Глобаллашув жараёни авж олгани сари одамларнинг ахборот олиш, тарқатиш ва қабул қилишга бўлган талаб ва эҳтиёжлари тобора ортиб боради. Ахборот хуружларининг ёлғон ахборот тарқатиш, миллий-маънавий қадриятларни емириш, менталитетга мутлақо ёт бўлган қадриятларни тарғиб этиш, халқнинг тарихий хотирасини бузиш ва ўзгартириш, кибертерроризм каби турлари кенг тарқалмоқда. Ўзбекистонда ҳам интернетдан фойдаланувчилар сони кун сайин ўсиб бормоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар эканини ҳисобга олсак, бу ҳолат барчамизни янада огоҳ ва сергак бўлишга ундайди. Шу мақсадда жорий йилнинг 14 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1-4 курс талабаларига институтнинг Матбуот хизмати котиби Аброр Абдуазимов томонидан “Интернет ижтимоий тармоқларида ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш муаммолари” мавзусида маънавият соати тадбири ўтказилди. Тадбирда Аброр Абдуазимов томонидан: “Интернетдан оқиб келаётган ахборот ва маълумотларни таҳлил қилиш лозимлигини, бирор мавзу ҳақида унинг туб моҳиятини тушуниб етмасдан, унга таъсир этувчи турли омилларни ҳисобга олмасдан шошма-шошарлик билан фикр билдириш жамият орасида турли ихтилофларга сабаб бўлиши, кишилар орасида низо келтириб чиқариши мумкинлиги, интернетдан фойдаланиш одобларига риоя этиш кераклиги”, айтиб ўтилди. Шу билан бирга, бугунги кунда баъзи бир оқимларнинг фарз ёки вожибга эмас, балки, мустаҳаб бўлган амаллар борасида фитна чиқаришга ҳаракат қилаётганини ҳисобга олсак, биз соҳа мутахассислари сифатида фарз, вожиб бўлган амаллар билан бир қаторда мустаҳаб бўлган амалларнинг ҳам илмини чуқур ўрганишимиз ўта муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, 15 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси биносидаги талабаларга “Интернетдан фойдаланиш одоблари” мавзусида маънавият соати тадбири бўлиб ўтди. Тадбирни кафедра ўқитувчиси И.Убайдуллаев олиб борди. Суҳбат сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга илмий ва ҳаётий мисоллар орқали жавоб олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов. 597
Жорий йилнинг 14 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг талаба қизлари иштирокида “Интернет ижтимоий тармоқларида ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш муаммолари” мавзусида маънавият соати бўлиб ўтди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Алий маъруза қилди. Суҳбатда, интернет ижтимоий тармоқларида ҳозирги кунгача давом этиб келаётган турли оқимларнинг фитналари ва уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Шунингдек, интернетдан оқиб келаётган ахборот ва маълумотларни таҳлил қилиш, уларга муносабат билдиришда эҳтиёт бўлиш, билмаган мавзусига аралашмаслик, акс ҳолда ҳар хил фитналарга сабаб бўлиб қолиши таъкидлаб ўтилди. Диний саводсизликка барҳам бериш учун интернетдан фойдаланувчининг ўзи илмга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди. Ҳамма вақт билмаган мавзусига аралашган одам ютқазади, биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам беришимиз, бидъатларга қарши қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада сиз талаба қизларнинг масъулиятингиз улкандир…”, деди. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат сўнгида талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга устоздан жавоб олдилар. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 538
Халқимизнинг Қуръони карим оятлари мазмунини билишга бўлган эҳтиёжини таъмин этишга ҳисса қўшиш йўлида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоблари тўлиқ жамланма ҳолида чоп этилди. Тафсирнинг ўзига хос жиҳатлари шуки, унда аввалги ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва тафсир китобларида берилган маълумотларни ўзида мужассам этган ҳолда янги ва нодир маълумотлар ҳам киритилди. Мўмин-мусулмонларни Қуръон оятлари маънолари билан иложи борича яқиндан таништириш учун ўзбек тилидаги матнларни халқчил ва тушунарли шаклда ифода этилди. Тафсири Жалолайн, Ибн Касир, Абул Баракот Насафий, Замахшарий, Олтинхон тўра, Ваҳба Зуҳайлий каби ўнлаб машҳур муфассирларнинг китобларидан ушбу тафсирни ёзишда кенг истифода қилингани унинг илмий жиҳатини янада оширди. Шунингдек, тафсирда ақлларни лол қолдирувчи мўъжизаларга ҳам алоҳида урғу берилган. Илм-фан соҳасидаги Қуръон мўъжизаларининг кашф этилиши ҳақидаги ажойиб маълумотлар ҳам баён этилган. Яна бир жиҳат, “Тафсири Ирфон” энг замонавий усулда, сифатли ва китобхонга қулай шаклда чоп этилди. Айни пайтда сиз учун азиз бўлган инсонларга уни совға қилиш учун ҳам энг муносиб ҳадядир. Зеро, Қуръони каримнинг бир неча ўринларида инсонларни оятлар маъно-мазмунини билиб, тушиниб ўқишга чақирилади. “Нисо” сурасининг 82-оятида: “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?!”, – деб баён этилган. Мазкур тафсирни харид қилишни истасангиз, ушбу +998-99-001-01-12 телефон рақамига қўнғироқ қилинг. Шунингдек, республикада жойлашган марказий жоме масжидлардан ҳам ушбу китобни топишингиз мумкин. Манба: Muslim.uz 624
Инсон ўз тарихини билсагина, келажакка ёрқин нигоҳ билан боқа олади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримнинг бир неча оятларида Аллоҳ таоло бандаларини олдинги ўтган қавмларнинг ҳолларини, уларнинг оқибатларини эслашга, улардан хулоса чиқаришга буюради. Тарихни қанчалик ўрганар экансиз, ўзлигингизни англай бошлайсиз, бу дунёга келишдан асл мақсад Яратганнинг розилигини истаб халққа, динга, ватанга хизмат қилиш эканлигини тушуна бошлайсиз. Тошкент ислом институти устоз ва талабалари “Ватанпарварлик ўлка тарихини ўрганишдан бошланади” шиори остида тарихий жойлар, муқаддас қадамжолар, мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоотларга саёҳатлар ва экскурциялар ташкил қилиниб келинмоқда. Худди шундай тадбирлардан бири 9 октябрь куни Тошкент ислом институтининг махсус сиртқи бўлими битирувчи талабалари билан бўлиб ўтди. Унда талабалар Маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов бошчилигида Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган, ҳозирда “Усмон мусҳафи” сақланаётган “Мўйи муборак” мадрасасига ташриф буюрдилар. Зиёрат давомида талабалар музейда сақланаётган буюк аждодларимиз томонидан битилган ноёб қўлёзма асарлар, турли хил ёзув услубида ёзилган Қуръони карим нусхалари, хусусан, “Усмон мусҳафи” билан таништирилди. Уламоларимиз илм йўлида ўзларининг нечоғлик куч-ғайратларини бахшида этганларига гувоҳ бўлдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Жуда кўплаб асарларни она тилимизга таржима қилиш, уларни кенг жамоатчиликка таништириш зарурати борлигини, айниқса, турли бузғунчи ғоялар урчиётган бизнинг давримизда халқимизга соф ислом асосларини етказишда ушбу асарлар муҳим қўлланма, дастур бўлиб хизмат қилиши тўғрисида тасаввур ва тушунчага эга бўлдилар. Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов 738