Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Февраль ойи — эътиқод мусаффолиги ойлиги” муносабати билан «Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси томонидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида “Мотуридия ва Ашъария таълимотлари ўртасидаги ихтилофли масалалар” мавзусида илмий суҳбат бўлиб ўтди.

Шайх Аҳмад Даманҳурий дастлаб ақида илмидаги умумий ихтилофлар ва уларнинг сабабларига тўхталиб қуйидагиларни айтиб ўтди:
“Ақида илмида мутакаллим уламолар Қуръон ва суннатдан ақидавий ҳукмларни истинбот қилиб олганлар. Шунинг учун амалий ҳукмларда бўлганидек эътиқодий масалаларда ҳам турлича ҳукмлар юзага келган. Фақат қатъий масалалар бундан мустасно, зеро уларда хилоф қилиш иймондан чиқишга олиб боради. Бидъат ва фисққа сабаб бўлувчи қарашлар аҳли суннага қарши фикрдаги тоифаларга оид бўлиб, Мотуридия ва Ашъария ўртасидаги хилофларда бидъат ёки фисқ нисбати юзага келмайди.

Бу ихтилофларнинг асоси ақл ва нақлга бўлган муносабатдан келиб чиқади. Файласуфлар, мўътазила каби баъзи тоифалар ақлни нақлдан муқаддам қўйган бўлса, ҳашвий, мужассима ва мушаббиҳа кабилар ақлни ҳужжат сифатида мутлақо эътироф этмаган. Аҳли сунна уламолари эса ҳар иккисини тенг мезонда тутганлар. Мотуридия ва Ашъарийларга нисбатан: “улар ақлни нақлдан устун қўйган” деган даъволар асоссиз ва бу талимотларни яхши билмасликдан келиб чиқади.
Нақл қатъий ва зоннийга бўлинганидек, ақл ҳам қатъий ва зоннийга бўлинади. Қачонки улар чиқарган ҳукм бир-бирига зид бўлса, бирини бошқасидан муқаддам қилишга эҳтиёж туғилади. Мазкур зиддият тўрт хил кўринишда бўлиши мумкин:
- Қатъий нақлнинг зонний ақлга зид бўлиши;
- Қатъий нақлнинг қатъий ақлга зид бўлиши;
- Зонний нақлнинг қатъий ақлга зид бўлиши;
- Зонний нақлнинг зонний ақлга зид бўлиши;
Аҳли сунна уламолари шу кўринишлардан зонний нақл қатъий ақлга зид келсагина ақлни муқаддам қўйганлар. Бу ҳолатда фақат ақл бўлгани учун эмас, балки ақл ҳам шариат ҳужжатларидан бири эканлиги ва айни масалада эътиқодни ифода қиладиган қатъий нақл йўқлиги учун шундай қилганлар”.

Шундан сўнг Устоз Даманҳурий Мотуридия ва Ашъария мазҳаблари ўртасидаги ихтилофларга тўхталиб:
“Мотуридия ва Ашъария мазҳабларининг манҳажи ва усули бир, шунинг учун ҳам улар ўртасидаги ихтилофли масалаларда икки тарафдан бири бидъат ёки фисқ билан сифатланмайди. Улар фақат ақиданинг фаръий масалаларида ихтилоф қилган бўлиб, баъзи уламолар бу фарқларни ўн учта масалада деган, баъзилар эса фарқли қарашларни етмиштагача боришини айтган. Лекин уларнинг баъзилари лафзий ихтилоф бўлиб, бир хил маънони бошқа таъбир билан ифода этиш ҳисобланади. Ихтилофларни лафзий ёки ҳақиқийга ажратиш ҳақида уламолар қуйидаги қоидани айтадилар: “Агар нафий ва исбот бир маҳалга нисбат берилса ихтилоф ҳақиқий, бир маҳалга нисбат берилмаса лафзий бўлади”. Шундай экан ҳақиқий ихтилофлар кам сонли масалаларда қолади.
Уламолар бу мавзуда алоҳида китоб ва рисолалар ёзган. Жумладан, Абу Узба “Ар-Ровзатул баҳийя фима байнал мотуридия вал ашаъира” китобини Тожуддин Субкийнинг байтлари асосида ёзиб, ихтилофларни лафзий ва ҳақиқийга ажратиб берган”.
Маърузадан сўнг илмий суҳбатнинг савол-жавоб қисмига ўтилди. Унда талабалар ўзларини қизиқтирган ақидавий мавзуларга оид саволларига жавоб олдилар.






