Қизалоқнинг қўлларида иккита олма бор эди. Онаси ундан “Қизим, олманинг биттасини менга бер” деб сўради. Қиз онасига тикилиб турди-да, кейин қўлидаги олмаларни бирин-кетин тишлади. Онаси қизининг бу ишидан бироз хафа бўлиб, “Меҳр билан боққан қизим шундай қилдия” деган нарса хаёлидан ўтди. Ўз қизидан бундай муомалани кутмаганди. Қизидан узоқлашиб, бошқа хонага чиқмоқчи бўлганида, қизи унинг ортидан чақирди ва “Онажон, мана буниси ширинроқ экан” деди-да, олмаларнинг бирини онасига узатди. Қизалоқ онасига ширин олма бериш учун уларни тишлаб кўрганди. Онаси эса бу ҳолни бироз нотўғри тушунди ва қизидан хафа бўла бошлади. Қизининг гапидан кейин она ундан бекорга хафа бўлганини англади. Ҳар қанча илмли, тажрибали ва дунёқараши кенг инсон бўлманг, бошқалар ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг. Одамларга ўз мақсадларини баён қилиб беришлари учун имкон беринг. Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади Манба: muslim.uz 268
Тошкент шаҳрида 21 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, “Конрад Аденауэр” жамғармасининг (Германия) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Анжуманда юртимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди. Илмий-амалий семинарни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда цивилизациялараро муносабатлардаги муаммоларни баҳолаш ва танқидий таҳлил қилиш, асосий, жорий, қисқа ва узоқ муддатли мақсадларни аниқлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларини ўрганишдан иборат. Анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори ва институт устоз ва талабалари иштирок этди. ТИИ ректори ҳозирги кунда аждодларимиздан меърос бўлиб келаётган асарларни ёшларимизга ўргатиш, бу борада анъанавий қадрятларимиздан фойдаланиш, қолаверса Ғарб давлатларида жорий бўлган устоз-шогирд, ёки жамоавий билим бериш, Ҳиндистон ва Покистондаги олий ўқув юртлари қадимги Самарқанд ва Бухоро ўқиш тизимини давом эттириш орқали юксак натижаларга эришилаётгани, аслида бизнинг ютуғларимиз экани, ушбу қадрятларини яна ўзимизга қайтаришимиз кераклигини айтиб ўтди. Ундан ташқари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билим юртини битирган талабаларини дипломларини ўзаро тасдиқлаш кераклиги ва илмий ишлар қилаётган ёшларни ҳам ушбу ташкилот рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида ҳам таклиф билдириб ўтди, -деди У.Ғафуров. Тошкент ислом институти Матбуот хизмати 243
Россия Федерациясининг Томск вилояти Асино туманидаги ёғоч уйда юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар фуқароларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Ҳалол меҳнат қилиб, аҳли оила нафақаси йўлида ҳалок бўлган ушбу йигитларимизнинг охиратлари обод бўлишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланган. Мазкур ёнғинда вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз. Ҳалок бўлганларнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, ҳақларига дуо қилиб, самимий ҳамдардлик билдирамиз. Парвардигоримиз қурбонларни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин, ортларида қолган аҳли байти ва фарзандларига сабру жамил берсин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси 241
Никоҳ инсонлар учун муҳим эҳтиёждир. Ҳузур-ҳаловат, бахт-саодат оилада таъмин этилади. Фароғат истаб дунё кезган киши уни фақат оилада топади. Оила – гулзор бўлса, фарзанд – шу гулзорнинг энг чиройли гули, чечаги. Бу мўъжаз мавжудотнинг табассуми, қаҳқаҳаси оиланинг энг катта шодлигидир. Фарзанднинг ҳиди жаннат бўйидир. Гулнинг етилиб, камол топиши, ён-атрофига бетакрор ифор таратиши учун сув ва зиё нақадар муҳим, нақадар беқиёс. Демак-ки, фарзандларимизнинг ҳам оилада, маҳаллада, жамиятда, мамлакатда ва бутун дунёда етук, комил инсон бўлиб, маърифат таратишида, дунё аҳли учун фойдали шахс бўлишида ота ва онанинг алоҳида-алоҳида мислсиз ўрни, бошқа ҳеч ким босолмайдиган залвори бор, албатта! Аммо минг афсус, вазиятни доим назорат қилишнинг иложи йўқ. Мазкур муқаддас ришта – оила баъзан хоҳласак-хоҳламасак дарз кетади, фарзандларнинг кўз ёшларига қарамасдан ота ва оналар баъзан ажралишади. Ажрашгандан сўнг фарзанд кимда қолади? Шариатимизга кўра, боланинг тарбияси аёлларга берилади. Чунки аёллар эркаклардан кўра шафқатли ва сабрлидирлар. Аёлларда энг биринчи валоят хаққига эга бўлган зот боланинг онасидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Отаси мендан ажрашгандан сўнг қорнимда кўтарган сут бериб эмизган ва бағримда ўстирган ўғлимни тортиб олиб қўймоқчи,” деб шикоят қилиб келган аёлга, “Сен токи эрга тегмас экансан болани олиш сенинг ҳаққингдир,” дедилар. (Абу Довуд, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилганлар) Ҳанафий ва шофеъийларга кўра, онадан кейин боланинг тарбиясига энг лойиқ бўлганлар онасининг онаси, отасининг онаси, синглиси, ундан кейин эса холаси ҳисобланади. Бундан шу нарса тушунилади-ки, агар оилада ота-онаси йўқ бўлса болага бувилари ва хола-аммалари қараши керак бўлади. Агар болага онасидан бошқа қарайдиган кимсалар бўлмаса, онаси болага қараши шарт. Агар бошқа қарайдиганлар бўлса онанинг болага қараш мажбурияти йўқолади. Чунки она эрга тегадиган бўлса, онадаги биринчи валоятга эга бўлиш ҳуқуқи йўқолади. Биронта аёлга уйланмоқчи бўлган эркак унинг фарзандларини қабул қилишга мажбур эмас. Агар болаларининг бошқа боқувчиси йўқ бўлса, бу унга мажбурият бўлиб қолади. Акс ҳолда, бола зое бўлиш эҳтимоли бор. Аёлларда ҳам ҳолат худди шундай бўлади. Эрининг фарзандларини қабул қилишга мажбурмаслиги уларнинг ҳуқуқидир. Фақат болалар қарашга муҳтож бўлсалар, уларга қарайдиганодам бўлмаса, аёл болаларга қарайди. Болаларни қабул қилади ёки оила қурилмайди. Бола кимда бўлишидан қатъий назар нафақасини отаси беради. Аёл фақир бўлса, бу нафақани бола билан бирга истеъмол қилади. Агар боланинг отаси бўлмаса, боланинг молидан сарфланади. Боланинг моли йўқ бўлса, нафақани ўзлари (ким қараётган бўлса ўша) бериши вожиб бўлади. Кичкина қиз бошқаси билан оила қурган онаси билан қолади, ёки онасининг холасига ёки аммасига берилади. Ўғил бола етти ёшга тўлганда, қиз бола балоғатга етганда отасига ҳам берилиши мумкин. Агар отаси йўқ бўлса, отасининг фосиқ бўлмаган қариндошига бериш мумкин. Болали оилаларда ажрим ҳақида сўз кетар экан, бола кимнинг қарамоғида қолишида бир тўхтамга келинмаган. Шу сабабдан, бу ҳақдаги қарорлар судялар тарафидан қабул қилинмоқда. Валоят – болани боқиш, ҳимоялаш, қўллаб қувватлаш, таълим тарбияси каби ота-онаси зиммасида бўлган бир қанча ҳақларни ўз ичига қамраб олади. Фарзандни қарамоғига олишда муҳим хусусиятлар Фарзанд тарбиясини белгилаётган мутахассислар, уни кимга беришда асосий унсур сифатида боланинг манфаатига эътибор қаратишлари шарт. Бола манфаати тикланар экан, ота-онанинг қай бири унинг келажагини яхши таъминлай олиши назарда тутилмоғи лозим. Дарвоқе, фарзанднинг ўзи кимни танлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бир жиҳатдан, тарбиялаш ҳуқуқи кимга берилишида боланинг ёши ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки она парваришига муҳтож бўлган...
Бугунги кунда ёшларимиз жамиятимизда белгиланган одоб-ахлоқ, этика-эстетика қоидаларига қай даражада амал қилмоқда, шарм-ҳаё каби юксак ахлоқий фазилатларнинг қадр-қимматини тўла англаб етяптими, деган ҳақли саволлар туғилиши табиий. Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатда бўлсангиз гап ўзани бурилиб, ёшларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқига бориб тақалади. Нуроний отахонларнинг хотираларини тинглаб, бир кишининг 50–60 йиллик умри давомида жамият ҳаёти, одамлар қиёфаси шунчалик тез ўзгариб кетишидан ҳайратга тушасиз, ёшлар тарбияси ҳақида куйиниб гапиришлари маъносини тушунгандек бўласиз. Айни даврда бутун дунёда содир бўлаётган миллий маънавиятимизга зид турли ҳодисалар жамиятимиз ҳаётига бевосита “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни айрим ёшларнинг ўзини тутиши, муомаласи, кийинишида ҳам яққол сезиш мумкин. Мазкур масалалар, хусусан, ҳаё фазилатининг динимизда тутган ўрни, ҳаёга доир шариат кўрсатмалари ҳақида кенгроқ тушунча бериш мақсадида устоз ва мутахассисларга мурожаат қилдик: – Киши вужудида ўзгалар қараши ҳаром қилинган жойларни, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бошқалар ҳузурида очиш, номаҳрамларга кўрсатиш ҳалол эмас, – дейди Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз МАНСУР. – Эркакларда тананинг киндикдан тизза остигача бўлган қисми, муслима аёлнинг эса икки кафти, оёқ тўпиғининг пастки қисми (қадами) ва юзидан бошқа бутун бадани аврат ҳисобланади. Сочининг гажаги ҳам. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир”, дедилар (Ибн Можа ривояти). Намозхон киши авратларини қалинроқ кийим билан бекитиши шарт. Агар кийим баданнинг ранги яққол билинадиган даражада бўлса, у билан намоз ўқиш жоиз эмас. Аврат аъзонинг тўртдан бирининг узрсиз очилиб қолиши намозни бузади. Агар аъзо намоз ичида очилиб кетса, дарҳол уни бекитиб, намозини давом эттириши мумкин. Намозда авратнинг бекитилиши талаб қилинганидек, намоздан ташқарида ҳам уят ўринларни ёпиб юриш лозим. Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан бундай дейилади: “Эй Пайғамбар!Хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг хотинларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ташлаб олсинлар! Мана шу уларнинг (ким эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Аҳзоб сураси, 59-оят). Одамлардан ҳаё қилиш уят аъзолар – аврат жойларини бекитиш, бегона кўзлардан яшириш билан бирга, кишиларга тили, қўли билан озор бермаслик ҳам тушунилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан чин ҳаё қилингизлар!” Шунда саҳобалар, “Бизларнинг чин ҳаё қилишимиз қандай бўлади?”, дейишди. У зот айтдиларки, “Кимки бошини ва ундаги кўз, қулоқ ва бурнини, қорни ва бошқа аъзоларини турли ҳаром ишлардан сақласа ва бу дунё зийнатига ортиқча берилмай, ўлим ва қабр азобини эсидан чиқармай юрса, ўша киши Аллоҳ таолодан чин ҳаё қилган бўлади”, дедилар. Улуғ саҳобийлардан Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу масжидга бораётса, одамлар намоздан чиқиб келишаётган эди. Шунда у киши бир четга чиқиб, одамларга йўл берди. У зотдан нега ундай қилдингиз, деб сўраганларида: “Одамлардан уялмаган кишидан ҳар қандай ёмонликни кутса бўлади”, деб жавоб берди. Ҳаё – ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишни тақозо этади. Ҳакимлар: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”, деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўзини нафси олдида қадрсиз қилибди”, дейди. Инсон кўнглига келганини ҳаёсизларча қилиб кетавериши ҳайвоний сифат саналади. Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Кимки ҳаё кийимини кийса, бошқаларнинг айбини кўрмайдиган бўлиб қолади”, дейди. Ҳаёли инсон, биринчи навбатда, ўзининг юриш-туриши, гап-сўзига эътибор бериб, бошқалардан айб қидирмайди, бировнинг устидан кулиш ёки...