islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 12, 2017

Day

Қуръон мусобақасини онлайн тарзда кузатиб боринг

Эртага 13 декабрь соат 13:30 да Тошкент ислом университетида «Қуръон (Тажвид)» мусобақаси ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда www.islamcenter.uz сайтининг Телеграмдаги @islamcenteruz канали хабар бермоқда. Мусобақа икки – «Ҳифз» ва «Тиловат» йўналишлари бўйича ўтказилади. Эътиборли жиҳати www.islamcenter.uz жамоаси мусобақани Facebookдаги www.facebook.com/islamcenteruz саҳифаси орқали жонли тарзда узатишни режалаштирган. Сиз ҳам Қуръон билан қалбингизни ҳушнуд этмоқчи бўлсангиз, саҳифамиздаги онлайн эфирни кузатиб боришга шошилинг, дейилади хабар сўнгида. 403

СОХТА ЗАРГАР АЙБИНИ СОФ ОЛТИНГА ТЎНКАМАНГ!

Бугунги кунда дунёда ислом дини тўғрисидаги тасаввурлар одамни хурсанд қиладиган даражада эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ислом таълимотларидан умуман узоқ бўлган Европа халқларинику гапирмаса ҳам бўлади. Қўйингки, кўпчилик одамларнинг Ислом ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, муносабатлари қандай экани шу ҳақда ишланган баъзи “фильмлар” дан ҳам маълум. Уларга кўра – ўзлари Исломнинг моҳияти, унинг тенгсиз маданияти қай даражада эканини билмасликлариданми(?) – Ислом деганда терроризм, ур-сур, тўполон, мусулмон деганда эса камида ҳаётдан ўн аср ортда қолиб кетган, қўлида қурол кўтарган, жанжалкаш, радикалист, фақат ўзининг қолоқ фикрини олға сурадиган, уни қабул қилмаганларни йўқ қилишдан ҳам тоймайдиган, маданият нима эканини билмайдиган террорист гавдаланмоқда кўпчиликнинг кўз ўнгида. Нега жаҳон оммасининг Ислом ҳақидаги тушунчалари шунчалик даражага бориб етди?! Ислом ҳақиқатда дунёга уруш, қурол билан тарқалганми ё…?! Бу каби дилни ларзага солувчи саволларни исталганча давом эттириш мумкин. Жавобчи? Бу саволларга ҳали ўз динининг тарихи, мақсад-ғоясини англаб улгурмаган соддадил мусулмон киши бошини қуйи солиб, хижолатдан юзи қизариб, “Афсуски, ҳа”, деган оҳангдаги сукути билан жавоб берадими? Ёки гавдасини ғоз тутиб, жарангдор овозлари ила баралла,  қуйидагича жавоб берадими?: “Йўқ! Бу саволларни сўраш тугул, ўйлашнинг ўзи Исломга нисбатан туҳматдир. Исломни англамаган одамнинг саволи-ку бу савол! Зеро, У қон тўкиш орқали эмас, балки бошқа шахсга қўл билан озор бериш у ёқда турсин,  ҳатто тил билан озор беришни ҳам қаттиқ таъқиқлагани ва бунга зид амал  қилган  одамни “ҳали сен комил мусулмон бўлмабсан” деб танбеҳ бериб, адолатда, меҳр-мурувват ва инсонийликда ўрнак бўла олгани учун тарқалган! Ислом ўзининг тенгсиз маданияти, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойилларига тўла амал қилиб, бошқа дин ва миллат вакилларига озор бериш у ёқда турсин, дилига озор бериши эҳтимоли бўлган ишлардан ҳам қайтаргани сабаб оламга тарқаган! Ҳаммани ўз ахлоқи ва маданиятига шайдо қила олганидан бошқа халқлар ўз ихтиёри билан Исломни танлаганлар! Тинчликпарварлиги, Қуръони каримда ҳамма мусулмонларни тинчлик йўлига тўлиқ киришга буюргани учун барча юртларга манзур бўлган У! Инсонпарварлиги, ҳатто Ватан ҳимояси йўлида уруш қилишга тўғри келиб қолганда ҳам ёш болалар, аёллар ва қарияларга қўл теккизмасликка буюриб, ёшу қарига, эркагу аёлга бирдек манзур бўлиб тарқалгандир У. Инсоният у ёқда турсин, ҳайвонот оламига ҳам эътибор бериб, ҳатто қуш ёки мушукни қамаб олиб, вақтида қарамаган одамга: “Бу жонзотларнинг  ҳақини поймол қилсанг, Дўзахга тушасан, боқаман десанг, нон-сувини вақтида бер, бўлмаса қўйиб юбор”, дегани ҳамда наботот оламига, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам катта эътибор бериб: “Ҳатто Қиёмат қоим бошланган бўлсаю, сени қўлингда кўчат турган бўлса, қандай қилиб бўлса ҳам уни ўтқазиб қўйишга ҳаракат қил”, деб буюргани учундир балки! Яхшилик қилишда ҳамкорлик ва мусобақа қилишда, илм-маърифатга тарғиб қилишда намунали биринчи даражада тургани, Унинг биринчи даъвати “Ўқи, ўқи!” бўлгани, илмни диний ва дунёвийга ажратмай, балки жамиятнинг бугуни ва келажагига фойдали илмларни кимдан ва қаердан ўрганишни чекламасдан ҳатто Хитойданми, Парижданми, ғайридиндан бўлса ҳам ўрганишга тарғиб қилиб, илм-фан ва техниканинг ҳар бир соҳасида юртга керакли мутахассис кадрларни тайёрлашни ҳар ернинг мутасадди шахслари зиммасига фарз ибодатлар қаторида юклаб, агар халқ эҳтиёжига яраша ўқитувчи-мураббийми, табибми, посбонми, машинасозми, сантехникми, дурадгорми, қассобми, сартарошмиди ёки бошқаси етишиб чиқмаса, шу жамиятдаги барча аҳоли гуноҳкор бўлишини уқтиргани, юрт тараққиётдан ортда қолмаслиги учун келажак авлодларга қулай шароит яратиб беришни фарз даражасига олиб чиққани, боласига дафтар-китоб, ручка-қалам олиб берган отага икки дунёда мукофот...

“Ўттиз йил таом ҳозирлаб ундан ўзим ҳеч истеъмол қилмаганман”

Одам фарзандини илм ва амал билан фазилатли қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин. Энг яхши муаллим бўлиб юборилган саййидимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Илм ўчоғи ва маърифат булоғи бўлган пайғамбаримизнинг оила аъзолари, саҳобаи киромлари ва уларга эргашганлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Устозлар фазилати ва уларни ҳурмат қилиш ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, суҳбатимизни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис билан бошлаймиз. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло мени муаллим қилиб юборди”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифлари билан инсон зоти қўлга киритиши мумкин бўлган касбларнинг энг буюги, шарафлиси, савоби улуғи ҳамда қиёмат кунигача ажри бардавом бориб турадигани муаллимлик эканига ишора қилмоқдалар. Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Оламни қуёшсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек жамиятни ҳам бу улуғ зотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади. Устоз, мураббийсиз қолганда замон, Зулумотдан қора бўларди жаҳон. Чунки устозлар, муаллимлар ва мураббийлар жамиятни маънавият, маърифат, илму фан, одобу ахлоқ ва бошқа барча эзгуликлардан хабардор қилиб турадилар. Шунинг учун биз шогирдлар бу улуғ зотларнинг қадрларини билиб, хизматларида доимо камарбаста бўлишимиз лозимдир. Аждодларимиз устозларини  қай даражада ҳурмат ва эҳтиром қилиб,  хизматларида ихлос билан камарбаста  бўлганларини қуйидаги воқеалардан билишимиз мумкин. Имомлар раиси деган унвонга сазовор бўлган, ўз замонаси қозиси Фахриддин Арсабандийдан сиз бу қадар обрў ва эътиборга қандай эришгансиз, деб сўралганда, мен устозим Абу Зайд ад-Дабусийга 30 йил таом ҳозирлаб ундан ўзим ҳеч истеъмол қилмаганман. Сабаби агар тановул қилсам ўзимни ҳам ўйлаб таом тайёрлаган бўлиб қоламан, бунда эса хизмат мукаммал бўлмай қолиши эҳтимоли бор, деб жавоб берганлар. Ҳақиқатан биз толиби илмлар устозларимизга бунданда юксакроқ хизмат қилишни ўз вазифамиз деб билишимиз керак. Халифа Ҳорун ар-Рашид ўғилларини имом Асмаийга илм ва одоб ўргатиш учун шогирд қилиб бердилар. Кунлардан бир куни Ҳорун ар-Рашид ўғилларидан хабар олай деб борсалар имом Асмаий таҳорат қилиб оёғларини ювяптилар, ўғиллари эса оёғларига сув қуйиб турибди. Шунда халифа бир оз маломат қилгандек бўлиб: “Мен ўғлимни шунинг учун юборганмидим,” – дедилар. Имом Асмаий бу сўзни эшитиб ҳайрон бўлиб турганларида, халифа сўзини давом эттириб: “Нимага ўғлимга бир қўлингда сув қуйиб, бошқа қўлингда оёғимни юв демадингиз? Ахир мен сизга илм билан биргаликда одоб ҳам ўргатинг деган эдимку?!” – дедилар. Эътибор берайлик, юқоридаги икки воқеада биз шогирдларга нақадар гўзал ибратлар бор. Баъзи шогирдлар устозларини бир-икки хизматини бажариб, гўё ўзини устозга хизмат қилаётган шогирддек ҳис қилади ва устоздан илм олиш асносида арзимаган хизмати билан устозни ҳаққини адо қилаётгандек ўзини тутади. Баъзилари эса устоз бир ишдан кейин мабодо иккинчи ишни буюрса малолланиб пешонасини буруштиради, гўё устози кўп хизмат буюриб юборятгандек.  Биз бу шогирдларга ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг сўзларини ҳам эслатмоқчимиз: ”Менга илмдан бир ҳарф ўргатган зотнинг қулиман, хоҳласа сотиб юборсин”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуда устозларга нисбатан шу қадар ихлос ва ҳурмат борлиги учун пайғамбаримиз томонларидан ҳам “илмлар дарвозаси” деган унвонни олдилар ва саҳобаи киромлар ораларида энг кўзга кўринганлардан бўлдилар.  Биз шогирдларчи? Келажакда буюк зотлар, шайхлар, унвон...

Каъба ичида туғилган зот

Сизнинг қўлингизда у киши тўғрисида бирор-бир ҳужжат борми?  Лекин тарих у кишини Маккаи Мукаррамада таваллуд топганлигини ўз дафтарига зархал ҳарфлар билан ёзиб қўйган. Бир куни у зотнинг онаcи ҳомиладор  ҳолатда бир гуруҳ тенгдош аёллар билан Каъбанинг ичига тамоша қилиш учун кирди. Каъба ўша куни қандайдир сабаб билан очиқ эди. Тўсатдан Каъбанинг ичида у аёлни тўлғоқ тутди ва чиқишга улгурмасдан, ранглари оқариб ўша жойда кўзи ёриди. Туғилган бола мўъминларнинг онаси Хадича розияллоҳу анҳонинг жиянидир. Бу фарзанд ҳурматли, аслзода оилада туғилгани сабабли ақлли, шарафли ва фазилат эгаси бўлиб улғайди. У зот улғайгач, ўз қавмига бошлиқ этиб тайинланди. Жоҳилият даврида ўз молидан Байтуллоҳ зиёратчиларига мукофатлар ажратарди. Ислом келиб инсонлар залолат ботқоғидан ҳидоят нури томон ошиқаётган бир пайтда, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончли дўстларидан бирига айланишига қарамай иймон неъматидан бебаҳра эди. Бу саҳоба  Расулуллоҳдан беш ёш катта бўлишларига қарамасдан Сарвари коинотни дўст тутиб, у кишининг суҳбатлари-ю мажлисларидан роҳатланарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муҳаббат соҳибининг севгисига севги ва садоқатига садоқат билан жавоб қайтарарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг аммалари Хадижа розияллоҳу анҳога уйланганларидан кейин қариндошлик ришталари янада мустаҳкамланди. Аллоҳ таоло шундай заковатли ақл ато этган ва Расулуллоҳ билан қариндош бўлган, Расулуллоҳ ҳидояти билан ҳидоятланган, у кишининг даъватини тасдиқ қилган аввалги мўъминлардан бўлиши керак эди. Лекин бу Аллоҳнинг иродасидир. Шунинг учун ҳам у киши нубувватга йигирма йил бўлганидан кейин иймон неъмати билан сийланди. Биз у зотнинг исломга киришидан ажабланганимиз каби, у кишининг ўзлари ҳам бу ишдан ажабланар эди. Исломга кирибоқ иймон ҳаловатидан роҳатланарди ва Аллоҳга ширк келтириб, Набийсини ёлғонга чиқариб ўтказган умрининг ҳар лаҳзасига қаттиқ афсусланадиган содиқ саҳоба Ҳаким ибн Ҳизомдир. Исломга кирганидан кейин, бир куни ўғли у кишини йиғлаётган ҳолатда кўриб: “Нима сизни йиғлатди?!”, деди. У киши: “Эй болам кўп нарсалар мени йиғлатмоқда. Биринчиси исломимнинг кечикишидир. Ана ўша нарса мени кўплаб яхши нарсаларда кечикишимга сабабчи бўлган. Мен ерни тўлдиргудек олтинни садақа қилсам ҳам мендан олдин исломга кирганлар эришган нарсаларнинг бирортасига ҳам эриша олмайман. Сўнг Аллоҳ таоло менга Бадр ва Уҳуд жангларида нажот берди. Ўша куни ўзимга ўзим: “Бундан кейин Расулуллоҳга қарши турган ҳолда Қурайшга ёрдам бермайман. Маккадан чиқмайман. Қурайшга ёрдам бериш учун арава минмайман”, деб ваъда бердим. Шундан сўнг қачон исломга киришни қасд қилсам, Қурайшнинг обрўли, ёши катта мушрик бўлиб қолган кишиларига қарардим. Улар жоҳилият ишларини маҳкам тутгандилар. Шу сабабли уларга эргашардим ва улар билан бирга юрардим. Қанийди шуларни қилмаганимда. Мени аждодларимиз-у катталаримизга эргашиш ҳалок қилди. Шунда экан, эй болам нима сабабдан йиғламай”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизом каби ақл ва фаросатли кишилардан ажабланиб: “Унга қандай Ислом махфий бўлади”, дердилар. Расулуллоҳ уни ва унинг йўлидаги кишиларни тезроқ исломга киришларини умид қилардилар. Маккаи Мукаррама фатҳ қилинган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Маккада тўрт киши борки, мен уларни ширкдан холи бўлишини ва исломга киришини хоҳлайман”, дедилар. Шунда У Зотга: “Улар ким эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У киши: “Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр”, дедилар. Аллоҳ таолонинг фазли билан буларнинг барчалари исломга киришди. Расулуллоҳ Маккани фатҳ қилиб кирган пайтда, Ҳаким ибн Ҳизомни ҳурматлашдан бошқа барча нарсадан юз ўгириб, жарчига: “- Ким Аллоҳдан ўзга...

РАСУЛУЛЛОҲНИ СЕВГАЙСИЗ

Муҳаббатнинг тури кўпдур, бирингиз моҳни севгайсиз, Бирингиз боғ, гули раъно, азиз даргоҳни севгайсиз, Бирингиз мансабу мавқе, шаҳи дилхоҳни севгайсиз, Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   Жаҳон шавқи ўтар тезкор, гули раъно сўлиб битгай, Туну кун алмашиб доим, қуёш ҳам ой ботиб кетгай, Ўтар мансаб ила мавқе, йиғилган молу мулк йитгай, Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   Одамзод умрининг асли оқар дарё қиёсидур, Кишини банд этар ташвиш – жаҳон обу ҳавосидур, Ўтар дунёга дил боғлаш одам ўғли хатосидур, Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   Асл боқий муҳаббатни кезибон ҳар тараф изланг, Ўтар севгига хор бўлмай, муҳаббатдан шараф изланг, Ики оламга сарвардур, Муҳаммад деб ҳадаф[1] изланг, Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   Ки Ҳақ севганни ким севса, дари раҳматга имкон бор, Ота-она, зану фарзанд севар – оламда инсон бор, Расулулоҳни ким севмас вале, иймонда нуқсон бор, Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   Жаҳонда не муҳаббат бор, бўлур охирда ҳижрони, Келур гоҳо севар ёрдан неча жабру жафо кони, Паямбар севгиси боқий, ики оламни қалқони, Шу боис гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   Асл дўстдур – Ани кўрмай муҳаббат боғлаган уммат, Расулуллоҳ севар бизни, ахир, биз севмасак – кулфат, Ики олам нажотига муҳаббат бўлгуси ҳужжат, Дегай Аҳмад: бу оламда агар Аллоҳни севгайсиз, Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.   “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Аҳмаджон Бобомурод 1438 йил, 21-жумодус-соний, душанба кечаси. 2017 йил, 19-март. Якшанба кечқурун. [1] Ҳадаф – нишон, йўналиш нуқтаси, бу ўринда мақсад ва ғоя. 154