islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Шавкат Мирзиёев: Ислом цивилизацияси маркази асрлар давомида халқимизга хизмат қилади

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига яна бир бор ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари асос солган ушбу муассаса халқимизнинг бой ўтмишини, илм-маърифат ривожига қўшган катта ҳиссасини намоён этадиган яхлит мажмуа бўлади. – Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, – деган эди Шавкат Мирзиёев бу ерга аввалги ташрифларидан бирида. Марказ қурилиши ва фаолияти йўлга қўйилишида ана шу мақсад асосий мезон этиб белгиланди. Қарийб икки гектар майдонда уч қаватли кўркам иморат қад кўтарди. Тўрт томонда 34 метрлик пештоқлар қурилди. Бинонинг симметрик марказида улкан шарқона гумбаз ўрнатилади. Мазмунан олганда эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди. Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади. Иккинчи қаватдаги улкан фойе марказига Усмон Қуръони жойлаштирилади. Шунингдек, бу ерда Ислом санъати музейи, 435 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Кўргазмаларда Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилади. Учинчи қаватдан эса 100 минггача қўлёзмалар фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади. Президентимиз таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлади. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий тадқиқотлар олиб боради, уларнинг натижалари асосида қомуслар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабалари ушбу масканга келиб, билимини мустаҳкамлайди. – Бу марказ асрлар давомида халқимизга хизмат қилади, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланади. Шунинг учун марказнинг безаги, маъно-мазмуни исломий ва илмий жиҳатдан асосланган, чуқур ўйланган бўлиши керак. Одамлар ҳам ўқиб, илм оладиган, ҳам юракдан ҳис қиладиган муҳит яратиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари. Бутун дунёдан диний уламолар, исломшунос ва тарихчи олимлар иштирокида халқаро анжуман ташкил этиб, фикрларини ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Манба: prezident.uz 642

Мир Араб олий мадрасасида “Аждодларимиз мероси – маънавиятимиз сарчашмаси” мавзусида республика талабалар анжумани ўтказилди

Жорий йилнинг 19-20 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Мир Араб олий мадрасасида Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги, Бахоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги муносабати билан Мир араб олий мадрасасида 16 ноябрь “Халқаро диний бағрикенглик куни”га бағишланган “Аждодларимиз мероси – маънавиятимиз сарчашмаси” мавзусида республика талабалар илмий амалий анжумани бўлиб ўтди. Ушбу анжуманнинг мақсади Нақшбандия тариқати намояндалари, хусусан, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ҳамда фаолияти, тасаввуф таълимотининг ислом илмлари доирасида тутган ўрни, юртимизда етишиб чиққан алломалар меросининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, шунингдек, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги билимларни ошириш ҳамда кенг жамоатчиликка тарғиб қилишдан иборатдир.Анжуманда  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, ислом институти маънавий маърифий ишлар бўйича проректор Ж. Мелиқўзиев, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари З.Хидоятов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили Ж.Элов, Ўзбекистон Республикасидаги барча диний таълим муассасалари, шунингдек, Бухоро давлат университети ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институти вакиллари иштирок этди.Анжуманда ислом институти  2-босқич талабаси Саиджалолов Раҳматуллоҳ Саидафзал ўғли конференсиялараро мулоқот маданияти мавзусида, 3-курс талабаси Махкамов Мухаммадали Мухиддинжон ўғли Нақшбандия тариқатининг валийси мавзусида ўз чиқишлари билан иштирок этишди. Анжуманда қуйидаги нақшбандия тариқати намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти, тасаввуф таълимотининг ислом илмлари доирасида тутган ўрни, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юртимизда етишиб чиққан алломалар меросларининг ёшлар тарбиясидаги аҳамиятига оид мавзулар атрофлича ёритиб берилди. 576

Диний бағрикенглик – тинчлик ва миллатлараро тотувлик гарови

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида 16 ноябрь “Халқаро бағрикенглик куни” га бағишлаб “Диний бағрикенглик-тинчлик ва миллатлараро тотувликнинг гарови” мавзусида халқаро илмий амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференцияда Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбанов, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент епархияси митрополити Викентий, Немис Евангел-лютеран черкови епископи Л.Шмидт, Тошкент ислом институти прореетори У.Ходжаев, Рим-католик черкови епископи Е. Мацулевич, Арман-Апостоллик черкови руҳонийси А.Григорян, Ўзбекистон Библия жамияти раҳбари Х.Аширов, олимлар ва талабалар иштирок этди. Конференцияни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев очиб берди. Шундан сўнг, Дин ишлари ишлари бўйича қўмита, Миллатараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Ш. Миноваров президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётганини таъкидлаб ўтдилар. Анжуман иштирокчилари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтишди. Конференция сўнггида талабалар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди. 544

Тошкент ислом институтида – “Китобхонлик куни”

“Китоб”, “Китобхонлик”, “Кутубхона” сўзларининг ўзаги аслида арабчадан олинган ва бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади. Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади. Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”, дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон Амир Темур “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, дея уқтирган. Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Бу эса ўз навбатида, юртимизда китобхонлик савияси ошишига, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига омил бўлувчи муҳим одимдир. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгидан-янги нашрдан чиқаётган сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради. Эътироф этиш жоизки, юқорида тилга олинган Президент фармойиши китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрнини юқори босқичга кўтарганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу муҳим ҳужжат мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнларни изчиллик билан амалга ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларимизнинг баркамол бўлиб тарбияланиши учун зарур   шарт-шароитларни янада кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Ҳар қандай бузғунчи куч ва хуружни юксак маънавият билан енгиш мумкин. Шу маънода китобхонлик бугун барчамиз учун ҳаётий заруратга айланмоғи керак. Ушбу масалага шахсан давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳим вазифаларнинг белгилаб берилаётганлиги аҳоли ўртасида юксак маънавий онг ва маърифатпарварликни тарғиб қилиш йўлида барчамиз учун янги ибрат босқичини бошлаб берди, де­йиш мумкин. Шунга асосан талаба-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий, илмий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш, улар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида бугун Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ва “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбааси билан ҳамкорликда “Китобхонлик куни” шиори остида китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки бугун диний таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Китобхонлик” кунлари ташкил этилган. Шунга мувофиқ Тошкент ислом институтида ҳар ойда китоб кўргазмасини ташкил этиш талабалар ўртасида ҳақиқий анъанага айланиб улгурган. Бугун мазкур кўргазма-савдода китобхонларга “Ҳилол-нашр” нашриёт томонидан чоп этилган 70 дан ортиқ номдаги 1000 га яқин диний-маърифий адабиётлар, фиқҳ, ақоид, тафсир, ҳадис фанига оид ўқув дарсликлар, бадиий, илмий-оммабоп нашрлар, араб, инглиз, рус ва ўзбек тилидаги луғатлар, шеърий тўпламлар ҳамда АРМга келган янги китоблар тўпламлари шунингдек, “Ҳидоят”, “Мўъминалар” журнали ва “Ислом нури” газеталарининг 2020 йил обуна тарғиботига қаратилган намойиши бўлиб ўтмоқда. Мана шундай китоб кўргазмаларининг ўтказилиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада оширади. Шунингдек, келгусида ўқув даргоҳимизда ҳафтанинг ҳар сешанба кунини “Китобхонлик куни” деб амалиётга тадбиқ этииб ва бу тадбирни анъана тарзида изчил давом эттирамиз.  Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази мудири Ў.СОБИРОВ 559

Тиббиётга доир замонавий фиқҳий масалалар

Шаръий ҳукмлар олинадиган манбаларидан бири бўлмиш масолиҳи мурсала қоидасини ҳаётга татбиқ қилиш шариат уни эътиборга олгани ёки олмаганлигига далил мавжуд бўлмаган ҳамда қиёс қилинадиган ўхшаши ҳам йўқ бўлган, жамият аъзоларига шариат кўзлаган манфаатни келтирувчи масалаларда шариат ҳукмини белгилаб бериш орқали амалга оширилади. Қуйида масолиҳи мурсалани тиббиёт масалаларида татбиқ этилишини кўриб чиқамиз: Фарзанд кўришнинг янги услублари. У икки хил тариқада амалга оширилади. Биринчи тариқа аёлнинг жасади ичкарисида амалга оширилади. Тухумдондан уруғчалар чиқадиган кунда эркакнинг уруғи олиниб, сунъий йўл ила аёлнинг қинига қўйилади. Сўнг маний ўзи табиий йўлида юриб бориб уруғчалар турган жойга етиб боради ва ўша жойда одатий урчиш ҳодисаси содир бўлади. Аёлнинг бирор аъзосидаги касаллик туфайли жинсий алоқага ярамаслиги ёки эркакнинг жинсий ожизлиги бу ишга мажбур бўлиш сабабларидан ҳисобланади. Иккинчи тариқа “Зироатул ажана” ёки “Атфолул анобиб” номлари билан машҳур. Унинг жараёни шундай бўлади. Аёлнинг тухумдонидан уруғчани олиб, синов пробиркасига қўйилади. Сўнг эркакнинг уруғи олиниб, бачадоннинг ҳароратидаги пробиркага аёлнинг тухумчаси билан бирга қўйилади. Шунда ҳомила пайдо бўлади. Ундан кейин бир неча бўлакка бўлинади ва икки ёки уч кундан сўнг бачадонга кўчирилади. Бачадон деворига ўтқазилса, у табиий ҳомиладек ўсаверади. Бу ишни аёлнинг бачадони саломат, лекин тухумдони билан бачадон орасини боғловчи бачадон найлари ёпилиб қолса амалга оширилади. Агар бу амалиётдан келиб чиқадиган маслаҳа ва зарарни солиштирсак маслаҳа тарафини олиш лозим эканини билиб оламиз. Бу ерда маслаҳа ота-она бўлиш бахтини рўёбга чиқаришдир. Маълумки, эркак киши фарзанди бўлишини хоҳлайди. Бу Аллоҳ тарафидан ҳаммага берган табиий ҳолатдир. Ҳадиси шарифда “Фарзанд талабини қўйма, чунки киши вафот қилганда фарзанди бўлмаса, унинг исми ўчади”[1] дейилади. Аёл кишига нисбатан ҳам шундай дейиш мумкин, чунки унда меҳрибонлик ҳиссиёти бор. Уни фақат фарзандгина тўлдириши мумкин. Агар бундан келиб чиқадиган зарарга қарайдиган бўлсак, бу ерда бир нарсани – авратнинг очилишини[2] – кўришимиз мумкин. Албатта бу зарар айтилган маслаҳалар муқобилида айтишга ҳам арзимасдек кўринади. Биз биламизки, эркак киши фарзанд кўришга қодир бўлмаса, шариатимизда даволанишга рухсат берилган. Агарда даволанишда авратни очиш зарур бўлса, уни очишга шаръан рухсат бор. Имом Нававий: “Ҳар қандай даволаниш учун ҳам авратни очиш мумкин бўлавермайди. Қачонки даволанишдаги маслаҳа, авратни сақлаш маслаҳасидан кўра кучлироқлиги урфда маълум бўлса, уни очиш жоиз бўлади”[3] дейди. Бу амалиётнинг яна бир маслаҳаси – наслнинг кўпайиши бўлиб, бу шаръий мақсаддир ва бунда кўпинча фарзандсизликдан содир бўлувчи талоқни олдини олиш ҳам бор. Бу амалиётда яхшилик чегарасидан ёмонлик чегарасига ўтиб кетишнинг олдини олувчи шартларга амал қилиш зарурдир. 2. Суд тиббиёти. Суд тиббиёти дейилганда вафот этиш сабабини ўрганиш, қотилнинг жиноят содир этганини исботлаш ёки тухмат қилинаётган шахсдан туҳматни даф этиш мақсадида, жиноий ғаразлар учун ўлдирилган одамнинг танасини ёриб кўриш амалиёти назарда тутилади. Бу амалиёт ҳақ билан ботил орасини ажратувчи чегара бўлиб қолди. Чунки бир одам бошқасини овқатига заҳар солиш орқали ўлдирганда айбланса ва одамлар ёлғон гувоҳлик берсалар, ушбу ҳолатда ўликнинг жасадини ёриб кўриш жисмда заҳар асорати йўқлиги ва ўлим табиий сабаб ила бўлганини исботлайди. Гоҳида одамни ўлдириб сўнг жасадини ёқиб юборган жиноятчи ўлим ёнғин туфайли бўлганини даъво қилади. Жасадни ёриб кўриш эса, ўлим жиноят туфайли содир бўлганини, ёнғин эса жиноятни устига ёпилган парда эканини исботлайди. Танани ёриш амалиётида адолатни рўёбга чиқариш, бегуноҳ одамни жазодан сақлаш ҳамда ҳақиқий жиноятчини айбини исботлаш каби...
1 1 132 1 133 1 134 1 135 1 136 1 523