islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

“Сузук ота” мажмуасида бўлганмисиз?

2019 йилнинг 10 октябрь куни Тошкент ислом институтининг “401”, “402” ҳамда “404” гуруҳ талабалари маънавий-маърифий ишлар бўйича поректор Ж.Мелиқўзиев ва куратор О.Ҳошимов раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” мажмуасига ташриф буюрдилар. Аввало, маънавий-маърифий ишлар бўйича поректор Ж.Мелиқўзиев талабаларга юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳақида, яқин-яқингача “Сузук ота” зиёратгоҳини кўпчилик билмаслиги, президентимиз ташаббуси билан инсон кўзи қувнайдиган, қалблар ором топадиган обод бир масканга айланганини айтиб ўтди. Экскурсия давомида талабалар Сузук ота ҳаёти, фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлган. У зот Аҳмад Яссавий ҳазратларининг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган Мустафоқул бобосининг хизматига борганида Аҳмад Яссавий уни эркалаб “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган.  Юзлаб ҳунарманд уста-шогирдларни ҳалол меҳнатга ўргатган Сузук ота 1217 йилда вафот этган. Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Устоз ва талабалар мақбарага кириб муқаддас Қуръони карим оятлари тиловатидан ҳосил бўлган савобларни ўтганлар руҳига бахшида этдилар. Шундан сўнг 4 курс талабаларининг касбий маҳоратларини ошириш мақсадида ташкил қилинган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ёрдамчиси Сатимов Саҳобиддин домла билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ЎМИнинг Тошкент шаҳар вакиллигида халқимизга соф ислом таълимотларини етказиш, муқаддас динимизга зид бўлган бидъат-хурофотларга қарши курашиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Талабалар вакиллик фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.Зиёрат якунида талабалар “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон домла Сўфиев билан учрашдилар. Аюбхон домланинг сўзларига кўра, ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан 1936 йилгача фойдаланиб келинган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада, тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 май куни Сузук ота мажмуасида бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича ўз тавсияларини берган. Қурилиш ишлари 2019 йил май ойида якунига етиб, мажмуа 10 май куни расман иш бошлаган. Суҳбат сўнгида Аюбхон домла талабаларга ўзларининг қимматли тавсияларини бериб, уларнинг ҳақига дуойи хайрлар қилдилар. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 600

Ҳадис илмининг аҳамияти ва унга бўлган эътибор

Жонажон юртимиз Аллоҳ назар қилган юрт, бу миллат қанча – қанча олиму уламоларни, неча – неча жасорат соҳибларини ва буюк подшоҳу султонларни тарбия қилган миллатдир. Шундай экан бу халқ, бу миллат буюк аждодлар йўлидан юрса, ҳеч қачон ёвга ем, душманга таслим бўлмайди. Чунки аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросимизни ихлос билан ўрганиш, халқимиз қалбида ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва динга ихлосни ўргатади. Имом Бухорий, имом Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино каби зиё соҳибларининг бизга қолдирган маънавий мерослари халқимизнинг саодатли йўлини ёритишга хизмат қилади. Бу парлоқ йўл то қиёматгача мана шунда ёруғ қолажак. Яратганга беадад шукурлар ва мақтовлар бўлсинки, юртимизда барча соҳада ислоҳатлар жадал сувратда амалга оширилаётган бир пайтда диний соҳа рахбарлари ва ходимлари ҳам бу жабҳада бошқалардан ортда қолаётгани йўқ. Узоқ ўтмишимизга эмас, яқин тарихимизга қарайдиган бўлсак, ўтган икки йил ичида динимиз фидоийлари кўпгина савобли ишларни амалга оширдилар. Бунга мисол қилиб, Мусулмонлар диний идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фондининг иш бошлаганлигини, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг очилишини, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Бухорода тасаввуф мактаби, Самарқандда калом илми мактаби, ҳамда Марғилонда фиқҳ мактабларининг очилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Қолаверса жорий йил Самарқандда ҳадис илми олий мактаби иш бошлаши бунинг ёрқин мисолидир. Бу ислоҳатлар бизнинг жонажон Олий маъҳадимизни ҳам четлаб ўтмади. 2019 – 2020 ўқув йили учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модуль тизими асосида алоҳида сиртқи бўлим очилиб, унда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган, ўрта махсус маълумотга эга бўлган имом хатибларнинг 120 тасини ўқишга қабул қилди. Эндиликда бу талабалар ҳам ўзларининг илмий салоҳиятини янада ошириш ва  маъҳаднинг  олий даражадаги шаҳодатномасини қўлга киритиш имкониятига эга. Бу талабалар алоҳида ўқиш ва ётоқ жойлари билан таъминланди. 2018 – 2019 ўқув йилида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг ички тартибида ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлиб, янги “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси очилди. Илгари кафедралар сони 4 та эди, яна биттага кўпайди. Бу янги “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедрасининг барча устозлари фидоий, жонкуяр ёш кадрлар бўлиб, барчалари тинмасдан ўзларининг устида ишлайди ва буюк аждодларимиздан Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўпламини, Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунани Термизий” асарини, Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳи маонил осор” ҳадислар тўпламини институтимиз талабаларига ихлос ва муҳаббат билан ўргатадилар. Ҳадис илмини ўрганишнинг бугун қандай аҳамияти бор? Дастлабки даврда саҳобалар ва тобеинлар ҳадисларни саҳиҳ – носаҳиҳга ажратмаган. Чунки носаҳиҳ ҳадислар умуман бўлмаган. Кейинчалик турли фирқалар ва оқимлар пайдо бўлар экан, улар одамларни ўзларининг бузуқ ғояларига чақириш учун оятларни нотўғри таъвил қилишга киришган ва ўзларига ёққан шаклда гап тузиб: “Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадис” деб, ёлғон санадлар билан ҳадис ўйлаб топишган. Натижада саҳиҳ ҳадислар орасида носаҳиҳлари ҳам аралашиб кетган.  Бу эса адашган тоифаларни ҳам дастаклашда қўл келиб, кўп фитналар чиқишига, ҳатто ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингизга асосланиб, бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади” деб марҳамат қилди. Агар узоқ тарихга ҳам назар солсак, ҳижрий учинчи асрда ҳам дин душманлари ислом таълимотини бузишга ҳаракат қилган. Бунинг учун Қуръон оятларини ўзгартиришга уринишлар бўлган. Лекин уларнинг бу ишлари самара бермаган....

Тошкент ислом институти талаба қизлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига ташриф буюрдилар

Тошкент ислом институти Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З. Суярова ва АРМ ходимаси И.Акмалова институтнинг бир гуруҳ талаба қизлари билан жорий йилнинг 10 октябрь куни мамалакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси экскурция уюштирди. Қайд этиш жоизки, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ахборот ва маданий-маърифий муассаса бўлиб, кутубхоначилик, библиографик, илмий тадқиқот, илмий-методик ва ахборот фаолиятини олиб боради. Кутубхона фонди мазмунан универсал миллий ва хорижий матбуотнинг ноёб тўпламидир. Кутубхона фаолиятининг бош мақсади, бутун инсоният билимини акс эттирган, аввало, Ўзбекистонга ва унинг миллий манфаатларига тааллуқли ҳужжатларнинг универсал фондини йиғиш, сақлаш ҳамда жамият фойдаланиши учун тақдим этишдир. Ушбу кутубхонада талаба қизлар буюк аждодларимиз Бухорий, Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур асарлари, шунингдек, А. Қодирий, Чўлпон, Фитрат, У.Носир, Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор ва бошқа замондош ижодкорларнинг чоп этилган асарларнинг нашрлари, рус адиблари А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, А.П.Чеховларнинг ижод намуналари билан яқиндан танишдилар. Ташриф жуда мазмунли бўлиб, талабалар ўзларига керакли бўлган маълумотлар билан танишдилар. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 621

КИТОБ ЁШЛАР НИГОҲИДА

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг китоб мутолааси, китоб чоп этиш, китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш бўйича чиқарган меъёрий ҳужжатлари мамлакатимиз аҳлининг китобга муносабатини ўзгартириш, китоб ўқишга бўлган рағбатини кучайтириш борасида муҳим дастуриламал бўлгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Шунга асосан талаба-ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларда китоб мутоаласига бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида Тошкент ислом институти АРМ ва “Моварауннаҳр” нашриёт-матбааси билан ҳамкорликда “Китоб ёшлар нигоҳида” шиори остида китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди. Китоб – инсониятнинг маданий ва маънавий меросидир. “Ўқинг ва ўрганинг. Жиддий китобларни ўқинг, қолганини ҳаётнинг ўзи беради” деган эди Федор Достоевский. Ҳақиқатдан ҳам бугун ўқилиши зарур бўлган китобларни сони талайгина. Аммо, бировни мажбурлаб китоб ўқитиб бўлмайди, инсон эркин фикр юритиши, энг эзгу туйғуларни қалбига олиб кириш учун ҳам мунтазам китоб мутолаа қилиш керак. Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Мутолаа қилган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки бугун диний таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Китобхонлик” кунлари ташкил этилган. Шунга мувофиқ Тошкент ислом институтида ҳар ойда китоб кўргазмасини ташкил этиш талабалар ўртасида ҳақиқий анъанага айланиб улгурган. Бугун мазкур кўргазма-савдода нашриёт томонидан китобхонларга 40 дан ортиқ номдаги 500 га яқин ўқув дарсликлари, бадиий, илмий, диний-маърифий адабиётлар, араб, инглиз, рус ва ўзбек тилидаги луғат китоблари, шеърий тўпламлар намойиш этилди. Мана шундай китоб кўргазмаларининг ўтказилиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада оширади. Ахборот-ресурс маркази мудири Ў.СОБИРОВ 935

“МЕҲР-2”: Ироқдан 64 бола юртимизга олиб келинди, уларнинг тақдири нима бўлади?

Инсонпарварликнинг юксак намунаси 2019 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди. “Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида юртимизга олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор. Гуманитар амалиёт ишчи гуруҳи томонидан айни пайтда турли халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқаролари тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солгани учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича уларнинг розилиги олинди. Таъкидлаш жоизки, ушбу аёллардан айримларининг турмуш ўртоғи айни пайтда халқаро террористик ташкилотлар сафида қолаётган бўлса, бир қисми жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган, қолганлари эса Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтамоқда. Афсуски, тўғри йўлдан адашиб, бошқа давлатлар орқали “уруш ўчоқлари”га бориб, халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилган ота-оналар фарзандлари руҳий ва жисмоний қийинчиликларга дуч келган. Эндиликда бу болалар барча қулайликларга эга соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Болалар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, янги кийим-кечак билан таъминланади. Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилади. Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик сиёсати асосида амалга оширилаётган “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти давом этади ва ҳеч бир Ўзбекистон фуқароси ҳимоясиз қолмайди. “Меҳр-2” инсонпарварлик операцияси вакилининг ЎзА мухбирига берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонга олиб келинган болаларнинг ота-оналари Ироқ давлатига террорчилик гуруҳлари ва таъқиқланган ташкилотлар таркибида бўлганликлари сабабли 10-20 йилга, айримлари эса умрбод озодликдан маҳрум этилган. “Меҳр-2” махсус операцияси вакилининг далолат беришича 64 нафар болани Ўзбекистонга қайтариш бўйича операция 6 ой аввал бошланган. Бу вақт давомида Ироқдан қайтажак болаларнинг Ўзбекистондаги яқинлари билан боғланиб, улар қайси қариндошлари оиласига жойлаштирилиши бўйича муаммолар ҳал этилган. “Меҳр-2” вакилининг таъкидлашича мазкур болаларнинг ота-оналари ўз хоҳишлари билан фарзандларини Ўзбекистондаги яқин қариндошлариникига жўнатишга розилик берган. Ироқдаги озодликдан маҳрум этилган ўзбек аёллари ҳам фарзандлари қатори Ўзбекистонга қайтиши учун мазкур давлат билан музокаралар олиб борилмоқда. Ироқ ҳукумати қонунчилигига кўра, улар террорчи сифатида ҳибсга олинган. Аввал хабар берилганидек, болалар маълум вақт давомида соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Сиҳатгоҳда болалар учун иссиқ овқатлар ташкил этилиб, уларга янги кийим-кечаклар берилади. Улар реабилитация муддатидан сўнг Ўзбекистондаги яқинлари оиласига топширилади. Шунингдек, болаларни ўз қарамоғига олган яқин қариндошларига моддий кўмак берилиши ҳам кўзда тутилган. Яқин орада яна уруш ўчоқларидан болаларнинг қайтарилиши кутилмоқда. “Кўпгина давлатлар озодликдан маҳрум этилган жойларда сақланаётган болаларни ўз юртига қайтаришдан хавфсираган. Аммо, Ўзбекистон Ироқ давлати қонунчилигига кўра, ота-онаси террорчи, деб топилган аёлларнинг фарзандларида айб йўқ деб топди. Уларни Ўзбекистон фарзандлари сифатида юртимизга қайтармоқда. Келажакда улар бошқа болалар қаторида мактаб ва боғчаларга қатнаши таъминланади. Вояга етмаган болаларнинг уруш ўчоқлари, сўнг қамоқхоналарга тушиб қолишида айби йўқ. Гўдакларга жиноятчи сифатида қарамаслик лозим, бу халқаро ҳуқуқ нормаларида ҳам кўзда тутилган. Ўзбекистон юртдошларимизнинг вояга етмаган фарзандларига жиноятчи сифатида қарамайди ва уларни жамоатчиликка қўшилиб кетишида ёрдам кўрсатади”, дея таъкидлади операциянинг махсус гуруҳ...
1 466 467 468 469 470 719