Кўпинча маросимларда, тадбирларда одамлар йиғилиб қолишганда, кимдир ўзининг бахтсизлигидан нолиса, яна кимдир ўзининг бахтли, омадли инсон эканлигидан мағрурланиб гапирганлиги қулоққа чалиниб қолади. Айрим қизлар турмушга чиқа олмаса, ёки йигитлар уйлана олмаса, домлага бориб, “Бахтимни очиб қўйсангиз”, дейишади. Йигит учун уйланиш, қиз учун турмушга чиқиш, улар учун бахт саналади. Агар оила қуришса‑ю, қўша қариб кетишса, чиндан ҳам бахт, борди‑ю, муросалари келишмасдан ажралиб кетишса, бу бахтсизликдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш нарса инсоннинг дунёдаги бахтидандир: биринчи, ҳовлиси кенг бўлмоғи; иккинчиси, итоат қиладиган солиҳа аёли бўлмоғи; учинчиси, бемалол мина оладиган улови бўлмоғи; тўртинчиси, дилкаш, яхши қўшниси бўлмоғи; бешинчиси, ризқи (касб-кори, иши) ўз шаҳрида бўлмоғи”, деганлар. Дарҳақиқат, чуқур тафаккур қилиб қарасак, шу беш нарсага эга бўлган кимса чиндан ҳам дунёда бахтлиман деса арзийди. Энди дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли бўла оладиган ҳақиқий бахтли инсон ким, дейилган саволга Аллоҳ таъоло Зориёт сурасининг 56 оятида: “Мен жинлар ва инсонларни Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, деб жавоб берган. Аллоҳ таъоло ушбу оятда яратган махлуқотлари ичида ақл берилган жинлар ва ашрафул махлуқот (яратилганларнинг энг улуғи) бўлган инсонларни Ўзининг ибодати учун танлаганлигини билдирмоқда. Зеро, инсондан бошқа барча махлуқотлар ақлсиз бўлиб, улар ашрафул махлуқот бўлган инсоннинг у ёки бу манфаати учун яратилгандир. Шарҳ: Махлуқот – “махлуқ” сўзининг кўплиги бўлиб, “яратилган” маъносида. Махлуқот дейилганда, махлуқларнинг асли, асосийси ва энг улуғи бўлган одамдан бошлаб, энг паст қурту қумурсқалар, зарралар ҳам киради. Аллоҳ таъоло Ўзининг чексиз қудрат эгаси ҳамда жами мавжудотларнинг яратгувчиси эканлигини билдириш учун ашрафул махлуқот бўлган Одамни яратди ва уни ақл, фаҳм-фаросат, нутқ, зеҳн ато этиб, емишини қўли билан тановул қилиш, тик туриб юриш, кийиниш, ўзини нажосатлардан поклаш ва шунга ўхшаш гўзал фазилатлар билан зийнатлантирди. Демак, Аллоҳ таъоло инсонни барча махлуқотлардан устун қилиб, кўркам шаклда яратди. “Ват-тийн” сурасининг 4-оятида: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” деб таърифлаган. Имом Байҳақий Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таъоло Одам ва унинг зурриётларини яратгандан кейин фаришталар: “Эй Раббимиз! Одамзотни яратдинг. Улар ейдилар, ичадилар, уйланадилар, уловга минадилар, кийим киядилар, ухлайдилар ва роҳатланадилар. Буларнинг биронтасини ҳам бизларга насиб этмадинг. Шундай экан дунёни уларга бергину, охиратни бизларга насиб этгин”, дейишди. Шунда Аллоҳ жалла жалолуҳу, яъни буюк ва қудратли Аллоҳ таъоло: “Йўқ! Қудрат қўлим билан яратиб, Ўз руҳимдан дам урган бандамни “кун” яъни “бўлгин” деган сўзим билан пайдо бўлган фаришталарга тенг қилайман” деди. Шунинг учун, Имом Байҳақий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўъмин киши Аллоҳнинг наздида фаришталардан улуғроқдир”, деганлар. Фаришталар табиатан тоату ибодатли қилиб яратилганлар. Чунки уларда фақат ақл мавжуд бўлиб, нафсониятдан ҳеч нарса берилмаган. Ҳайвонларга эса фақат шаҳват берилиб, ақл берилмаган. Одамга эса ақл ҳам, шаҳват ҳам берилган бўлиб, кимнингки ақли шаҳватидан ғолиб бўлса, у фаришталардан улуғроқдир. Кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб келса, у ҳайвонлардан ҳам пастроқдир. Чунки Аллоҳ таъоло дунёдаги ҳамма нарсаларни инсон учун яратган ва уларни инсонга бўйинсундириб қўйган. Ўзи учун яратилиб қўйилган нарсаларга бўйинсунган инсонлардан ҳам пастроқ нарса бўладими?! Одамни эса кўп ҳикмат асосида бошқа махлуқотлардан устун қилиб яратди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Исро сурасининг 70-оятида: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб...
Бугун, 1 декабр қиш фаслининг илк куни. Фасллар, хусусан қиш мўмин ҳаётида қандай аҳамият касб этади? Ушбу мақолада қиш фасли ва ундаги нафл ибодатлар қилишнинг фойдалари тўғрисида сўз юритилади. Омир ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қишдаги рўза салқингина ўлжадир”, дедилар”... - "Ақоид ва фиқҳий фанлар" кафедраси катта ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим
Юртимизда ҳар қайси хонадонда, турли йиғин ёки маъракаларда фотиҳага қўл очилганда ёшу қари, эркагу аёл – барчамиз Яратгандан тинчлик, осойишталик сўраб дуо қиламиз. Албатта, тинчлик. Бу нақадар улуғ неъмат, қут-барака, тараққиёт гарови, орзу-интилишларимиз, эзгу ниятларимиз рўёбининг муҳим кафолатидир. Зеро тинчлик бор жойдагина юракка эзгу мақсадлар сиғади. Психологлар таъкидлашича, хотиржамлик инсоннинг энг муҳим руҳий эҳтиёжи бўлиб, шахс соғлиги, жамият барқарорлигини таъминлашда катта ўрин тутади. Инсонда осойишталик ва хотиржамлик ҳисси бўлсагина, кўзлаган мақсадлари йўлидаги саъй-ҳаракатлари самарали бўлади ва муваффақиятга эриша олади. Ҳа, бежизга Иброҳим алайҳиссалом “Эсла, Иброҳим шундай демишки: “”Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин…” (Иброҳим , 35) дея дуо қилмаган эдилар. Тарихий мисол: Тинч бўлган юртда илм-фан, маданият ривожланади. Тарихга назар ташласак қайси юртда тинчлик ҳукмрон, подшолари адолатли бўлса у ерда илм фан ривожланган. Бир вақтлар “Қуббатул ислом” дея ном олган Бухоро шаҳри, “Қуббатул илм вал адаб” дея ном олган Шаҳрисабз шаҳри, ўзининг “Маъмун” академияси билан машҳур бўлган Хоразм шаҳри (агар шунга ўхшаш таърифлар билан санашда давом этсак бундай номлар талайгина топилади) нега кейинги даврларда бу қадар юксакликка чиқмади? Тўғри, кейинги даврларда бир қадар ривожланиш бўлди, лекин халқимиз янги Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоий, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк шахсларни кутаётган эди. Мовароуннаҳр ҳудудида мунтазам тинчлик кузатилмагани, ҳатто бир илдиздан келиб чиққан бўлишига қарамасдан уч хонлик орасида арзимаган сабаблар билан тез-тез уришлар келиб чиқиши. Илм-фан, маданиятнинг ҳам ривожланишига сезиларли равишда таъсир ўтказди. Бу эса хонликларда етарлича камчиликлар бўлганлигидан далолат беради. Ана шундай камчиликлардан бири ўзаро бағрикенглик тушунчасидир. Бағрикенглик тушунчасини фақат “динлараро бағрикенглик” дея тушунмасдан умумийроқ тушунишимиз лозим. Кимнинг фикри бизнинг фикримизга тўғри келмадими демак, унга биз ўз фикримизни сингдиришга уринмаслигимиз лозим. Уч хонликнинг зулм остида қолишига сабаблардан Инсоният тарихига назар ташласак ҳар қандай даврда турли хил манфаатларни кўзлаган гуруҳлар, жамоалар ўз замонасида юзага келган вазиятларга турлича ёндашиши натижасида уруш низолар келиб чиққанлигига гувоҳ бўламиз. Савол туғилади, биз бу ҳолатдан қандай қутуламиз, эндиликда бундай уруш ва низоларни қандай бартараф қиламиз? Бунинг учун инсониятни ягона манфаат йўлига солишга, ҳамманинг онгига мутлоқ бир мафкурани сингдиришга ҳаракат қиламизми? Муаммонинг ечими бу эмас. Зеро, қонли урушларнинг айни сабаби ҳам мана шу – ўз фикрини, ғоясини бошқаларга сингдиришга уринишдан келиб чиққан. Демак, бу муаммони бартараф этиш учун ўз манфаатимиз йўлида хизмат қилувчи ғояларни тарғиб қилишимиз эмас, балки ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз, бир сўз билан айтганда, “бағрикенглик маданияти” байроғи остида бирлашишимиз кераклиги аён бўлмоқда. Бизнинг муқаддас ислом динимизда эътиқод эркинлиги очиқ ойдин эълон қилинган. Бақара сурасининг 256- оятида “Динда зўрлаш йўқ” дея Аллоҳ таоло марҳамат қилади. Қаерда бағрикенглик етишмас экан у жойда хотиржамлик бўлмайди. Бунинг яққол далили сифатида яқин кунларда бўлиб ўтган “Мянма қирғинлари”, Арабистон ярим оролида кечаётган “сунний-шиа” тортишувлари мисол бўла олади. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг тинчлиги осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланди. Биринчи президентимиз И. Каримов: “Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири бу тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдир”, дея таъкидлаган эдилар. Шундай муҳим жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда юртимизда “ўзаро бағрикенглик”, “миллатлараро тотувлик”, “диний бағрикенглик”ка жуда катта аҳамият берилмоқда....