islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

“Энг маърифатли имом – 2019” кўрик танловида Тошкент ислом институти талабалари ғолиблар сафида

Якунига етиб бораётган 2019 йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам янгиликлар, ўзгаришлар ва ислоҳотларга бой бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом маърифатини кенг тараннум этиш, аждодларимизнинг маънавий меросини янада чуқур ўрганиш йўлида муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида жуда кўплаб эзгу ташаббуслар, хайрли лойиҳалар амалга оширилди. Бу ишлар негизида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар томонидан дин равнақи, халқ фаровонлиги, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади. Имом-хатиб дин тарғиботчиси, шариат пешвоси ҳисобланади. Шу билан бирга у жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Динимиз софлигини асраш, халқимизга зиё ва маърифат тарқатиш, тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳисси билан яшашга ундаш айни диний соҳа ходимларининг хизматларидир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови ўтказилиб келинади. Танловнинг мақсади бугунги талабларга жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдир. Танлов уч босқичда: туман-шаҳар, вилоят ва Республика миқёсида ўтказилади. Бундан аввал жойларда танловнинг туман-шаҳар ва вилоят босқичлари ўтказилганлиги ҳақида хабар берилган эди. Шу йилнинг 12 декабрь куни пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажумасида танловнинг ҳал қилувчи – Республика босқичи ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичи ғолиблари иштирок этдилар. Тадбир Қуръони карим тиловати билан очилди. Сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов иштирокчиларга муваффақият тиладилар. Иштирокчилар Қуръони карим қироати ва тафсири, Ақоид, Фиқҳ илми, ижтимоий-маънавий йўналишдаги саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, йил давомида амалга оширган ишлари, ОАВдаги иштироки, тарғибот тадбирлари бўйича тақдимот қилдилар. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни белгиланган тизимда баҳолаб бордилар. Якуний натижаларга кўра қуйидаги иштирокчилар юқори ўринларни қўлга киритдилар: 1-ўринга Тошкент шаҳри “Доруссалом” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлим талабаси Муҳаммадраҳим Абдуқодиров; 2-ўринга Тошкент вилояти “Абдулқодир Махсум” жоме масжиди имом-хатиби Абдулбосит Нусратуллаев; 3-ўринга Фарғона вилояти “Саид Жалолхон тўра” жоме масжидид имом-хатиби Юнусхон Мамарасулов ва Хоразм вилояти “Мискин бобо” жоме масжиди имом хатиби Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлим яна бир талабаси  Қўзибой Машарипов муносиб кўрилди. Шунингдек, танловга ҳамоҳанг равишда йил давомида фаол хизмат кўрсатган, фидоий ва ўз ишида намуна кўрсатган имомлар қуйидаги йўналишларда тақдирландилар: “Энг кўп обуна уюштирган имом” – Андижон вилояти Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Парпиев Шаҳобиддин; “Энг кўп мақола чоп этган имом” – Тошкент вилояти “Собиржон ота” жоме масжиди имом-хатиби Эрназапов Суннатуллоҳ; “Энг обод масжид” – Жиззах вилояти Жиззах шаҳри “Хўжа Нуриддин ҳожи” жоме масжиди; “Энг интизомли имом” – Навоий вилояти “Оқтош” жоме масжиди имом-хатиби Эргашев Дилшод; “Энг фаол имом” – Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-хатиби, Махсус сиртқи бўлимнинг яна бир талабаси Мухтаров Фазлиддинга  насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар танловнинг махсус дипломи ва статуеткалари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада Тошкент ислом институти талабаларининг муносиб ғалабасида институт жамоасининг ҳам ҳиссаси борлиги хурсандлик, меҳнатнинг самарисига шукроналик ҳиссини олиб келди. Бу ғалаба билан Тошкент ислом институти устоз ва ходимларини табриклаймиз! 896

Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси Ассалому алайкум, азиз ватандошлар! Муҳтарам меҳмонлар! Хонимлар ва жаноблар! Аввало, барчангизни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллик байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз. Ҳурматли дўстлар! Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради. Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди. Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур. Ҳурматли юртдошлар! Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади. Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ. Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир. Шу боисдан ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишимиз зарур. “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман. Биринчидан, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш айниқса долзарбдир. Афсуски, ушбу талаблар бизда ҳали тўлиқ бажарилмоқда, деб айта олмаймиз. Шу йилнинг ўзида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди. Бу қонун ҳужжатлари ким учун ва нима мақсадда қабул қилинмоқда? Албатта, халқимиз фаровонлиги учун. Масалан, иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлган “Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилганимизга 7 ой бўлди. Кўпдан буён кутилган, ҳаётнинг ўзи талаб этаётган бу қонун лойиҳаси устида биз узоқ вақт ишладик. Ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат ва жамият вазифаларини бажаришга доир конституциявий ҳуқуқини амалга оширишнинг таъсирчан механизмидир. Ҳозирги вақтда айрим тармоқларда давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Аммо соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши,...

92 нафар фуқаро Конституция куни муносабати билан афв этилди

“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 20 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 37 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 16 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Манба: Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати 756

Аёл, Ислом ва ҳуқуқ

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади. Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир. Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди. Жорий йилнинг 5 декабрь куни Тошкент ислом институтида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган талаба қизлар билан «Аёл, ислом ва ҳуқуқ» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ижтимоий-гуманитар фанлари” кафедраси, “Миллий ғоя” фани ўқитувчиси М.Жуманиёзова, талабалар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, куратор С.Валиева, институт устозлари ҳамда амалиётчи талабалар иштирок этдилар. Суҳбатни услубчи З.Суярова талабаларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги билан қутлаш билан бошлаб берди. Амалиётчи талаба Маҳаметова Гулруҳ Конституция мавзусида талабалар билан қизиқарли савол-жавоб ўтказди. Сўнгра меҳмон М.Жуманиёзовага сўз берилди. У талабаларга Ўзбекистон Конституциясининг яратилиш тарихи ҳақида сўзлади. Шунингдек, Конституциянинг жамиятда тутган ўрнини, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва вазифаларини билиши нечоғлик муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. М.Жуманиёзова саволларга жавоб бериш билан бирга ёшларга тааллуқли моддаларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Суҳбат сўнгида талабалар томонидан тайёрланган “Дунё Конституциялари тарихи” мавзусида слайд намойиш этилди. Шунингдек, Қомусимиз қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан талаба қизлар иштирокида турли хил беллашувлар ва деворий газеталар танлови ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, Конституциямиз фахр ва ифтихоримиз эканлигини талаба қизлар ўзларининг билим ва иқтидорлари билан исботлашмоқда. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 751

Қомусимиз ифтихоримиз

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан мамлакатимиздаги турли муассасалар, ўқув даргоҳлари ва ташкилотларида байрам тадбирлари, учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ушбу таълим даргоҳининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси ва “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” ҳамкорлигида 2019 йил 5-декабрь куни “Қомусимиз ифтихоримиз” мавзусида институтнинг 3-курс талабалари учун байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг бош маслаҳатчилари А.Жумаев, Ҳ.Бобажонов, шунингдек институтнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ж.Мелиқўзиев, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О.Тангировлар иштирок этдилар. Тадбирда Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланганлиги, бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бораётгани, буларнинг барчаси, энг аввало, бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижаси эканлиги таъкидлаб ўтилди. Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан керакли жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ҳ.Нажмиддинов 740
1 468 469 470 471 472 736