Араб тилида гуноҳни кечириш маъносида қўлланиладиган “аъфу” ва “мағфират” сўзлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ўринларда келган. Бу икки сўз ўзбек тилида бир сўз билан “кечириш” маъносини англатсада, араб тилининг ўзида икки ҳил фарқли мазмунни ифода қилади.
Мағфират сўзи араб тилида “غَفَرَ” феъли маъносида бўлиб, “кечириш”, “яшириш” ва “беркитиш” маъноларини билдиради.
“Аъфу” эса, “عَفا” феъли маъносида бўлиб, бу ҳам “кечириш” ҳамда “жазони бекор қилиш” маъноларини англатади. Қўлланишида бир-бирига яқин бўлсада, “аъфу” “мағфират”дан кўра кучлироқ мазмунни ифода этади.
Мағфират гуноҳни кечириш бўлса, афу уни кечириш билан бирга банданинг гуноҳ амаллари қаторидан ҳам ўчириб, йўқ қилиш ва бошқаларнинг эсидан ҳам чиқаришдир. Яни, Аллоҳ таоло банданинг гуноҳларини афу қилиши Қиёмат кунида бандага бу гуноҳ эслатилмаслиги ва амаллар рўйхатидан ҳам олиб ташланишини англатади. Мағфират эса ундай эмас. Яни, ҳисоб кунида ўша гуноҳ банданинг ёдида бўлади, унга эслатилади, маломат қилинади, аммо бошқалардан беркитилади ва унга ўша иши учун жазо берилмайди.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдам қадрни топсам нима айтишим керак деганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эй Аллоҳим, сен афу ва карим (сифатига эга зот)сан, афуни яхши кўрасан, мени афу этгин”.
Ушбу ҳадоси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолар қабул бўладиган Қадр кечасида афуни сўрашни тавсия қиляптилар. Шундан ҳам афунинг қанчалик биз гуноҳкор бандалар учун зарурлигини билишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг бандаларини афу этиши бизга бўлган Ўзининг катта неъматларидандир.
Рамазон ойида, хусусан Қадр кечаси топиладиган ушбу охирги ўн кунликда Аллоҳ таоло Ўзининг Афу сифати билан барчаларимизнинг гуноҳларимизни афу этишини сўраймиз.
Ш.Чўлпонов
ТИИ ўқитувчиси
Манба: Muslim.uz