Москвада ўтказилаётган “Ислом илоҳиёти ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли Х халқаро диний илмий-таълимий анжуманда Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Индонезия, Бруней, Эрон, Миср, Ироқ, Белорус давлатларининг турли диний, таълимий ва академик ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқдалар. Анжуман минбарларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида IX-X асрлардан бошлаб мадрасалар фаолият олиб боргани, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги илмий мактаблар битирувчилари бутун ислом дунёсида ўз билим даражаси билан машҳур бўлгани, мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги бир йил давомида юртимизда қадим анъаналарни тиклаш, янги илмий мактаб ва марказлар очиш борасида бошқалар ўрнак олиши мумкин бўлган улкан ташаббуслар амалга оширилаётгани қайд этилди. Ислом таълим тизими мусулмонларга бошланғич диний маърифатни етказиш билан чекланиб қолмасдан, ўрта махсус-олий диний таълим, магистратура, докторантурадан иборат узлуксиз тизим сифатида тўлиқ шаклланиши зарурлиги, диний ва дунёвий фанлар бир бирини ўзаро бойитиши, исломда илм олишга тарғиб қилинар экан, илмлар диний ва дунёвийга эмас, инсонлар учун фойдали ва фойдасиз илмларга ажратилиши, инсон ҳаёти учун зарурий ҳисобланган барча билимлар соҳасида мусулмонлар етакчи бўлиши зарурлиги таъкидланди. Хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқаро минбарлардан туриб ислом мусаффолигини асраш, уни экстремизмдан ҳимоя қилиш борасида билдирилаётган фикрлар ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва қарорлари асосида мамлакатимизда янги исломий илмий марказлар, диний мактаблар, Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом академияси ташкил этилаётганини юқори баҳоладилар. administrator 253
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори Жасур Нажмиддинов Москва шаҳрида ўтказилаётган “Ислом илоҳиёти ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли Х халқаро диний илмий-таълимий анжуманда иштирок этмоқдалар. Ўзбекистон вакиллари анжуманнинг турли сессияларида маъруза қилдилар. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов миллатлараро бирдамлик ва диний бағрикенгликнинг ривожланиши мавзусида, Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори Жасур Нажмиддинов эса ёшлар орасида экстремистик ғоялар тарқалишига қарши курашда тарихи илмий меросни тиклашнинг аҳамияти (Ўзбекистон тажрибаси) мавзусида, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний таълим тизими шаклланиш тарихи ва истиқбол режалари ҳақида нутқ сўзладилар. administrator 474
2017 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори Жасур Нажмиддинов Москва шаҳрида ўтказиладиган “Ислом илоҳиёти ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли илмий-маърифий анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетишди. Ушбу анжуман ўз ишини 2017 йил 29–31 октябрь кунлари олиб боради. Мазкур анжуманнинг бориши ва унда кўтарилган масалалар тўғрисида сайтимизда ёритиб борамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 295
Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам тишларини тозалаш учун мисвокдан фойдаланганлар ва умматларига ҳам шуни тавсия қилганлар. “Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим” (Имом Молик ва Имом Бухорий ривояти). Мисвок арок деган бутанинг учи юмшатилган новдалари бўлиб тишни тозалаш баробарида оғизнинг ҳидини ҳам олар экан. Демак, мусулмонларга Саодат асридаёқ тишни тозалаб юриш одат бўлган. Орадан кўп асрлар ўтганидан кейин француз императори Наполеон Бонапарт (1769-1821) отнинг ёлидан ясалган тиш чўткасидан фойдаланган. Оғиз гигиенаси катта тарихга эга. Археологик қазишмалар натижасида шундай хулосага келинди. Бундай қазишмалар чоғида тиш тозалагичнинг турли воситалалари топилди. Киев Русида ҳам мисвок қолдиқлари топилгани мисвоклар ушбу мамлакатга мусулмонлар таъсирида келтирилган деган фикрга асос бўлади. Тиш чўткасини расман ишлаб чиқишни эса 1780 Англия фуқароси Вильям Аддис (ингл. William Addis) бошлаган. Ўша йили исёнга қўшилиб қолган Аддис турмага ташланади ва турмада ўтириб тиш чўткаси ясайди. Бунинг учун у суякдан қатор тешиклар очиб, очилган тешиклардан бошнинг орқа қисмидаги сочларни ўтказади ва уларни елим билан маҳкамлайди. Озодликка чиққанидан кейин у тиш чўткаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Аддис асос солган Wisdom Toothbrushes, фирмаси ҳали ҳам фаолият кўрсатмоқда. Уммон ортида эса тиш чўткаси ишлаб чиқариш учун америкалик ишбилармон Водсворф (ингл. H.N.Wadsworth) 1850 йилда патент олган. Бироқ уни оммавий равишда ишлаб чиқариш 1885 йилга келиб бошланган. Ўша тиш чўткаларининг дастаси суякдан, чўтканинг ўзи эса сибирь тўнғизининг жўнидан бўлган. У расво материал бўлган: чўтка тезда қуримаган, бунинг устига, табиий чўтканинг ичида, таг қисмида микроблар тўпланиб кўпайишига ғоятда ўнғай бўлган яна бир қатлам пахмоқ қил бўлган. 1938 йилнинг 24 февралида Oral-B компанияси тишни тозалайдиган толаси нейлондан бўлган тиш чўткаси ишлаб чиқаради. Биринчи электр чўткаси Broxodentни эса 1959 йилда Squibb Pharmaceutical компанияси таклиф қилди. 2003 йилнинг январида ўтказилган сўровда америкаликлар тиш чўткасини инсоният қилган ихтироларнинг биринчи рақамлиси деб айтдилар. Улар машинасиз, компьютерсиз, мобиль телефонсиз, микротўлқинли ўчоқсиз яшай олмагани каби тиш чўткасисиз ҳам мутлақо яшай олмаслигини эътироф этган. Бундан аён бўладики, энг буюк ихтиро сифатида тан олинган тиш чўткасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиро қилган эканлар. Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади (muslim.uz) 295