«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз» (Ҳадис муборак) Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли амал. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш, ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги бурчдир. Етимпарварлик кемтик қалбли болажонларни келажакда жамият учун ҳар тарафлама етук шахс бўлиши омилидир. Муқаддас ислом динимизда етимга яхшилик қилишга тарғибот қиладиган оят-ҳадислар жуда кўп бўлиб, мурувватпарвар инсонларга улкан ажру ҳасанотлар ваъда қилинган. Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят). Жорий йилниннг 17 декабрь куни “10 декабрь – Инсон ҳақ–ҳуқуқлари куни” ва “11 декабрь – ЮНИСЕФ–БМТ болалар фонди ташкил топган кун” муносабати билан талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, кутубхоначи И.Акмалова ва амалиётчи Г.Маҳамедова ҳамда бир гуруҳ талаба қизлар “Болалар уйига ёрдам” шиори остида йиғилган хайрияларни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 21-сонли меҳрибонлик уйига олиб борди. Талаба қизлар 4 ёшдан 12 ёшгача бўлган бир гуруҳ синиқ қалб эгалари билан дилдан суҳбат қуришди. Суҳбатда беғубор болакайларнинг орзулари, келажакда олдига қўйган мақсадлари, мактабдаги баҳолари, қайси фанларни яхши кўришлари, уларга яратиб берилаётган имкониятлар хусусида қизғин мулоқот бўлди. Мулоқотдан маълум бўлдики, давлатимиз тамонидан жажжи кемтикларга катта имконият эшиклари очилган. Болалар ингилиз, карейс, рус тилларида бемалол суҳбат қилишар, ҳатто спортнинг бир неча турлари бўйича мусобақа ғолиблари ҳам бор экан. Ташриф сўнгида талаба қизлар улар билан диний ва дунёвий мавзуларда савол жавоб ўтказиб, ғолибларни эсдалик совғалар билан тақдирлашди. Бу каби учрашувлар талаба қизлар қалбида етимларга нисбатан меҳр ҳиссини янада оширди. Зеро, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қиланадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир», дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз» дедилар». Ота-онасиз қолган етим болани ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб, вояга етказган одам жаннатнинг энг олий мақомида – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 763
Британиянинг “The Economist” нашри анъанавий тарзда ҳар йили демократия соҳасида энг катта ютуқларга эришган давлатни “Йил мамлакати” деб эълон қилади. Мукофотнинг рейтинг кўрсатгичларида инсон яшаши учун қулай мамлакат номидан энг қашшоқ, ривожланишдан ортда қолган ва сиёсий инқирозга учраган давлатлар номи қайд этилади. Мукофотнинг бу йилги умумий таҳлилий ҳисоботида дунё мамлакатлари ўртасида миллатлар ва динлар ўртасидаги кучли зиддиятлар ҳукмронлик қилгани қайд этилган. Нашрда, шунингдек, Ўзбекистонда мажбурий пахта теримини бекор қилиниши ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланган. “Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилиши, минтақадаги энг катта қамоқхонанинг ёпилиши, хорижий журналистларнинг мамлакатга киришига кенг имкониятлар яратилганлиги ва қўшни давлатлар билан алоқани яхшилашда қатор чегара пунктларини очилиши ушбу мамлакатнинг “Йил мамлакати” мукофотига сазовор бўлишига асос бўла олади ”, дейилади “The Economist” нашрида. Манба: uza.uz 773
Куни кеча Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг “Жамият тараққиётининг асоси – маърифатдир” мавзусида талаба-ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларимизни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, маънавий иммунитетини кучайтириш, халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ҳамда ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида халқимиз онгу тафаккурини шакллантириш юзасидан фикрлар билдирилди. Суҳбат давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар. Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4166-сон қарори билан ташкил этилган. 1 041