islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Тил билган – эл билади

Бугунги глобаллашув шароитида дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг иродаси ила дунёда Одам фарзандлари турли миллат ва элат вакилларига ажратилган. Уларни бир-бирларидан ажратувчи энг асосий восита бу тилдир. Тиллар бошқаларидан шунчалик даражада фарқланиб кетганки, уларни узоқ ва чуқур ўрганишларсиз тушуниб, англаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўз тилидан бошқа тилларни билувчилар жамиятда унчалик кўп учрайвермайди, балки баъзилар бир нечта тилларни билса, бошқалари ундан бошқаларини ўзлаштирган бўлади, ва бошқа тоифа эса фақатгина маҳаллий тилинигина билади холос. Лекин, уларнинг дунё янгиликларидан бир хил хабардор бўлишга ҳақлари бор ва бу борада улар тенгдирлар. Шундай экан фақат бир гина йўл, яъни турли хил тилларда келаётган маълумотларни маҳаллий тилга таржима қилиш ва жамиятнинг барча қатлам вакиллари учун тақдим қилиш зарур бўлади. Бундан маълум бўладики, таржимонларнинг, яъни касб юзасидан эмас, балки таржима қилишга салоҳиятли бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги ўрни аҳамиятлидир. Аслида таржимадан кўзланган мақсад – хорижий тил лисоний воситалари ёрдамида яратилган матн ёки нутқни она тили материали асосида қайта яратишдан иборатдир. Бунинг учун таржимон, биринчи навбатда, асл нусхани тўла-тўкис идрок этиши, сўнгра уни ўз тилида беками-кўст қайта ифодалаши даркор. Муаллиф бермоқчи бўлган маълумот ёки яратган воқеъликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга бўлгани ҳолда, асар таркибидаги лисоний воситаларнинг мазмуний ва услубий-эстетик жиҳатларини тўғри англаши, шу билан бирга муаллиф назарда тутган бош ғояни, унинг ният ва мақсадларини. очиқ-ойдин кўзга ташланиб турган воқеа-ҳодисалар тасвиридан ташқари яна матн ортида турган воқеъликни, бир сўз билан айтганда нафақат лисоний, балки ғайрилисоний омилларни ҳам тўла-тўкис тасаввур этиши зарур. Токи натижа шундай бўлсинки, аслият ўз ўқувчи ёки тингловчисига қандай тушунча ёки завқ бахш этса, унинг таржимаси ҳам асарни аслиятда мутолаа қила олмайдиган ўқувчи ёки эшитувчига худди шундай таассурот инъом этсин. Таржимада нуқсонларни кўрган шахс аслни саёзликда айблайди, ёки умуман ундаги ғояга қарши фикр пайдо қилади. Натижада асл асардан кўзланган мақсад амалга ошмайди, балки тескари таъсир кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам таржиманинг маълумотлар алмашинуви жараёнларида аҳамияти жуда каттадир. Мазкур фикрларни хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки, барча илмлар қатори таржимонлик илми ёки тил ўрганиш ҳар доимгидан кўра бугунги глобаллашув шароитида энг муҳим вазифалардандир. Тошкент ислом институти битирувчиси Иброҳим Аҳмаджонов 226

Муборак сафар

Умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак. Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “ҳўжа кўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди.  Аллоҳ таоло буюради: وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّه “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196. (عَنْ أبِى هُرَيْرَةَ ؛ أن رَسُولَ اللهِ ( صلى الله عليه وسلم ) قَال : (العُمْرَةِ إِلَىَ العُمْرَةِ كَفَارَة لِمَا بَيْنَهُمَا Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир…”. Саҳиҳи Бухорий, 1773. عنعطاء قال سمعت ابن عباس رضي الله عنهما يخبرنا يقول قال رسول الله صلىالله عليه وسلم لامرأة من الأنصار سماها ابن عباس فنسيت اسمها ما منعك أنتحجين معنا قالت كان لنا ناضح فركبه أبو فلان وابنه لزوجها وابنها وتركناضحا ننضح عليه قال فإذا كان رمضان اعتمري فيه فإن عمرة في رمضان حجة Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорий аёлга: “….Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар. Термизий ривояти.  Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир. Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон  улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир: Умра ибодатини аввало холис Аллоҳ таоло учун ният қилиш унинг мақбул бўлишидаги асосий шартлардан биридир. Зеро, риё аралашган амал биноларининг пойдеворлари ўша биноларни қулатади; Бу улуғ ибодат сафарига отланишдан олдин гарданидаги бошқаларнинг ҳақларини ўз эгаларига қайтариши; Мол-мулк сифатида қийматга эга бўлган нарса қўлида мавжуд бўлса сафардан олдин уни васият қилиб қўйиши; Бу ибодат сафари учун мўлжалланган маблағ ҳалол йўл билан топилган бўлиши; Йўлга чиқишдан аввал оиласига ҳадисда айтилганидек қуйидаги дуони айтади: أسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الّذِي لَا تَضِيعُ وَدَائِعُهُ  “Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зоъе бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)”. Ибни Можа ривояти; Автомашина, тайёра ёки шунга ўхшаш сафар уловларига минганида ушбу ҳадисга амал қилади: عنابن عمر رضي الله عنهما ( أن رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) كان إذااستوى على بعيره خارجاً للسفر حمد الله تعالى وسبح وكبر ثلاثاً ثم قالسبحان الذي سخر لنا هذا وما كنا له مقرنين وإنا إلى ربنا لمنقلبون اللهمإنا نسألك في سفرنا هذا البر والتقوى ومن العمل ما ترضى اللهم هون سفرناهذا واطو عنا بعده اللهم أنت الصاحب في السفر والخليفة في الأهل اللهم إنيأعوذ بك من وَعْثَاءِ السفر وكآبة المنظر وسوء المنقلب في الأهل والمالوالولد وإذا رجع قالهن وزاد فيهم آيبون تائبون عابدون...

“Қуръон тугамайди, тўхтамайди!” (“Мирза Ғолиб” масжидидаги хатмонадан ўйлар)

Орзиқиб кутганимиз Рамазоннинг ҳам ярми ўтиб бўлди… Аллоҳ таоло Ўзи азиз қилган ой… ундаги ҳар бир яхшиликлар, ибодатлар, тасбеҳу зикрларнинг қанчалар бизларга фойда келтиришини биз бандалар тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу боис Сарвари олам солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги бўладиган мукофатлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”, дея марҳамат қилганлар. Рамазон ўтиб боряпти, унда бошланган хатми Қуръонлар ҳам аста-секин тугаб боряпти. Рамазоннинг таърифини гўзал эшитяпмизу, лекин аслида биз ундан қанчалик фойдаланиб қоляпмиз?  Рўзани қалбан тутган, қўлидан келганича саҳоват, яхшиликда фаол бўлган, кечалари Қуръони каримга муҳаббат билан таровиҳларда тик турган эътиқод соҳибларидан бўла оляпмизми? Масжидларда ҳавасли манзаралар… ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмас ва ҳеч қачон тарк этгинг келмас илоҳий раҳмат муҳити ҳукмрон. Бу жойда покиза қалб соҳиблари Роббилари билан суҳбат қурмоқдалар. Унга муножотлар қилиб, шашқатор ёшлар ила хатолари, гуноҳларига истиғфорлар айтмоқдалар… Бандаликнинг, инсонийликнинг юксак мақоми, покиза фитратнинг шамойилидир бу ҳолат… Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Мирза Ғолиб” жоме масжидида ҳам куни кеча Қуръони карим хатмонаси бўлиб ўтди. Бу масжидда уч йилдан буён хатми Қуръон ўтказиб бераётган ҳофизи каломуллоҳ Тошкент ислом институти талабаси Аълохон қори Нуриддинов бу йил ҳам тартил билан, гўзал савт билан ҳар куни икки жуздан ўқиб Қуръони каримни ниҳоя қилиб берди. Масжид имом-хатиби Муҳаммад домла Султонхонов Қуръони карим якуни билан жамоатни муборакбод этди. Аллоҳ таолодан хатмоналарни қабул этишини сўраб дуолар қилинди. Бу улуғ кечада яна кўплаб дуолар қилинди: юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, бутун мусулмон олами тинчлиги, бирдамлиги, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қори ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди. Бу кеча энг юқори даражада турган юзлари мунаввар қорига бутун жамоат ҳавас қилдилар, бизнинг зурриётларимиздан ҳам ана шундай ҳофизи Каломуллоҳлар чиқсин дея қалбдан илтижолар қилдилар. Ёшгина мухлис болалар энди йил бўйи Қуръонни ўрганишни ўқишни, ёдлашни мақсад қилдилар. Бу эса Рамазоннинг ҳикмати эди: “Қуръон тугамайди, тўхтамайди!” Ҳа, Рамазон бизда, бизнинг ўлкада шундай ўтмоқда! Бу дамлар учун Ўзингга беҳисоб шукурлар бўлсин Буюк Тангримиз! Азиз диндошим, хатми Қуръонлар бошқа масжидларимизда давом этмоқда. Агар ҳали таровиҳга бора олмаган бўлсангиз, албатта боринг, фурсат бор. Ғанимат рамазон кечаларининг шукуҳини, раҳмат онларини ҳис этмай, роҳат топмасдан Рамазонни тугатиб қўйманг. Зоиржон Содиқов Манба: Vakillik.uz 324

“Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсларига қабул бошланди

2018 йил 10 июндан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида  “Қуръони карим ва тажвид” фани бўйича пуллик ўқув курси ўз фаолиятини бошлади. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам ташкил этиладиган мазкур ўқув курси учун ҳужжатлар 2018 йилнинг 1-3 июнь кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача қабул қилинади. Ўқув курсларига Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида қабул қилинади. Ўқув курсида ўқиш учун тингловчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: — ректор номига ариза; — соғлиги ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл); — паспорт нусхаси (асли кўрсатилади); — 4 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги); — яшаш жойидан маълумотнома; Ўқув машғулоти тўлови 1 нафар тингловчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида белгиланди. Ўқув курси бўйича ўзингизни қизиқтирган саволлар юзасидан институтнинг қуйидаги +99871 227-42-37, +99871 240-03-58 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин. Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов 222

Аллоҳ афв қилмас гуноҳ

Ширк тушунчаси ҳақидаги шаръий манбалардаги эътиқодий нуқтаи назарда ёритилган таърифларига, маъноларига ўтишдан олдин унинг илмий эътиборда шаклланган таърифини келтириб ўтсак. Шарқшунос олимлар наздида ширк – арабча شرك сўзидан тўғридан-тўғри, таржима қилинмасдан олинган истилоҳ бўлиб, ислом динидаги политеизм консепсиясидир. Монотеизмни уқтирувчи тавҳид тушунчасига тескари маънодадир. Ширк — Аллоҳнинг шериги бор деб билиш, кўпхудолилик. Исломга кўра, Аллоҳдан бошқа “илоҳ”ларга, шунингдек, бутлар ва одамларга сиғиниш катта гуноҳ, куфр ҳисобланади. Аллоҳдан ўзгага топинувчилар мушрикдирлар. Қуръонга кўра, ширк кечирилмайдиган гуноҳ ҳисобланади. Истеъмолда кофирни мушрик, мушрикни кофир, деб аташ ҳолатлари ҳам мавжуд. Берилган мазкур таъриф луғавий жиҳатдан тўғри бўлса ҳам, ширкнинг ҳақиқатини тўла очиб бера олмайди. Шунинг учун ҳам шаръий манбаларда келган ширк таърифларини келтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Умумий маънода ширкнинг ҳақиқати, инсон Аллоҳ Ўзининг Олий Зотига хос қилган ҳамда бандаликка вазифа қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат беришдир. Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб жонлиқ сўйиши, назр қилиши, шиддатга тушганда ёки мусибатда ёрдам сўраши ва уни ҳар жойда хозиру нозир, деб эътиқод қилиши ҳамда тасарруф қудрати бор, деб ўйлашдир. Буларнинг ҳаммаси ширкдир. Имом Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ ширкнинг ҳақиқати – Инсоннинг баъзи улуғлаштирилган одамлардан содир бўлган ажойиб ишларини унинг камолот сифатларига эга бўлгани учун содир бўлди. Чунки бу нарса башар жинсидан содир бўлиши мумкин эмас эди. Балки Аллоҳга хос эди. Бу хусусият Аллоҳдан бошқада йўқ бўлиб, У бошқа эса ўз зотида фано бўлур, фақат Аллоҳнинггина зоти қолур”, деб эътиқод қилишидир, дейди. Яъни, қайсидир бир одамда ёки ҳайвон, дарахт каби махлуқотларда қандайдир ғайриоддий ишнинг содир бўлганини кўриб, бу Худодир, чунки Худодан бошқа нарса бундай ғайриоддий ишни амалга ошира олмайди, демак бу (одам ёки ҳайвон, дарахт каби махлуқ) Худо дейишлик ширк дея таъриф берилган. Бошқа манбалардаги ширк таърифларининг умумий қисми “Ширк Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага собит қилишдир” деган фикрда жамланади. Мисоли, оламда “Бўл!” дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилиш, ҳис қилиш аъзолари билан касб қилинмаган зотий илмга эга бўлиш, ақл, ваҳий, илҳом ва шунга ўхшашлар. Ёки беморга шифо бериш, бировни лаънатлаш, ундан рози бўлмаса бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолишини, бировга раҳматини кўрсатса ўша раҳмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолишини эътиқод қилишдир. Зеро, мушриклар Аллоҳга жисмларни яратишда ва катта ишларни қилишда бировни шерик қилишмас эдилар. Балки, розиликни, бахтга эришишни ёки соғайиб кетишни қандайдир тош, дарахт, ҳайвон ёки инсондан содир бўлади деб билиш дея ишонишар эди. Лекин, ширк тўғрисидаги юқоридаги келтирилган мулоҳазалар ҳам унинг ҳақиқий шаръий таърифи ва баёни эмас. Балки, улар, ширкка келтирилган мисоллардир. Чунки, ширк фақат Аллоҳ таолога хос бўлган сифат ва ишларидагина бўлмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг зотида ҳам бўлади. Гоҳида сифатларида, гоҳида исмларида, гоҳида ишларида, гоҳида ҳукмларида бўлади. Бунга тавҳиднинг таърифида ишора бор: “Инсон Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг барча кўринишларидан ўзини сақлаб, Аллоҳ таолони Зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, яккаю ёлғиз эканлигига эътиқод қилиши тавҳид деб аталади”. Демак, шунга кўра ширкнинг шаръий тушунчаси – Махлуқни Роббил оламийнга беш ишдан бирида тенглаштиришдир. Яъни, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шерига бор, деб эътиқод қилишдир. Аллоҳ таборака ва таоло “Шуаро” сурасида мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари ҳақида ҳикоя қилиб, шундай дейди: “Аллоҳга қасамки, биз очиқ-ойдин залолатда бўлган эканмиз. Чунки, сизларни Роббил оламийнга тенглаштирар эдик”. Демак, умумий хулоса сифатида айтиш мумкин, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса ҳам, бошқани Роббил оламийнга тенглаштириш, шерик килиш “ширк”дир. Ширк эса, Аллоҳ таоло томонидан кечирилмас гуноҳ эканлиги манбаларда собитдир. Шундай экан ширкдан сақланиш, ҳар бир ишимизда ниятимизни тўғрилаб, ширкнинг ҳар қандай кўринишларидан сақланган ҳолатда эътиқодда бўлишимиз лозим ва шартдир. Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилишдек мақомда бардавом қилсин! Омин! Тошкент Ислом институти талабаси Низаматдинов Есенгелди 207
1 1 300 1 301 1 302 1 303 1 304 1 427