Кадрлар бўлими бевосита Институт ректорига бўйсунган ҳолда амалдаги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва бошқа меъёрий ҳужжатларга, институт Уставига мувофиқ фаолият юритади. Кадрлар бўлими вазифалари: Бўлимнинг иш режаларини тузиш ва уларнинг ижросини таъминлайди; Ёш мутахассис, ишчи, хизматчиларни касби ва мутахассислигига қараб ишга қабул қилиш меҳнат шартномаларини тузиш учун институт ректорига таклиф киритади; Шахсий таркибни ҳисоб-китоб қилиш, маълумотномалар беради; Меҳнат дафтарчаларини сақлайди ва тўлдиради; Кадрлар бўйича белгиланган ҳужжатлаштириш ишларини олиб боради; Институт ходимлари нафақа (пенсия) олиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни тақдим этишни ўз вақтида ташкил этади; Ходимлар билан ишлаш натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради, қўнимсизлик, сабабсиз ишга келмаслик ва интизомни бошқа хилдаги бузиш сабабларини таҳлил қилиш ва тегишли буйруқлар учун лойиҳа тайёрлайди; Таътилга чиқариш жадвалини тузиш ва уни бажарилишини таъминлайди; Ходимларни таътилга чиқариш, навбатдаги таътил жадвалини тузиш ва унга риоя қилган ҳолда буйруқларни тайёрлаш ва назорат қилади; Меҳнат интизоми ҳалол меҳнат учун рағбатлантириш ва мукофотлаш усуллари билан нормал тарзда ишлашга зарур ташкилий ва иқтисодий шароитларни яратиб беришда қатнашади, ички меҳнат тартиби қоидаларини бузган ходимларга нисбатан жазо чораларини қўлланиш орқали таъминланишини таклиф киритади ва бажарилинишини назорат қилади; Белгиланган шаклдаги ҳисобот тайёрлашни таъминлайди; Ходимларнинг шахсий йиғма жилдидаги ҳужжатларни тартиблайди, иш фаолияти билан боғлиқ бўлган ўзгаришларни акс эттиради; Ходимларга белгиланган тартибда сўралган жойга маълумотнома ёзиб беради; Меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларнинг ҳужжатларини номенклатура бўйича белгиланган тартибда архивга топширади; Бўлимнинг барча ҳужжатларини юритади; Буйруқларни расмийлаштириш, йиғма жилдларга ўтказади; Буйруқдан кўчирмалар тайёрлайди. 2 366
Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари асосида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Ҳалол” стандарти қабул қилинди, дея хабар беради агентлик сайти. Олам яралибдики, инсонга ҳалол, соғлом яшаш, фарзандларини соғлом тарбиялаш неъмат сифатида буюрилган. Ҳалолликни доимо таъминлаш ва келажак авлодга меърос қолдириш динимиз томонидан инсониятга фарз қилинган. Шу боис, бутун дунёда озиқ-овқат, сув, кийим-кечак, соғлиқ ва тижорат каби барча соҳаларда ҳалол ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳалол озиқ-овқат, ҳалол туризм, ҳалол текстиль, ҳалол тиббиёт каби соҳаларни замонавий технологиялар ёрдамида аслини йўқотмаган ҳолда ривожлантириш ва келажак авлодга мерос қолдиришимиз лозим. Биз ва авлодларимиз бу қимматли неъматларнинг қадрига етиб, ҳалол еб, ҳалол ичиб, ҳалол яшашимиз керак. Биз ўз зиммамизга тушган вазифани виждонан бажаришимиз ва инсониятга ҳалолликни уқтиришимиз даркор. Бугунги кунда «Ҳалол» белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, дунёда мусулмон аҳлининг ортиб бориши (тахминан 1,8 млрд одам, ер аҳолисининг 24 фоизи дегани) «Ҳалол» белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишини таъминламоқда. Шунингдек, Ҳалол туризм индустрияси жадал суръатларда ривожланаётган соҳа бўлиб, бу бозорнинг йиллик ҳажми 126 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда ва 2020 йилга бориб камида уч баробар ортиши кутилмоқда. “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ҳалол” стандартининг қабул қилиниши, тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини юқори стандарт талаблари асосида таъминлашга замин яратади. Бу эса, халқимиз, Ватанимиз келажаги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан бир қаторда маҳаллий маҳсулотларимизни ташқи бозорларда ҳам муваффақият қозонишига асос бўлади. Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар, таббарук заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорийлар, Мотуридийлар, Имом Ат Термизийлар, Навоий-у, Берунийлар авлодларини камолга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Администартор 737
Тил – Aллоҳнинг улуғ неъмати, латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлса ҳам, итоати туфайли топадиган савоби ёки итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда каттадир. Чунки, куфр ҳам, иймон ҳам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни йўлдан оздиради, жар ёқасига ҳайдаб, ҳалокатга судрайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади. Бас, шундай экан, тил дунё ва охиратга фойдаси бор нарсани гапириш демакдир. Тил яна, ҳозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилиши лозим бўлади. Шунинг учун шариатимиз кўп гапиришдан қайтаради, жим юришни мақтайди ва сукутга ундайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган эдилар: «Жим юрган киши нажот топди» (Термизий ривояти). Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Имом Бухорий). Абу Ҳурайра айтади: «Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ». Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди», деган. Ҳакимларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан. Сафвон ибн Салимдан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Ибодатнинг энг осон ва бадан учун энг енгилини айтайми? Бу жим юриш ва гўзал хулқ!» (Муттафақун алайҳ). Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб деди: – Мени жаннатга киритадиган амални айтинг. – Очларни тўйдир, ташналарни қондир, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар. Агар буларга қодир бўлмасанг, фақат хайрни гапир, йўқса, тилингни тий, дедилар Расули акрам» (Ибн Абу Дунё ривояти). Авзоъий айтади: «Жим юрган киши ўзида иккита фазилатни жамлайди: динда саломатлик ва дўстни тушиниш». Ҳасан айтади: «Муовия раҳимаҳуллоҳ ҳузурида кўпчилик гапирди, Аҳнаф ибн Қайс эса жим эди. Шунда Муовия: – Эй Абу Баҳр! Нега гапирмаяпсан? деди унга. – Гапим ёлғон бўлса Aллоҳдан, рост бўлса сендан қўрқаяпман, деди Аҳнаф». Жим юришнинг фазилати улкан. Албатта, жим юриш қуруқ сукутдан иборат феъл эмас. Унда охират ғами, давомли вазминлик, тафаккур учун имкон, зикр, ибодат жамланади. Жим юрган инсон бу дунёда сўзлар чарчоғидан, охиратда у сўзлар учун ҳисоб беришдан халос бўлади. Аллоҳ таоло дейди: «У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир» (Қоф, 18). Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссалом айтди: «Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир». Аллоҳ таоло барчаларимизни кумуш (сўз)дан унумли фойдаланиб, олтин (сукут)ни лозим тутишлигимизни ва ёлғон, ғийбат каби тил офатларидан тийилишлигимизни, кам сўзлайдиган, кўп тафаккур қиладиган, сўзининг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни насиб айласин, омин! Манбалар асосида Фахриддин ар-Розий номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Толибжон Ғофуров тайёрлади 935
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ISESCO) “Фан, таълим ва маданият” тузилмасининг 2005-2025 йилларда Ислом маданияти пойтахтини белгилаш бўйича қабул қилган дастурига кўра Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳар йили мусулмон мамлакатларидаги 3 та шаҳарни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилади. Уларнинг бири араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон мамлакатлардаги шаҳарлардир. Ташкилотдаги маданият вазирлари IX Ислом конференциясида 2020 йилда Бухородан ташқари Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарларини ҳам Ислом маданияти пойтахти сифатида тасдиқланган. Якунига етган 2017 йилда Амман (Иордания Ҳошимийлар Қироллиги), Машҳад (Эрон Ислом Республикаси), Кампала (Уганда) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилган эди. Ушбу йилда Маданият вазирларининг X Ислом конференциясида меҳмон сифатида иштирок этган Сеннар (Судан) шаҳри ҳам истисно тариқасида 4-Ислом маданияти пойтахти мақомини олди. Администратор 896