу вазифаларни бажаришга салоҳиятли кадр бўлишлари муҳимлигини эслатиб ўтди.
Суҳбат якуний дуо билан якунланди. Унда устозлар Яратгандан талабаларнинг илмий фаолиятларига муваффақият ва барака сўрадилар.