Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади: «Ибн Умар чўпон ва қўйларни қақроқ ерда кўрди. Ундан яхши жойни кўриб: «Эй шўринг қурғур, ҳой чўпон! Уларни бу томонга ўтказ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсада масъулдир», деганларини эшитганман», – деди». Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрибдилар. Қарасалар, қўй боқиб юрган жойлари серўт бўлмаган, суви ҳам кам ерлар экан. Абдуллоҳ ибн Умар бошқа бир жойда яхши яйловни кўрган эканлар, шунинг учун чўпонга қараб: «Эй шўринг қурғур, бу ёққа кел, қўйларни мана бу томонга ҳайдаб ўт. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсага масъулдир», деганларини эшитганман», – деган эканлар. Зиммасига масъулият юкланган ҳар бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша нарса учун жавоб беради. Масалан, бепарво чўпондан «Нима учун яхши яйлов бўла туриб, қўйларингни мана бу яйловда боқдинг?» деб сўралади. Ушбу ривоятда айтилганидек, чўпон келиб, Абдуллоҳ ибн Умардан «Қўйимни қаерда боқай, маслаҳат беринг», деб сўрамаган. Ҳар бир ҳадисга амал қиладиган, ҳатто қўйларга ҳам яхшиликни раво кўрадиган, оқил киши Абдуллоҳ ибн Умар чўпон сўрамаса ҳам, яхши маслаҳат берган эканлар. Шундан келиб чиқиб, баъзан тажрибасизроқ, эътиборсизроқ кишилар бир ишни нотўғри қилаётган бўлсалар, ўзлари сўрамаса ҳам, ақлли, тажрибали кишиларнинг уларга фойдалироқ бир ишни маслаҳат бериб, тавсия қилишлари савобли иш бўлар экан. Аксинча, «Сўрамади-ку, менга нима», деб кетаверишлари дуруст бўлмас экан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Одоблар хазинаси» китобидан 836
Самарқандлик тажрибали хаттот Жамил Эргашев бундан уч йил олдин “Садқаи жория”га қўл урган эди. Яъни Қуръони каримни Самарқанд қоғозига ёзишга киришган эди. Бугунги кунда қадар ушбу муқаддас китобнинг 25 беш пораси битиб бўлинди. Ҳунарманд қолган 5 порасини Мустақиллик байрамигача ёзиб тугатишни ният қилган, хабар берди xs.uz сайти. — Бугунги кунда бутун дунёда Қуръони карим насҳ хатида ёзилади, —дейди хаттот. — Биз ҳажман нисбатан катта ва мураккаб бўлган сулс хатида ёзяпмиз. Сабаби, Қуръони карим нусхасининг катталиги юртимизда сақланаётган Усмон Мусҳафи билан бир хил бўлади. Унинг бир саҳифасини ёзишга ўртача 3-4 кун вақт керак бўляпти. Ушбу Қуръони каримнинг ёзиб бўлинган қисми Бухорода бўлиб ўтаётган I Халқаро зиёрат туризми форумида нуфузли тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. 805
Жоҳилият замонида ёзилган гўзал қасидалар Каъбага осилган турарди. Қуръон нозил бўла бошлагандан сўнг қасидалар осилган жойидан олиб ташланди. Чунки Аллоҳ таолонинг каломи бўлган Қуръоннинг фасоҳати олдида бу қасидалар ожиз эди. Фақат Имриул Қайснинг қасидаси қолганди холос. Бунга сабаб Имриул Қайснинг синглиси акасининг қасидасини фасоҳатда тенгсиз деб биларди шунинг учун ҳам олиб ташланишига қаршилик қилганди. Аллоҳ таоъло Ҳуд сурасидаги …و قيل ياارض ابلعى مائك و يا سماء اقلعى «Эй ер, сувингни ютгил, эй осмон, ўзингни тутгил …» оятини нозил қилгач, Имриул Қайснинг синглиси ўзи дарҳол бориб акасининг осилган қасидасини олиб ташлади. Бу ерда гўзал мажоз ишлатилган бўлиб, буйруқ фақат жонсиз нарсаларга қаратилган. Бу ердаги мажоз араб тилида ҳам ва бошқа тилларда ҳам учрамайди. Ибнул Арабий сўзларига кўра: «Аллоҳ таоълонинг тақдирига кўра (Нуҳ алайҳиссалом тўфони сабаб) икки сув, осмон ва ер сувлари учрашди. Аллоҳ таоло осмонга ўз сувини “اقلع“ феъли ила қуритишга, суғуриб олишга буюрди. Осмон ер сувидан бир қатра ҳам ўзига ютмади. Ерга эса “ابلع“ феъли ила ютишга яъни ўз сувларини симириб олишга буюрди. Ер осмон сувидан бир қатра ҳам ютмади. Аллоҳ икки сув орасини икки феъл ила фарқини ифода этди». Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ўзининг фасоҳатли каломини бандаларига мана шундай ифода этмоқда. Буюк Аллоҳ икки сувни ўрнига қайтариб коинот мувозанатини сақлаб турганидан хабар бермоқда. 3-курс талабаси Иномжон Аҳадов 852
“Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Диний соҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ Тошкент ислом институтида 2019 йил 21 февраль куни институт профессор-ўқитувчилари ва ходимлари учун “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий маъруза ташкил этилди. Тадбирда Тошкент шаҳар Олмазор туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили Абдувоҳид Шукуров иштирок этиб бугунги глобаллашув даврида ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳар хил ахборот хуружларига қарши ёшлар онгида маънавий “иммунитет”ни шакллантириш, динимиз софлигини таъминлашда институт устозларининг ўрни каби масалалар ҳақида сўзлаб берди. Ижтимоий фанлар кафедраси мудири О.Тангиров 816
Шайҳ Софват Ҳижозий жума хутбаларидан бирида инсонларга бир воқеа айтиб бердиларки, у воқеа масжидда ўтирган барча инсонларни кўзларини ёшлади. Шайх бир йигитни яхши танир эди. У йигит жуда ҳам тақводор, Қуръонни тўлиқ ёд олган эди. У ҳеч қачон тунги намозларни канда қилмас, беш вақт намозини масжиднинг олдинги сафида адо этарди. У бир куни шайхини ёнига келиб ғаройиб савол берди. У айтдики: “Мени кўп ишларимни биласиз. Мен Қуръони каримни ёд олганман, намоз вақти бўлиши билан масжидда ҳозир бўламан, тунги намозларни асло канда қилмайман, ҳар кеча Роббим ҳузурида қоим бўламан. Айтингчи, мени Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан фарқим нима?”, деди. Шайх унинг саволидан, ўзида кўраётган бу ҳолатдан ва бу йигитни ушбу ҳадисни билишидан жуда ажабланди. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўртасида бир гап ўтган эди. Бас, Холид уни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам, улардан бирининг муддича ёки ярим муддичасини топа олмас”, дедилар”. Шайх унга эртага жавоб беришини айтди. Йигит уйига кетди ва ухлади. Эрталаб уйғонса бомдод намози вақти кириб бўлган, у эса тунги намозга ухлаб қолган эди. Бундан жуда қаттиқ таъсирланди, маҳзун бўлиб қаттиқ йиғлади. Чунки у илк бор тунги намозни зоеъ қилган эди. Масжидга борди ва шайхини кўриши билан йиғлаб юборди. Шайх ундан буни сабабини сўради. У: “Кеча сизнинг ёнингиздан уйимга бордим, ухладим ва бомдод вақтида уйғондим, илк бор тунги намозга тура олмадим. Тушимда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Улар бир қўллари билан менинг қўлимни ва бир қўллари билан саҳобаларини қўлини ушлаб олиб, ўзлари ўртада турардилар. Шу пайт бир машина жуда катта тезлик билан улар томонга келарди. Улар менга қараб, шу азиятни улардан даф қилишимни сўрадилар. Мен ўша машинани олдини тўсиш учун каттароқ тош ёки шунга ўхшаш нарса қидирдим, лекин топа олмадим. Тезда уларни ёнларига бордим ва топа олмаганимни айтдим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўша азиятни даф қилишини сўрадилар. Саҳоба эса ҳеч қандай нарса қидиришга шошмади, ўзини машинанинг йўлига отди, машина саҳобани босиб ўтиб тўхтади. Йиғлаб уйғондим. Шайх унга: “Кечаги саволингни жавобини билдингми?”, деди. Йигит: “Билдим, лекин нима учун тунги намозга тура олмадим?”, деди. Шайх: “Бу сенга ўзингни саҳобалардан улуғ санаганинг учун Аллоҳнинг уқубати”, деди. У саҳоба Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий муҳаббат ила севган, тил билан эмас. Энди сен уларнинг муҳаббатига етиштирадиган бир нарса ушлагин, у нарса эса “суннатга эргашиш”, деди. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга икки нарсани қолдиряпман, ким уларни маҳкам ушласа асло адашмайди. Улар Китоб ва Суннатдир”, деганлар. 1-курс талабаси Р.Маннобжонова 967