Қарийб бир аср ҳукмронлик қилган коммунистик тузум ноҳақликлар ва зулм-истибдод ўчоғи бўлди. Ватанини, муқаддас динини, имонини ҳимоя қилганларни босмачилар, “ҳукумат” одамларида шубҳа туғдирганлар ватан душманига чиқарилди, бошқа хил айблар қўйилиб, бадном қилинда ва қатл қилинди. Шукроналар бўлсинки, ҳақиқат қарор топди. Мустақиллик учун асрлар бўйи курашиб келган ота-боболаримизнинг орзулари рўёбга чиқди. Аллоҳ таоло истиқболи порлоқ бўлган истиқлолимиз туфайли эркимизни қўлимизга берди. Миллий қаҳрамонларимиз, олиму-фузалолар номи улуғланмоқда. Шу қатори тарих бизни инсоният тақдирини ҳал этган Иккинчи жаҳон уруши йилларидан қанчалик йироқлаштирса, немис-фашист босқинчилари устидан қозонилган ҳарбий сиёсий, маънавий ғалаба, бу ғалабани таъминлаган жангоҳлардаги қаҳрамонликлар, мамлакат ичкарисидаги меҳнат жасоратларининнг куч ва салмоғи шунчалик ошаверади. Кўп миллатли ҳамдўстлигимизнинг бирлиги, қудрати, оммавий халқ қаҳрамонлигининг шуҳрати, улуғворлиги келажак авлодларимизнинг хотирасида абадий сақланиб қолаверади. Бу қаҳрамонона кунларнинг шуҳратини ҳеч ким ҳеч қачон унутмайди. У тарих саҳифасига олтин ҳарфлар билан ёзилгандир. Уруш келтирган талофатлар қай даражада эканини, унда тўкилган қон, кўз ёшлари, ғам-ташвишларни ҳеч нарса билан ўлчаб, тенглаштириб бўлмаса керак. Эндигина бир дунё орзу-умидлар билан турмуш қуриб, уруш туфайли ҳаёт лаззатидан маҳрум бўлган куёв ва келинчакларнинг ҳижрон дардларини, яккаю ёлғиз ўғлидан жудо бўлган ота-оналарнинг, отасидан айрилган гўдакларнинг кўз ёшларини нима билан ўлчаш мумкин? Уруш 27 миллионга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бундан ташқари миллионлаб ярадорлар, контузия бўлганларнинг ҳам саноғи йўқ. Қардошлик мозорларига дафн этилган номаълум жангчилар, уруш чорраҳаларида дом-дараксиз йўқолган, лекин ор-номусини, шон-шарафини йўқотмаган содиқ кишилар ҳам оз эмас эди. Ғалабани таъминлашга ҳаётнинг барча жабҳа соҳа вакиллари жалб қилинди. Жумладан, маҳаллий матбуот, радио ва алоқа воситалари ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар. Республика, вилоят, шаҳар ва район газеталари, радио алоқа воситалари юртимиз фарзандларининг жангоҳларда кўрсатаётган қаҳрамонликлари ҳақида ва уларнинг жанговар хатларини “фронтдан хатлар” (письмо с фронта) рукни остида ва фронт орқасидаги астойдил меҳнат қилаётган ёшлар, хотин қизлар, қариялар тўғрисида хабарлар бериб, кенг меҳнаткаш оммасини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда жуда катта ишлар қилди. Ҳар кун эрталаб юзлаб кишилар радиокарнайлар атрофида Совинформбюронинг ахборотини сабрсизлик билан кутар ва тинглар эдилар. Мард ўзбек ўғлонларидан 120 мингдан зиёди кўрсатган қаҳрамонликлари учун орден ва медаллар билан мукофотланди. Шулардан 32 киши учала даражадаги Шуҳрат ордани билан тақдирланди. 280 киши Севет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга сазовор бўлди. Бугун биз уруш қаҳрамонлари кўрсатган мислсиз жасоратларни мадҳ этиш билан бирга фронтдан қайтиб келмаганларнинг, ота-боболари дитёрини, ўз ватанини ҳимоя қила туриб, мардларча ҳалок бўлганларнинг хотирасини, айрим сабабларга кўра бедарак йўқолганлар номини ҳурмат билан тилга оламиз. Кейинги пайтларда юртимизнинг ана шу мард ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш юзасидан кўламдор ишлар амалга оширилди. Айниқса, республикамиз мустақилликка эришгач, ўтган олтмиш йил мобайнида ватан душмани номини олган, ҳеч қандай сабабсиз сибир ўрмонларида, турмаларда, концлагерларида ва меҳнат колонияларида ҳалок бўлганлар номини тиклаш юзасидан кўплаб амалий ишлар қилинди. Бугунги кунда урушда қаҳрамонлик кўрсатиб, ҳалок бўлган жангчиларга она қишлоқларида ёдгорликлар ўрнатилди ва номлари зарҳал ҳарфлар билан битилди. Руҳларига бағишлаб Қуръони каримлар тиловат қилинди. Йиллар ўтган сайин уларнинг муборак номлари қалблардан қалбларга, диллардан дилларга ўтаверади, тарих саҳифаларида абадул абад қолажак! Тошкент ислом институти талабаси Аллаберган Рузметов 438
9 май — Хотира ва қадрлаш куни Ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой. Фақат хайрли кунларни кўп қилгин, деб Аллоҳдан сўраш керак. Мамлакатимиз ўтган асрнинг 90-йилларида мустақил бўлгач, жуда кўп соҳаларда, айниқса вазифалари аввалги Марказдан туриб белгиланган вазирликлар ва идоралар соҳасида кадрлар танқислиги билиниб қолди. Ана шу соҳалардан бири – Ташқи ишлар вазирлиги, яъни дипломатия соҳаси эди. Хуллас, 1993-йилнинг октябрида Францияга Олий даражадаги ташрифда таржимонлик вазифасини бажарганимдан сўнг, Ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтиш учун танловга таклиф қилиндим. Тест-танловда юқори натижа кўрсатганим сабабли, мустақил Ўзбекистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги тарихида илк Биринчи котиб даражасини олишга муяссар бўлдим ва Европа бошқармасида ишлай бошладим. Республикамизда элчихоналар очилаётган пайт, хорижда дипломатик ваколатхоналаримиз ташкил қилинмоқда, делегацияларнинг, лойиҳаларнинг саноғи йўқ. Ўша пайтда кўпчилик дипломатларимиз ишлаб туриб, ушбу соҳани эгалладилар. 1997-йилнинг июнь ойида кутилмаганда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинландим. Албатта, Ташқи ишлар вазирлигида орттирган тажрибам Қўмитанинг ташқи алоқаларини ривожлантириш, халқаро диний вазиятга баҳо бериш жараёнларида жуда қўл келди. Айтиш керакки, 90-йилларнинг охирида Республикада диний вазият ўта мураккаб кечмоқда эди. Ушбу мураккаб вазиятнинг асосий сабабларидан бири миллий диний етакчиларнинг деярли йўқлигида эди. Иккинчи томондан, хориждан “сизларга динни ўргатамиз” дея сон-саноқсиз даъватчи гуруҳлар кириб келмоқда эдилар. Аслини олганда, Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотуридий, Насафий, Замаҳшарийдек буюк уламолар авлодларини исломга ўргатиш, уларга ислом динидан маъруза ўқиш мантиқан нотўғри эди. Турли оқимларга мансуб даъватчилар ва хорижда турли мазҳабларга оид таълимотларни ўрганиб қайтган айрим ёшларимизнинг қарашлари асрлар мобайнида Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.) асос солган Ҳанафия мазҳаби ва мотуридия ақидаси асосида ислом дини амалларини бажариб келган халқимизнинг қарашлари билан ҳамоҳанг бўла олмади. Ушбу ҳолат имом домлаларнинг қарашларида ҳам акс этиб, жамиятдаги барқарорлик ва осойишталикка раҳна сола бошлади. Ушбу зиддиятларнинг натижаси ўлароқ 1999 йил воқеалари юз берди. Мамлакатимиз мусулмонларига асл ислом динининг мазмун-моҳияти, мазҳаблар орасидаги фарқ, исломда вассатия (мўътадиллик), табаррук динимиз учун ёт ва хатарли оқимлар, мусулмоннинг мусулмондаги ҳақлари ва бошқа ўта муҳим мавзуларни халққа тушунтириб бера оладиган, ҳамма тан оладиган, диний ва дунёвий илмларни чуқур эгаллаган, нотиқ, дипломат инсон кераклиги вақт ўтган сари аён бўлиб бораверди. Пировардида, 1993 йилдан буён хорижда истиқомат қилиб келаётган таниқли ватандошимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (р.а.) ҳазратлари Ўзбекистонга қайтиб келишга таклиф қилиндилар. Вазиятни тўғри англаган Шайх ҳазратлари розилик бердилар ва 2001 йилда Ватанга қайтдилар. Шу санадан эътиборан иккимизнинг ижодий ва инсоний ҳамкорлигимиз бошланди. Айтиш жоизки, 1993-2001 йиллар орасида хорижда Шайх ҳазратлари жуда унумли ижод қилгандилар. Ҳозир халқимиз севиб мутолаа қилаётган “Тафсири Ҳилол” ва “Ҳадис ва Ҳаёт” йирик тўпламли асарлар Маккаи Мукаррамада ва Ливияда яратилган. 2002-йилда яна бир кутилмаган ва хайрли воқеа юз берди, мен Дин ишлари бўйича қўмитага раис этиб тайинландим. Марҳум Шайх Ҳазратлари ёзган китобларни нашр эта бошладик. Фахр билан айта оламанки, ушбу донишманд инсоннинг босилган ҳар бир китобларини қўлёзмалик ҳолатидаёқ ўқиганман, у ёки бу жойларини муҳокама қилган жойларимиз ҳам бўлган. Ҳар бир учрашувимизда у кишидан узр сўраб, мен бир ўқувчи сифатида айрим жойларини ўзим учун аниқлаб олмоқчиман, дея зарур аниқлашлар ва изоҳларни сўраб олардим. Қувайт давлати ташаббуси билан тузилган “Осиё мусулмонлари қўмитаси” жамғармасининг Ўзбекистон бўлимини биргаликда ташкил қилдик ва натижада 2005-йилга қадар ушбу жамғарма бир неча юз етим болалар, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Тошкент ислом институти...
Ўрганувчи, мустақил ёки репетитор билан ёки курсларга қатнаб ўрганадими, деярли бир ҳолатга тушаверади. Аввалроқ ёдлаганларини янгилари билан ўчиргандек, барча машқлари бекордек, билганлари ҳеч қачон амалга чиқмайдигандек туюлади. Бу ҳолат онгнинг иштирокисиз мияда бўладиган фаолият ҳақида билмасликдан бўлади.Ўқувчининг асосий вазифаси кўпроқ ўқиш, тез-тез ёдлаш, давомий машқ қилишдан иборат. Яна соғлом озуқа, етарли уйқу билан таъминлаш ҳам ўрганувчининг зиммасида. Миянинг эса ўз иши бор, унга аралашвермаслик керак.Таҳсил бесамара кўриниб келиб, бирданига киши тушида хорижий тилида гапириб юборади; ўнгида ҳам кутилмаган вазиятда қийин матнни ўқиб ё эшитиб худди ўз она тилидек тушунаётганидан хайратга тушади; ўзини “билмасвой” деб юрган вақтида атрофидагилар тилни билишини эътироф қилиб қолишади. Бу марра қачон эгалланиши жуда кўп индивидуал омилларга боғлиқ, лекин ўрганувчи бунга бир неча бор «муваффақиятсизликларни» кечиб ўтиб етиша олади.Хотира жавонларига билим бирликларининг тахланиши миянинг иши дедик. Бу жараён учун маълум вақт керак. Машқингиз қанчалик интенсив ва давомий бўлса онг-ости мия жараёнлари шунчалик фаол бўлади. Хатто, ва айниқса уйқу вақтида мия ҳужайралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб боради. Буни сиз ҳис қила олмаслигиз сабабидан “ўргана олмаяпман” деган хато фикр онгингизда ўрнашиб, билим олишдан тўхтаб қоласиз. Демак, тил ўрганишда қуйидагиларга аҳамиятли бўлиш керак:Биринчидан, машқларингиз дарҳол самарама бермаётганини нормал ҳолат, деб билиб, “ўргана олмаяпман” деган фикр туғилиши билан унинг хатолигини англанг.Иккинчидан, эътиборни тилни ўзлаштириб олишга эмас ТИЛ ЎРГАНИШ ОДАТИЙ КЎНИКМАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ҚАРАТИНГ. Бир кун ҳам янги сўз, грамматик қоида, машқ қилмаслик билан ўтмасин. Озгина бўлсин-у, лекин бардавом бўлсин. Ҳар куни. Майли хафтасига 2-3 кун бир соат вақт ажратинг. Лекин кунига ҳеч бўлмаса 10-20 минут аяманг. Кўникма ҳосил бўлиши учун 30 кун, унинг яхши ўрнашиши учун яна 30 кун кетдади дейишади. Жами 60 кун. Бир кун ўтказиб юборсангиз ўттиз кунликни бошидан бошланг. Чунки, сизда ТИЛНИ ЎРГАНМАСЛИК кучли кўникмаси енгиш зарур. Тилни ўрганиб бориш одатини ҳосил қилиш жуда осон. Дейлик, ҳали бирон курсга қатнашни бошламадингиз, кўникмани эса пайдо қилиш керак. Мактаб бошланғич синфларининг инглиз (немис, испан, араб) тилидан эскириб кетган дарслигини топинг. Ҳар куни уйдан чиқаётганингизда бир саҳифасини йиртиб олинг. Уйда ўтириб иккала бетини ўқиб чиқинг, ҳар сатрни ўқиганингзда кўзни қоғоздан узиб бир икки қайтаринг. Кифоя. Қоғозни чўнтакка солиб ишингизга равона бўлинг. Йўлда, тушликда, вақт пайдо бўлди дегунча ҳалиги варақни яна ўқиб чиқинг. Дафтарча тутиб унга янги сўзлар, ибораларни кўчириб ёзсангиз зўр бўлади. Уйга қайтиб бу саҳифани ҳохласангиз ташлаб юборинг, ҳохласангиз сақлаб қўйинг, лекин эртасига эски китобнинг янги саҳифасини йиртиб олинг. Муҳими нафсга ҳеч бир малоллик келмасин ва эътибор давомийликда бўлсин. Бир ойда деярлик 60 бет ўқиб қўясиз. “Эсимда қолмади барибир” деманг. Хотирадан ўчмаганини аниқ билмайсиз.Тил ўрганишни одатга айлантирсангиз чет тилини чўнтагимга жойладим деб ҳисоблайверинг. Жамшид Муслимов, блогер-иқтисодчи 438
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир. Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз.. Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят) Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”.(Байҳақий ривояти) Дарҳақиқат мустақиллик йилларида 9 май кунини Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келиниши, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир муҳим қадам бўлди.Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган кишиларга эътибор берсангиз, улар қўлларини дуога очганларида юрт тинчлигига кўз тегмасин деб, шундай дориломон кунларга етиб келганликларига шукроналик келтирадилар, айни пайтда, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини, бундай осуда ҳаёт, дориломон кунлар қадрига етишни, уни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайдилар.Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига сурур киритишимиздир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Амр ибн Шуайб отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти) Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин.Парвардигори оламдан дунё ва юртимиздаги ушбу синовли кунлардан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касаллик ва турли офатлардан ўзи асрасин! Тошкент ислом институтининг махсус сиртқи бўлими 3- босқич талабаси Кенжаев Хасанбой 461
Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олийжаноблик бағишлайди. Аждодларга юксак эҳтиром ифодаси. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Зотан, биринчи президентимиз марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан 9-май санасининг Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг кўламда нишонланиш ҳам бунинг ёрқин мисолидир. Иккинчи Жаҳон урушида кўплаб юртдошларимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Минглаб оталаримиз, боболаримиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирланишди. Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик каби фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ҳарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатларга мансуб 1 миллионга яқин аёллар, болалар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонни улар билан бирга баҳам кўрди. Биз бугун бундай мисолларни минглаб келтиришимиз мумкин. Масалан, қарийб бир ярим ойдан бери давом этиб келаётган карантин вақтида халқимизнинг кам таъминланган қатламига кўрсатилаётган беғараз ёрдами, қолаверса Сирдарё вилоятида содир бўлган табиий офатда зарар кўрган юртдошларимизга кўрсатилаётган ёрдамлар фикримиз далилидир. Иккинчи Жаҳон урушида жасорат кўрсатган, оиласи, фарзандларининг хотиржамлиги учун курашган инсонлар мудом халқимиз ардоғида, беаёв жангларда жон фидо қилган боболаримиз хотираси қалбимизда абадий яшайди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими услубчиси З. Ахроров 597