islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлар ҳисобланади. Шу билан бирга олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишларда ушбу муассасаларнинг фаол иштирокини таъминлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, хусусан: биринчидан, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти; иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда; учинчидан, олий таълим муассасаларига кириш тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётганлиги иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқармоқда; тўртинчидан, олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг ўрнатилмаганлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларнинг, энг аввало, коррупция ҳолатларининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда; бешинчидан, олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги сезилмаяпти, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳанузгача қониқарсиз бўлиб қолмоқда; олтинчидан, республикамизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга, кенг жамоатчиликка тушунтиришда олий таълим муассасаларининг фаол иштироки йўлга қўйилмаган; еттинчидан, олий таълим муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган, тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклиф киритиш борасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг ташаббус кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган. Олий таълим муассасаларида таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида: 1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб: алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, бунда магистратурада мутахассислар тайёрлашни ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларга ихтисослашган дастурлар асосида ташкил этиш; олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. 2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг виза талабномаларига асосан ўқишга кириш истагини билдирган хорижий фуқароларнинг кириш визаларини ўрнатилган тартибда консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирсин. 3. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб таянч (етакчи) олий таълим муассасалари томонидан тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мустақил равишда ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартиби жорий этилсин. 4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда: а) икки ой муддатда Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими...

Ғолибларимиз умра сафарига жўнаб кетдилар

Ҳаж ибодати мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат бўлиб, бу ибодатни қодир бўлган кишига умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Шунингдек, буюк йўлбошчимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ умр давомида энг камида бир марта умра ибодатини адо этиш суннати муаккада ҳисобланади. Умра ибодати учун энг афзал вақт Рамазон ойи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрда “Ҳазрати Имом” мажмуасида давлат, жамоат ва диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биргаликда Республикада оммавий тарзда ва турли босқичларда Қуръон мусобақаларини ўтказиш бўйича топшириқ берган эдилар. Ушбу топшириққа биноан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” таълим йўналиши бўйича Тошкент ислом институти талабалари бир неча босқичда ғолибликни қўлга киритган эди. Жумладан, эркаклар ўртасида Республика босқичида “Олий мукофот” соҳиби 3-курс талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов ва аёллар ўртасида “Олий ўрин” соҳибаси 3-курс талабаси Нажмиддинова Робия ҳамда   1-ўринни қўлга киритган 1-курс талабаси Саидалиева Муфаззалалар улкан мукофот муборак умра сафарини қўлга киритдилар. Жорий йилнинг 6 июн куни Тошкент халқаро аэропортидан “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ғолиблари ва уларнинг оила аъзолари Тошкент – Жидда авиарейси орқали Умра сафарига жўнаб кетдилар. Қуръон мусобақаси мукофоти асосида 30 киши сафарга отланган бўлиб, улар 16 эркак ва 14 аёлни ташкил этади. Уларни Тошкент ислом институти ТТЖ мудири А.Олимов ва талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова кузатиб қўйишди. Умра сафари 10 кун давом этиб, зиёратчилар 16 июн куни Тошкентга қайтишлари режалаштирилган. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 1 153

Қуръон шифодир

Куръони карим ва ҳадиси шарифларда инсон саломатлигига доир кўрсатмалар етарлича топилади. Бу нарсани тўлиқ ўрганган, яна бу соҳага тегишли  бошқа  нарсаларни ўрганган мутахассислар жуда ҳам кўп. Улар ўша таълимотлар асосида бу соҳада фидокорлик кўрсатиб фаолият олиб бора бошладилар[1]. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қайси бир дардни  нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир”, дедилар. Имом Муслим ривоят қилган лафзда:“Ҳар бир дарднинг давоси бор. Қачон даво дардни топса Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир» деган. Шу кунларидан бошлаб бу маъно мусулмонларнинг ақидасига айланиб бўлган эди. Ҳар бир мусулмон табиб ҳар қандай дарднинг давосини Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда тинмай излар эди. Ҳар бир мусулмон бемор ҳам ноумид бўлмай дардига даво талабида бўлар эди. Бу руҳият мусулмонларнинг дунё тарихида мисли кўрилмаган равишда тиббий кашфиётлар қилишларига олиб келди. Улар қилган кашфиётлари билан мақтанишни, бир бирларига мукофотлар ва унвонлар таъсис қилишларини ўзларига эп кўрмас эдилар. Бирор катта кашфиёт қилган чоғларида ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва инояти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган маъно рўёбга чиқди, деб қўйиб кетаверар эдилар[2]. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Эй одам боласи, сукут сақлаш билан Мендан тан-сиҳатлик, хотиржамлик сўра” деб марҳамат қилган. Яна ояти каримада марҳамат қилади: وَإِن يَمْسَسْكَ اللّهُ بِضُرٍّ فَلاَ كَاشِفَ لَهُ إِلاَّ هُوَ وَإِن يَمْسَسْكَ بِخَيْرٍ فَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدُيرٌ “Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, Унинг Ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ…”.(Анъом сураси, 17-оят)[3]. Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратди, ўзи унинг яшаш тарзини белгилаб берди ва уни бахти учун нималар қилиши кераклигини ҳам ўзи яхшироқ билади, буйруқ ва кўрсатмаларининг асоси ҳам шундан келиб чиқади. Инсон Аллоҳ таолога бандалик қилсин, гўзал ва чиройли ҳаёт кечирсин. Мана шунинг ўзи унинг азалий орзу қилган бахтга, хотиржамликка кафил бўлади. Динимизнинг ғоялари мана шундай. [1] “Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 20-б. [2]“Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 270-б. [3]“Тафсир ҳилол”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2-жузъ. 2008-й. 165-б. Тошкент ислом институти битирувчиси Намозов Нусратилло 824

Бағрикенглик тушунчаси

Бағрикенглик— бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда хур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир. Бағрикенглик ён бериш, андиша ёки хушомад эмас. Бағрикенглик энг аввало инсоннинг универсал ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳар қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим. Бағрикенглик инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, плюрализм (шу жумладан, маданий плюрализм), демократия, ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбуриятидир. Бағрикенглик ақидабозликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир. Бағрикенгликни намоён қилиш инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан ҳамоҳанг. У ижтимоий адолатсизликка нисбатан сабр-тоқатли муносабатда бўлишни, ўз иймон-эътиқодидан воз кечиш ёхуд бошқаларнинг эътиқодига ён беришни англатмайди. У шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини тан олмоғи лозим. У яна шуни англатадики, одамлар ўз табиатига кўра ташқи кўриниши, қиёфаси, ўзини тутиши, нутқи, хулқи ва қадриятлари жиҳатидан фарқланиши эътирофга лойиқлиги баробарида, улар дунёда яшашга ва ўзларининг ана шу индивидуаллигини сақлаб қолишга ҳақлидирлар. У яна шуни англатадики, бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. Тошкент ислом институти битирувчиси Муратбаев Нурислам 5 593

Имом Абу Ҳафс Насафийнинг “Тилбатут талаба” асарида Рамазон таърифи

Муфти ас-сақолайн[1] (инсу жин муфтийси) Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий  ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган. “Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради: “رمضان” – ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири: – “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради. – “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди. – “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади. – “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича: – одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади. Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”. Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган. Мана, бу йилнинг Рамазон ойи ҳам ниҳоялаб бормоқда. Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни сўраймиз.Омин! [1]Имом Мулла Али Қорий айтади: “Инсоният ва жинларга таълим бергани учун шундай ном олганлар”. Тошкент ислом институти  4-курс талабаси Халилуллоҳ Юсуф 891
1 1 417 1 418 1 419 1 420 1 421 1 548