islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Буюк муҳаддис Ибн Абдулбар

Моликий мазҳабининг буюк муҳаддисларидан бири, хофиз, фақиҳ Ибн Абдулбар  роҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исмлари Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн  Абдулбар ан-Намари (ан-Нумайри) ал-Андалусий ал-Куртубий ал-Маликий бўлиб, ҳижрий 368чи, милодий 978-йилда Андалусиянинг Куртуба (ҳозирги Кардова) шаҳрида ўзининг илми ва тақвоси билан машҳур бўлган оилада таваллуд топганлар. Оталари Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Қуртуба шаҳрининг машҳур фақиҳларидан эдилар. Оталари Ибн Абдулбарнинг ёшликларида вафот этиб кетганлиги туфайли оталаридан дарс ола олмайдилар. Бироқ, етимлик у зотни ўз вақтининг буюк уламоларидан дарс олиб улуғ имом бўлиб етишишларига тўсқинлик қила олмади. Ўша даврда Андалусияда моликий мазҳаби кенг тарқалгани учун ёшликларидан ушбу мазҳаб фиқҳини ўрганишга катта эътибор қилдилар. Баъзи манбаларда аввал зоҳирий мазҳабида бўлганлар, кейинроқ имом Молик мазҳабига ўтганлар деб ҳам айтилади. Имом Ибн Абдулбар Андалусиянинг турли шаҳарларига сафар қилиб замонанинг 60дан зиёд буюк олимлари ҳузурида илм олдилар. Заҳабий Сиярда У кишининг машҳур устозлари қаторида қуйидагиларни келтиради: Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Алжуҳаний; Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Алжасур; Абу Умар Аҳмад ибн Абдуллоҳ Албожий; Абул Валид ибн Фарозий (ҳадис илмини ўрганиб, имом Моликнинг Муваттосини шу кишининг ҳузурларида ўқиганлар); Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Алмуъмин (Сунани Абу Довуд, Муснади Аҳмад ибн Ҳанбалдан дарс олганлар). Ва бошқа кўплаб олимлардан илм ўрганиб, ҳадис илмида хофизлик даражасига етишдилар, рижол илми, қироатлар ва фиқҳий ихтилофлар борасида улкан илм соҳибига айландилар ва мисли кўрилмаган асарлар ёздилар, кўплаб шогирдлар етиштирдилар. Заҳабий Сиярда Ибн Абдулбарнинг шогирдлари қаторида қуйидагиларни келтиради: Муҳаммад ибн Ҳазм (Зоҳирий мазҳабининг буюк олимларидан ва мағрибнинг энг машҳур муҳаддисларидандир); Абул Аббос Далҳос Аддалоилий; Абу Муҳаммад ибн Абу Қуҳофа; Хофиз Абу Али Ғасоний; Хофиз Абу Абдуллоҳ Ҳумайдий. Машҳур асарлари: «Аттамҳид лима фил Муватто минал маъаний вал асанид» Имом Молик муваттоларининг шарҳи (Ибн Ҳазм“ҳадислар фиқҳида бирор ўхшаши бўлмаган китоб” деб айтганлар); «Алистийъаб фий маърифатил асҳаб» Саҳобалар ҳақидаги дастлабки китоблардан бири; «Жомеъу баянил улум ва фазлиҳи ва мимма йанбағи фий риваятиҳи ва ҳамлиҳи» Илмнинг фазилати ва илм аҳлининг одоблари ҳақидаги китоб; «Аддурар фий ихтисорил мағозий вассияр»; «Ашшаваҳид фий исбати хобарил вахид»; «Алкофий фил фиқҳи ала мазҳаби аҳлил мадина» Имом Молик  фиқҳларидаги масалаларни жамлаган мухтасар асар. Ва бошқа, илмнинг турли соҳаларига оид ўнлаб асарлар битганлар. Уламоларнинг у зот ҳақларидаги гаплари: Имом Заҳабий: мағрибнинг хофизи, аллома, шайхулислом деганлар; Абул Валид Божий: Андалусда ҳадис соҳасида Ибн Абдулбардек бошқаси бўлмаган. Мағрибнинг энг буюк хофизи деганлар. Ўша даврда Андалусия илм энг ривожланган минтақалардан бўлганини эътиборга олсак, бу жуда катта эътироф; Абул Қосим ибн Башкавул: замонасининг имоми, ўз даврининг энг улуғи деганлар; Қози Иёз: замонасидаги энг машҳур муҳаддис. Музаффар ибн Афхас даврида Ашбуна (Лиссабон) шаҳрида қози бўлиб ишлаганлар. Ибн Абдулбар 463- ҳижрий, 1070- милодий йилда 95 ёшларида Андалусиядаги Хатифа ёки Шатива шаҳрида вафот этганлар. Аллоҳ У кишини раҳматига олсин. Тошкент Ислом институти талабаси Умарходжаев Мурод 974

Яхши кайфиятда бўлишнинг сири

Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб: – Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди. Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач: – Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди. – Бор йўғи шуми? – ажабланибди у. –  Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак! Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: – Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди. Бироқ донишманд унинг гапига унамабди, – Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди. Манбалар асосида Бахмал тумани «Бувайша» имом-хатиби Атқияев Ибодулло Манба: Muslim.uz 911

Тажриба алмашиш дастури доирасида Туркиялик талабалар Ўзбекистонда

Айни кунларда Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Турк ҳаво йўллари, «Анадолу» агентлиги ва Туркия радио ва телевидения корпорацияси (ТРТ) ҳамкорлигида ташкил этилган “2018 йил тажриба алмашиш Дастури” доирасида Туркиянинг турли университетларидан кўнгилли равишда келган 20 га яқин талаба Самарқанднинг тарихий ва диққатга сазовор жойларини зиёрат қилмоқда. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро маркази матбуот хизмати хабар берди. Дастур доирасида улар бугун Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишди, музей ва масжидни кўздан кечиришди. Сўнг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биноси, Ҳадис илми олий мактаби бинолари ва унда олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар. Айни дамда зиёратчилар Бухорога жўнаб кетишди. Манба: Azon.uz 897

Бўладиган бола

Абдуллоҳ ёшлигидан тиришқоқ, кичик бў­лишига қарамай, кекса отасига ёрдам бериш учун тинмай ҳаракат қиларди. Отаси Мурод ота анча кексайиб қолган, ёши олтмишдан ошган бўлиб, оғир меҳнат қилса, тез толиқиб қолади. Чарча­ганини билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмасин, барибир кексалиги ошкора қилиб қўярди. Отасини доимо кузатиб юрган, аҳволини англаб етган кенжа Абдуллоҳ имкон қадар унга ёрдам беришга уринади. У кекса отасининг ҳарсиллаб кетмон чопишини кўриб руҳан эзи­лади. Абдуллоҳнинг кетмон чопишга кучи ет­маса-да, отасига сездирмай токларнинг остини юмшатишга, ер чопишга ҳаракат қилди. Эрта тонгда эшагини миниб, чошгоҳгача молларга икки-уч марта ўт олиб келар, тушдан ке­йин яна шундай қиларди. Ҳамма ўйин билан овора бўлганида, у меҳнат қиларди. Вақт топди дегунича қўлига китоб олиб мутолаа қиларди. Ота-онаси бирон маротаба ўт олиб кел, ер чоп, кито­бинг­ни ўқигин, деб айтмасди, юракдан меҳнат қи­лар ва тиним билмасди. Онаси бўлса, “Кўп китоб ўқийверма”, деб чироқни ўчириб қўярди. Шунга қарамай, илм олишга қизиқувчан бола фона­рини ёритиб кўрпанинг ичида китоб ўқирди. У олдига катта мақсад қўйган: “Ўқиб етук инсон бўла­ман, отамнинг оғирини енгил қиламан, онамга кўмакдош бўламан”, деб тинмай ҳаракат қиларди. Баъзи ёши катта болалар уни масхаралаб камситишганда: “Ҳали шошмай туринг­лар, келажакда олим бўламан. Ўшанда Абдуллоҳ­нинг ким­ли­гини кўрасизлар, ҳаммангиз ялиниб олдимга борасизлар!” дерди. Мурод ота фарзандини доимо дуо қиларди. Мурод ота қўшниси Темир ота билан гаплашиб ўтирганида, эшакка ўт ортиб келиб туширишга қийналаётган Абдул­лоҳга қараб: – Шу ўғлингдан катта одам чиқади. Ҳеч ти­ним билмайди. “Бўладиган бола ўн беш ёшда бош бўлар, бўлмайдигани қирққа кирса, ёш бўлар”, деган мақолни эшитгансан-а, шу мақол сенинг ўғлингга ўхшаган ғайратли болаларга айтилга­нов. Менга қара, Мурод, ўғлингни ишла деб ура­санми? – деди кўзига тикилиб. – Нима деяпсан, бу болани уриб бўларканми? Ўзининг ғайрати ичига сиғмайди. Бошқаларга ўхшаб ўйнагин, дам ол десам, қулоқ солмайди. Абдуллоҳ мактабни тугатиб, олийгоҳда ўқиди. Уни битириб, катта олим бўлди. Отасини эъзоз­лаб, бошларига кўтариб, дуосини олди. Уни яхши таниганлар: “Сен дуо олгансан, сен билан ўйна­шиб бўлмайди!” дердилар. Ҳа, “Бўладиган бола бошидан” деб бежизга айтилмаган. Бу каби бола­ларга ишоранинг ўзи кифоя бўлади. Ҳар гапни маъносига қараб йўл тутади. Баъзилар қирққа кирса-да, панд-насиҳатни қулоғига олмайди. Тўғрини эгри, эгрини тўғри дейди. Дангасаликка ўрганиб, ота-онанинг хизматидан қочиб, ёмонлигини қўймай, улғайишга интилмайди. Эй азиз фарзанд! Интилганга толе ёр! Ота-­онасини хизматини қилган, устозлар дуосини олган, эл-юртнинг олқиш ва раҳматларини ол­ган инсон, албатта, бахтли бўлади. Бундай инсон­лар узоқ умр кўрадилар. Ким мана шундай ин­сонларга ёмонлик қилса, албатта, ёмонлиги ўзи­га қайтади. Шу боис улуғларимиз: “Дуо олган одамдан эҳтиёт бўлинг. У дуолар қўрғонида бў­лади. Унга ёмонлик қилсангиз, ўзингизни балоларга гирифтор қиласиз. Сиз ҳам дуо олган мана шун­дай инсонлар дуосини олинг, сиз ҳам бахтли бўла­сиз”, дейдилар. Юқоридаги улуғ инсонларнинг айт­ганини қилиб, бахтга эришинг, раҳмат ва олқиш­лар олиб, умрингизни баракотли қилинг. Асло қарғиш олманг! Қарғиш умрингизни кесиб, бара­кангизни қочиради. Ақлингизни ёшлигингиздан ишлатсангиз, ҳаётда кўп яхши­ликлар кўрасиз. Қирқ ёшга етса ҳам ақли тўлмаса, Ёмон амалларни ҳаргиз қўймаса, Устига фазлдан либос киймаса, Бўлади, бундайни одам демаса. Манба: Muslim.uz 905

Абдулғаний Мақдисий

Шом диёри ислом оламига кўплаб олимларни етиштириб чиқарган. Шундай олимлардан бири имом, аллома, ҳофиз, муҳаддис, фақиҳ Тақиюддин Абу Муҳаммад Абдулғаний ибн Абдулвоҳид ибн Алий ибн Сарур Алмақдисий Алҳанбалий роҳматуллоҳи алайҳдирлар. Уламолар у кишининг насаблари Жаъфар ибн Абу Толибга етиб боришини айтадилар. Ҳижрий 541чи, милодий 1146-йилда Фаластиннинг Наблус минтақаси Жаммоил қишлоғида туғилганлар. Бу ерлар Байтул мақдис атрофи бўлгани учун Мақдисий нисбатини олганлар. Лекин, салбчилар томонидан Байтул мақдис босиб олингани учун ёшликларида оилалари билан Дамашқ шаҳрига кўчиб ўтганлар. Уламолар оиласида туғилганлари учун ёшликларидан илм ўрганишга қаттиқ киришдилар. Дастлаб, оилаларининг раҳбари аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қудомадан дарс оладилар. Сўнгра Дамашқнинг шайхлари, олимларидан илм ўргандилар. Илм талабида Искандария, Боғдод, Ҳаррон, Мўсул, Исфаҳон ва бошқа кўплаб шаҳарларга сафар қилдилар ҳамда замонасининг буюк олимларида таълим олдилар. Машҳур устозлари: Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қудома Абул Макорим ибн Ҳилол Салмон ибн Алий Арроҳбий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамза Алқуроший Абдулқодир Жийлоний 561-йилда холаларининг ўғли ибн Қудома билан Боғдодга келганларида Абдулқодир Жийлонийнинг уйларида турадилар ва у кишидан жуда кўп нарсалар ўрганадилар. Имом Мақдисий ёшликларидан ҳадис илмини алоҳида иштиёқ билан ўргандилар, катта шаҳарларда уламолардан ҳадис эшитдилар, натижада ўзлари ҳам буюк муҳаддис бўлиб етишдилар. Сўнгра Дамашққа қайтиб келдилар ва китоблар таълиф қилиш ҳамда исломий билимларнинг турли соҳаларидан дарс бера бошладилар. ​Шогирдлари:​ Изуддин Муҳаммад Абу Мусо Абдуллоҳ Абу Сулаймон Абдураҳмон (учовлари ўғиллари) Хофиз Сулаймон ибн Рохмаҳ Абдулазиз ибн Абдулжаббор Қоланисий ва бошқалар. ​Имом Мақдисий ислом оламига бебаҳо асарлар тортиқ қилдилар. Имом Абдуллоҳ Басирийнинг айтишларига кўра Мақдисий ҳазратлари 50 дан ошиқ асарлар ёзганлар. Энг машҳур асарлари:​ Умдатул Аҳком (Саҳиҳайндаги аҳком ҳадислари жамланган) Алкамол фий асмаир рижал (кутуби ситтадаги ровийларнинг таржимаи ҳоллари баён қилинган) Аннасиҳату фил адъиятис соҳиҳаҳ (Росулуллоҳдан ривоят қилинган дуолар жамланган китоб) Алмисбаҳ фий уйуни аҳадисис сиҳоҳ Ниҳаятул мурод мин калами хойрил ибад Миҳнатул имам Аҳмад Манақибус соҳабаҳ Иътиқоду Имам Шофеъий ва бошқа китоблар. ​Имом Мақдисий ҳақларида уламоларнинг мақтовлари:​ Имом Заҳабий Сиярда: имом, хофиз, содиқ, обид деганлар. Ибн Нажжор: Имом Мақдисийнинг хифзлари ниҳоятда кучли эди, ҳадис илмининг барча соҳасини қамраб олган билимга эга эдилар. Сабт ибн Жавзий: хифз ва ҳадис илмида замонанинг ягонаси эдилар. Имом Абдулғани Мақдисий умрларини илмга хизмат қилишга бағишладилар ва ҳижрий 600чи, милодий 1203-йилда 59 ёшларида Қоҳирада вафот қилдилар. Аллоҳ у зотни раҳматига олсин ва ислом умматига қилган хизматлари сабабидан олий неъматлар билан мукофотласин. Тошкент Ислом институти талабаси Умарходжаев Мурод 1 316
1 1 396 1 397 1 398 1 399 1 400 1 548