Араб тилидаги “майсир” сўзининг ўзаги “юср” бўлиб, “енгиллик” деган маънони билдиради. Чунки ушбу ўйинда бошқа бир инсонларнинг молини осон усулда қўлга киритиш мавжуд. Шу сабабдан ҳозирги кундаги ютуқли лотереянинг барча турлари карта, нарда ва куч ишлатишга ёки қимор ва пул ютуқларига чақирадиган барча ўйинлар қатъиян ҳаром қилинган. Қиморнинг мутлақ ҳаром эканига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси, 90). Ҳар бир ўйинда бир томоннинг фойдаси кўзланиб, иккинчи томоннинг зарари вужудга келадиган ҳамда афсус-надоматларга олиб борадиган унсурлар бор экан, у қимор деб эътибор қилинади. Ушбу турдаги ўйинларнинг тақиқланиши Қуръон ва ҳадиси шарифларга кўрадир. Расулуллоҳ алайҳи салом: “Кимда-ким нарда ўйнаса, у гўёки қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига ботиргандек бўлибди”, деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Кимки нарда ўйнаса, батахқиқ, у Аллоҳ ва Расулига осий бўлибди”, дедилар. Убайдуллоҳ ибн Умар хабар беради: “Қосим ибн Муҳаммаддан “шахмат қиморми? Нарда ҳам қиморми? ” деб сўралганида, у зот: ”Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсувчи барча нарса қимор”,деб Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқидилар:“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди” (Моида, 91) Имом Шофеий: “Шахмат агар рибо, маъсият, намозни унутишдан холи бўлса, мубоҳ, чунки қимор молнинг зое бўлиши ва бировнинг молини олишни вожиб қилади. Модомики, шахматда бундай хусусият йўқ экан, у қимор эмас”, дедилар. Ислом шариатининг яна бир мўжизасидан бири 1400 йил олдин нозил бўлган Қуръон ва ҳадиси шарифларнинг бугунги кун масалаларига ҳам ечим бўлаётганидир. Қуръоннинг мукаммаллиги ҳам қонун-қоидаларнинг инсониятга ҳар вақт, бирдай жорий бўлишида. Психологлар пул тикиладиган ўйинлардан сақланишнинг энг яхши чораси – унга яқинлашмаслик, деган хулосага келдилар. Расулуллоҳ алайҳи саломнинг саҳобалари Қуръон ва ҳадисларнинг моҳиятига шунчалар етганларки, пул ўйналадиган исталган ўйин тақиқланганига шубҳа ҳам қилмаганлар. Қимор инсонни нафақат дин ишларидан, балки кишининг кундалик юмушларидан ҳам чалғитиб қўяди. Унга муккасидан кетган одам пул топиб уни совуриш учун қотиллик, ўғирлик, талон тарож қилиш каби жирканч ишларнинг барчасига тайёр. Бор будини тугатмагунча ўйиндан тўхтамайди. Шифокорлар қимор оламига қадам босишнинг уч сабабларини келтирадилар: – инсоннинг маънавий даражасининг пастлиги; – ночорлик; – руҳан изтироб чекиш. Ашаддий ўйинчилар уйқу ва таомсиз ҳам кунлаб қимор ўйнашлари мумкин. Натижада, уларда депрессия, руҳий фаолиятнинг бузилиши кузатилиб, инсон танасини аста-секин тубдан емиради. Ҳозирги кунда чўнтагида 3-4 сўм пули бор бўлган мактаб ёшидаги ўсмирлардан то нафақадаги кишиларгача “омад кулиб қолар”, дея лотерея чипталарини сотиб олаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бир кишининг “омади” туфайли миллионлаб кишилар ўзларини “омадсиз”, деб ҳисоблайдилар. Бир мушоҳада қилиб кўринг, қимор инсонни нималарга олиб боряпти: бағрига босиб оқ сут берган, ўзи емай едирган, уйқусиз тунларини фарзандига бағишлаган онага ким қўл кўтаряпти, ким уни жонига қасд қиляпти? Маълумки, қиморхоналарда кунига миллионлаб пуллар бир чўнтакдан бошқа бирига ҳеч қийинчиликсиз ўтиб қолади. Мисқоллаб йиғилган жамғарма сонияларда ҳавога совурилади. Уй-жой, машиналар тортиб олинади. Бир лаҳзада бор-будидан айрилган инсон масаланинг ягона ечими деб, ўз жонига қасд қилади. Ушбу “фойдали ўйин” орқали бир тоифа инсонлар қайноқ кўз-ёшлар, бошқаларнинг ҳасрат-надоматлари эвазига ер юзида ўзлари учун “жаннат” қуриб оладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 188 оятида: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”, дейилган. Имом Қуртубий деганларки: “Оятдаги “ботил йўл билан емаслик”ка ҳаромнинг...
Таржима инсоният фаолиятининг энг қадимий турларидан бири бўлиб, у туфайли биз инсоният тараққиёти тарихини барча тафсилотлари билан очиқ-ойдин тасаввур этамиз. Таржима халқлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик манфаатларига, улар ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, илмий, маданий ва адабий алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилувчи қудратли қуролдир. Таржима турли халқлар адабиётларининг ўзаро алоқаси ва бир-бирига таъсири жараёнини тезлаштиради. Таржимавий асарлар туфайли китобхонлар жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўладилар, уларнинг эстетик туйғулари ошади, дидлари ўсади, уларда гўзал нарсалар ҳақида тушунчалар ҳосил булади. Таржима борасида сўз кетганда, албатта, диний манба ва адабиётларни таржима қилиш билан боғлиқ услуб ва ҳаттоки шаръий ҳукмлар ҳам эътибор марказига чиқади. Зеро, дин инсон ҳаётининг дастури ва ҳис туйғулари масдаридир. Юртимизда Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар 90 фоизни ташкил қилади. Шундай экан таржима борасида, айнан Ислом динига оид араб тилидаги манба ва маълумотларни таржима қилиш мажбурияти сезиларли даражада ўрин эгаллайди. Ислом дини манбаларининг асоси бу сўзсиз Қуръондир. Унинг маъноларини таржима қилиш бошқа ҳар қандай таржима олдида масъулияти ва мураккаблиги билан сезиларли фарқ қилади. Зеро, Қуръон таржимаси бу Қуръон бўлмайди. Чунки, “Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломдир”. Унинг ожиз қолдирувчилик хусусияти араб тилида ўз асл ҳолида қолади. Зеро, таржимон таржима жараёнида ўз фикр мулоҳазаси билан ёндашгани ҳолида, унинг маъносини бир томонга тортади ва бошқа ботиний маъноларини йўқотиб қўяди. Ибодатда ўқилиш шарти ҳам фақат араб тилидаги Қуръонга хосдир. Шундай бўлса ҳам Қуръон таржимаси ва тафсири зарурдир ва бу мана неча йиллар давомида амалга оширилган савобли амаллардандир. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари борасида ҳам шунга яқин фикр билдириш мумкин. Ҳадисларни таржима қилишда Қуръончалик шарт ва мажбурият қўйилмаса ҳам, баъзи муташобиҳ хабарлар олдидаги ожизлик, ҳадис таржимаси ҳам бутунлай шаръий ҳукм ёки баъзи мажбуриятлардан ҳоли эмаслигини билдиради. Хулоса ўрнида, албатта, биз мусулмонлар учун муқаддас динимиз эътиқодини, шаръий ҳукмларини ва одобларини ўз тилимизда бемалол тушунишимиз учун замин яратган олиму-уламоларимиз, катта устозларимиз ва домлаларимизнинг таржима ва бошқа барча хизматлари учун миннатдормиз, десак мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, улар мазкур савобли, шу билан бирга масъулиятли ишда пешқадам бўлдилар ва меҳнат қилдилар. Аллоҳ таоло барчамизни савобли ишларда бардавом қилсин! Тошкент ислом институти битирувчиси Аҳмаджонов Иброҳим 505
Ислом олами ҳижрий 7 асрда муҳим воқеалар гувоҳи бўлди. Бу асрда хатарли сиёсий ҳодисалар юз бериб ислом олами тарихини, ислом маданиятини, илмий ҳаётини ўзгартириб юборди. Қози Байзовий яшаган асрдаги аҳвол: Сиёсий аҳвол. Ҳижрий 7 асрда аббосийлар давлати жуда заифлашиб кетди. Аббосий халифанинг ҳукми пойтахт Бағдод шаҳридан ташқарига чиқмас эди. Сиёсий қувват салжуқий турклар, Миср, Шом, Ҳижоз ва Ямандаги айюбий курдлар ўртасида тақсимланган эди. Улардан сўнг 7 аср биринчи ярми охирларида тарих саҳнасига мамоликлар кириб келди ва номига аббосийлар халифалигига бўйсунди. Сўнг афғон ва ҳинд ерларида ғоврия, Мисрдаги фотимийлар, Ямандаги сулҳийлар, Мовароуннаҳрдаги хоразмийлар каби мустақил исломий давлатлар пайдо бўлди. Бу давлатлар ўртасида тинимсиз низолар ва қонли жанглар бўлиб ўтган. Бу ҳолат шубҳасиз давлатларнинг заифлашувига олиб келди. Боз устига бу давлатларнинг ички ишларида барқарорлик, тинчлик йўқ эди. Қолаверса, Бағдодда аҳли сунна вал жамоа ва шиалар ўртасида ҳам катта фитна содир бўлиб кўплаб инсонлар қурбон бўлди. Натижада аҳли сунналардан бўлган аббосий халифа ғалаба қозонди. Аббосий халифанинг Ибн Алқамий исмли вазири сотқинлик қилиб, ислом оламига ҳамла қилишни режалаштириб турган мўғулларга қўшилиб кетди. Мўғулларнинг ўзи ҳам мусулмон оламига хужм қилишга пайт пойлаётган эди. Ибн Алқамий уларнинг олдига келиб мусулмонларнинг заифлашганини айтгач мўғиллар ислом ўлкаларига хужм бошладилар. Ҳулоку бошчилигидаги мўғиллар бирин кетин шаҳарларни эгаллаб аббосийлар давлати пойтахти Бағдодгача етиб келдилар ва уламоларни қатл қилдилар, йўлларида учраган кишини сўйиб ташладилар, китобларни ёқиб Дажла дарёсига ташладилар, шаҳарни қирқ кун қирғинбарод қилдилар.[1] Мўғил қўшинлари шом ўлкасига қўшин тортиб Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарларини эгаллаб олдилар. Мўғиллар мамоликлар билан бирлашиб мусулмонларга қарши жанг қилдилар. Мусулмонлар Рукнуддин Бибрис бошчилигидаги мусулмонлар мўғиллар устидан ғалаба қозонишди ва мўғилларнинг қўмондонини қатл қилишди. Бу ҳодиса 658 йилда юз берган эди.[2] Ғарбда эса салб юришлари узлуксиз давом этаётган эди. Салбчилар Миср ва Қуддусни мусулмонлардан озод қилишни мақсад қилган эдилар. Мусулмонлар салбчиларга қарши матонат билан курашмаганларида эди, салбчилар Шом ва Мисрнинг кўплаб ерларини эгаллаб олган бўлардилар. Ижтимоий аҳвол. Аббосийлар халифалиги даврида аҳоли араблар, форслар, турклар, яҳудийлар, христианлардан иборат эди. Мусулмон давлати христиан ва яҳудийларга омонликни кафолатлаган эди. Бу даврда мусулмонларнинг бўлиниб кетиши ислом жамиятини кучсизланишига олиб келган гуруҳларни келиб чиқишига сабаб бўлди. [3] Маданий аҳвол. Аббосийлар давлатига барҳам берилганидан кейин ислом оламининг чегараларида турли мустақил давлатлар пайдо бўлди. Мана шу давлатларнинг исломий маданияти ривожланган, илмлар турли ерларга тарқалган даври пайдо бўлди. Бағдод шаҳри ислом оламининг маданий маркази мақомини олганидан кейин, аста секин Қоҳира, Бухоро, Табриз, Шероз, Қуртуба каби бошқа шаҳарлар марказ сифатида шакллана бошлади. Бу шаҳарларда халифалар, султонлар, амирлар, вазирлар, аҳли илмларнинг рағбатлари остида илм ва одоб ривожланди. Бу даврда масжид, кутубхона, ва мадрасалар маданият марказлари ҳисобланган. Ўша даврда асос солинган мадрасалар бизнинг даврдаги университетлар билан мавқеъи бир хил эди. Бу мадрасаларда кўплаб фанлардан дарс берилар эди. Бундай мадрасалар айниқса шарқ мамлакатларида кўпайди. [1]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. – Макка. “Уммул қуро” университети. –Б. 18 [2]Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Қураший ад-димашқий. Ал-бидая ван ниҳая. Ж-12.- Байрут. “Мактабатул маориф” нашриёти, 1977 й – Б. 266-309 [3]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. – Макка. “Уммул қуро” университети. –Б. 19 Араб тилидаги манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Муҳиддинов Музаффар 399
Бугунги глобаллашув шароитида дунё янгиликларини ўрганиш ва уларни синтез қилиш, оқини қорасидан ажратиб бориш, албатта, муҳим фаолиятдир. Зеро, дунёда бўлаётган жараёнларга эътиборсиз қолиб, кўз юмиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг иродаси ила дунёда Одам фарзандлари турли миллат ва элат вакилларига ажратилган. Уларни бир-бирларидан ажратувчи энг асосий восита бу тилдир. Тиллар бошқаларидан шунчалик даражада фарқланиб кетганки, уларни узоқ ва чуқур ўрганишларсиз тушуниб, англаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўз тилидан бошқа тилларни билувчилар жамиятда унчалик кўп учрайвермайди, балки баъзилар бир нечта тилларни билса, бошқалари ундан бошқаларини ўзлаштирган бўлади, ва бошқа тоифа эса фақатгина маҳаллий тилинигина билади холос. Лекин, уларнинг дунё янгиликларидан бир хил хабардор бўлишга ҳақлари бор ва бу борада улар тенгдирлар. Шундай экан фақат бир гина йўл, яъни турли хил тилларда келаётган маълумотларни маҳаллий тилга таржима қилиш ва жамиятнинг барча қатлам вакиллари учун тақдим қилиш зарур бўлади. Бундан маълум бўладики, таржимонларнинг, яъни касб юзасидан эмас, балки таржима қилишга салоҳиятли бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги ўрни аҳамиятлидир. Аслида таржимадан кўзланган мақсад – хорижий тил лисоний воситалари ёрдамида яратилган матн ёки нутқни она тили материали асосида қайта яратишдан иборатдир. Бунинг учун таржимон, биринчи навбатда, асл нусхани тўла-тўкис идрок этиши, сўнгра уни ўз тилида беками-кўст қайта ифодалаши даркор. Муаллиф бермоқчи бўлган маълумот ёки яратган воқеъликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга бўлгани ҳолда, асар таркибидаги лисоний воситаларнинг мазмуний ва услубий-эстетик жиҳатларини тўғри англаши, шу билан бирга муаллиф назарда тутган бош ғояни, унинг ният ва мақсадларини. очиқ-ойдин кўзга ташланиб турган воқеа-ҳодисалар тасвиридан ташқари яна матн ортида турган воқеъликни, бир сўз билан айтганда нафақат лисоний, балки ғайрилисоний омилларни ҳам тўла-тўкис тасаввур этиши зарур. Токи натижа шундай бўлсинки, аслият ўз ўқувчи ёки тингловчисига қандай тушунча ёки завқ бахш этса, унинг таржимаси ҳам асарни аслиятда мутолаа қила олмайдиган ўқувчи ёки эшитувчига худди шундай таассурот инъом этсин. Таржимада нуқсонларни кўрган шахс аслни саёзликда айблайди, ёки умуман ундаги ғояга қарши фикр пайдо қилади. Натижада асл асардан кўзланган мақсад амалга ошмайди, балки тескари таъсир кўрсата бошлайди. Шунинг учун ҳам таржиманинг маълумотлар алмашинуви жараёнларида аҳамияти жуда каттадир. Мазкур фикрларни хулосаси ўлароқ айтиш мумкинки, барча илмлар қатори таржимонлик илми ёки тил ўрганиш ҳар доимгидан кўра бугунги глобаллашув шароитида энг муҳим вазифалардандир. Тошкент ислом институти битирувчиси Иброҳим Аҳмаджонов 444
Умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак. Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “ҳўжа кўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло буюради: وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّه “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196. (عَنْ أبِى هُرَيْرَةَ ؛ أن رَسُولَ اللهِ ( صلى الله عليه وسلم ) قَال : (العُمْرَةِ إِلَىَ العُمْرَةِ كَفَارَة لِمَا بَيْنَهُمَا Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир…”. Саҳиҳи Бухорий, 1773. عنعطاء قال سمعت ابن عباس رضي الله عنهما يخبرنا يقول قال رسول الله صلىالله عليه وسلم لامرأة من الأنصار سماها ابن عباس فنسيت اسمها ما منعك أنتحجين معنا قالت كان لنا ناضح فركبه أبو فلان وابنه لزوجها وابنها وتركناضحا ننضح عليه قال فإذا كان رمضان اعتمري فيه فإن عمرة في رمضان حجة Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорий аёлга: “….Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар. Термизий ривояти. Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир. Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир: Умра ибодатини аввало холис Аллоҳ таоло учун ният қилиш унинг мақбул бўлишидаги асосий шартлардан биридир. Зеро, риё аралашган амал биноларининг пойдеворлари ўша биноларни қулатади; Бу улуғ ибодат сафарига отланишдан олдин гарданидаги бошқаларнинг ҳақларини ўз эгаларига қайтариши; Мол-мулк сифатида қийматга эга бўлган нарса қўлида мавжуд бўлса сафардан олдин уни васият қилиб қўйиши; Бу ибодат сафари учун мўлжалланган маблағ ҳалол йўл билан топилган бўлиши; Йўлга чиқишдан аввал оиласига ҳадисда айтилганидек қуйидаги дуони айтади: أسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الّذِي لَا تَضِيعُ وَدَائِعُهُ “Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зоъе бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)”. Ибни Можа ривояти; Автомашина, тайёра ёки шунга ўхшаш сафар уловларига минганида ушбу ҳадисга амал қилади: عنابن عمر رضي الله عنهما ( أن رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) كان إذااستوى على بعيره خارجاً للسفر حمد الله تعالى وسبح وكبر ثلاثاً ثم قالسبحان الذي سخر لنا هذا وما كنا له مقرنين وإنا إلى ربنا لمنقلبون اللهمإنا نسألك في سفرنا هذا البر والتقوى ومن العمل ما ترضى اللهم هون سفرناهذا واطو عنا بعده اللهم أنت الصاحب في السفر والخليفة في الأهل اللهم إنيأعوذ بك من وَعْثَاءِ السفر وكآبة المنظر وسوء المنقلب في الأهل والمالوالولد وإذا رجع قالهن وزاد فيهم آيبون تائبون عابدون...