Саҳобалар ва тобеъинлар оҳод йўл билан қилинган ривоятларга амал қилиш вожиблигига иттифоқ қилганлар. Аввал ҳам таъкидланганидек, оҳод хабар мутавотир ва машҳур даражасига етмаган, яъни бир ёки икки, умуман олганда, мутавотир даражасидан кам кишилар ривоят қилган хабарлардир. Мазҳаб имомлари оҳод хабарларга амал қилиш учун бир қанча шартлар қўйганлар. Сабаби, ривоятнинг собитлигини билиш ва саҳиҳ бўлмаганларини четлатишдир. Бу борада улардан ҳар бирининг ўз йўллари бор. – ҳанафийларнинг шартлари; Ҳанафийлар оҳод хабарга амал қилиш учун қуйидаги учта шартни айтганлар: Оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Яъни, ўзи ривоят этса-ю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Чунки, ровий, ўша ривоят мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин. Шунинг учун, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари мазкур идишни фақат уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар. Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам, ҳанафийлар намозда рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Чунки, бу иш, аслида, кўп такрорланмайдиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозларни доимо жамоат билан ўқиганлар. Агар рукуъдан аввал қўлни кўтариш ҳақидаги гап таъкидли амал бўлса, бир кунда йигирма мартадан ортидан такрорланган ва бу ишни кўпчилик саҳобалар кўришган бўларди. Қолаверса, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Аслида, рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг «оҳод» бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди. Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг елини тўлиб турган қўйини соғиб ичган одам сут ўрнига бир соъ миқдорида хурмо бериши зарурлиги ҳақидаги ҳадис мисол бўлади. Шариат қоидаси бўйича, бир нарсанинг ўрнига ўзига ўхшаш нарса қайтарилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис насх бўлган бўлиши мумкин. – моликийларнинг шартлари; Имом Молик «оҳод йўл билан қилинган хабар Мадина аҳлининг одатига хилоф бўлмаслиги керак» деган шартни қўяди. Чунки, Мадина аҳлининг одати оҳод хабар ўрнига ўтади. Ҳаттоки, уларнинг кўпгина қилган ишлари оҳод хабардан кучлидир. Сабаби, Мадина аҳли ҳар бир нарсасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрганлар ва ўша нарсага одат қилганлар, дейди у киши. Шунинг учун ҳам, имом Молик, розилигисиз никоҳи эълон қилинган қизда Мадина аҳлининг одатига кўра, «хиярул мажлис»га хилоф ўлароқ, уч кунгача ихтиёр ҳаққи бор, дейдилар. шофеийларнинг шартлари; Имом Шофеъий оҳод ҳадисга амал қилиш учун тўртта шартни айтганлар: – ровий ишончли ва динида содиқ бўлсин, – оқил ва айтган ҳадисини фаҳмлайдиган бўлсин, – қилган ривоятида зобит бўлсин, – унинг ривояти аҳли илм ҳадисларига мухолиф бўлмасин. Бу шартларнинг бўлмаслиги мурсал ҳадисга амал қилинмаслигини тақозо қилади. – ҳанбалийларнинг шартлари. Ҳанбалий мазҳаби хабари оҳодни мурсал бўлса хам заиф бўлса хам оладилар, фақат шарти ровий туҳмат килинган (муттаҳам) ёки каззоб бўлмаслиги керак. Хабари оҳадни энг кенг йулни танлаганлар шулардир. Имом Аҳмаддан ривоят килинди: Абу Ҳанифанинг ҳасан фикридан менинг наздимда заиф ҳадис яхшидир. Агар у киши ҳадисни марфуъ ҳолатда топса, ўшани тақозосига биноан фатво беради унга хилоф...
Бизнинг тилимизда “одоб” тарзда талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча “أدب” сўзи аслида “ مأدبة” ўзагидан олингандир. “مأدبة” эса, одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади.Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий маъдаба-зиёфат бўлгани учун шу номни олган.[1] Абу Муҳаммад ўзларини “كتاب الواعي” номли асарларида: “Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун “одоб” деб номланган”, дейди.[2] Ибн Торийф раҳмаҳуллоҳи алайҳ эса “الافعال” китобида:”Кишининг одоби хулқда ёки илмда одобли бўлиши” дегани, деган.[3] Имом Жавҳарий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Одоб-бу нафс ва дарс олишдаги одоби”,деган. Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган: “Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир”. “Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир”. “Одоб қовлий ва феълий мақталган ишларга ишлатилади”, “Барча эзгулик хулқдир”.[4] “Ўзингдан каттани улуғлашинг, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир”.[5] Барча таърифларни бир жойга тўплаганда Исломда кўзланган “Одоб” таърифи юзага келади. Ҳозирги ғарб маданиятига тобеълик таъсирида “одоб”ни “маданият” дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти”, дейилади.[6] Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Яхши одоб аслида нафснинг камолатга етгани, унинг интизомлилиги, жиловлангани ва яхшиликда эканининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомда эмаслиги аломатидир. Одоб иккига: назарий ва амалий жиҳатларга бўлинади. Одоб олдин назарий жиҳатидан ўрганилади ва кейин унга амал қилинади. Фикр юритадиган бўлсак, одобнинг доираси шу даражада кенгки, оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобдан бошлаб, то барча нарсаларнинг Роббига нисбатан бўладиган одобгача бор. Исломда одобнинг яхшиликка чақириш маъноси инсонга боғланган барча нарсаларда намоён бўлади, яъни мусулмон инсоннинг ўзи билан боғлиқ барча нарсага одоб билан – яхшилик юзасидан муомала қилиши йўлга қўйилган. Бу муомалалар жамодат-жонсиз нарсалардан бошланади.Кейин наботот оламига, сўнгра ҳайвонат оламига ўтади,сўнгра эса инсоният олами, фаришталар олами ва ҳакозо оламларни қамраб олади. Исломдаги одоблар мусулмон инсоннинг ўз Набийси Роббига кўрсатадиган одоби ила тож кияди, камолга етади. Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада ҳамма нарсанинг муомаласидаги одоблар кенг баён қилинган. Ислом таълимотининг асосини ҳам одоб ташкил қилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади: وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا “Роббинг фақат унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уфф”, дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!”[7] (23-оят). Бу ояти каримада ягона маъбудга –Аллоҳ таолога Ўзигагина ибодат қилишга амр қилинганидан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда. Аллоҳга тоат, ибодатдан кейин келадиган яна бир муҳим иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амридир. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб ҳақидаги ҳадислардан баъзи намуналар: عن جابر بن سمرة رضى ألله عنه أنّ النبي صلى ألله عليه وسلم قال: لأنْ يؤدب الرجل ولده أو أحدكم ولده خيرٌ له من أن يتصدق كل يوم بنصف صاع. رواه الترمذي و أحمد[8]. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши фарзанди ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши...
Шайх Равиль ГАЙНУТДИН Россия Муфтийлар кенгаши ва Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси: Ўзбек замини азал-азалдан ислом илмларининг ўчоғи сифатида дунёга машҳур бўлган. Бухоро, Самарқанд шаҳарларида истиқомат қилган азиз-авлиёлар жаҳон тамаддунига беқиёс улуш қўшганлар. Улар илгари сурган инсонпарварлик ғоялари асрлар давомида долзарб бўлиб, бугунги кунда ҳам дунё афкор оммасининг эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Улуғ алломалар томонидан муқаддас Қуръон ва Пайғамбаримиз суннатлари асосида шакллантирилган йўналишларда шахснинг маънавий тарбияси билан бир қаторда, бутун жамиятнинг иқтисодий- ижтимоий тараққиётига алоҳида ўрин берилган. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари асос солган, айни пайтда ҳам Ер юзининг турли нуқталарида ўз давомчиларига эга бўлган нақшбандия тариқатига хос «Даст ба кору дил ба ёр», яъни «Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин», деган сўзлар ҳам шунчаки хаёлот маҳсулининг ўзи эмас. Уламолар маданият, маънавият- маърифат тушунчаларини оддий одамлар ҳаёти билан боғлиқ ҳолда талқин этишган. Ислом таълимотига таянилган ҳолда, ўлкада боғу роғлар, масжиду мадрасалар, карвонсаройлару савдо дуконлари барпо этилган. Қадим ўзбек замини Буюк Ипак йўлининг нафақат маънавий, балки иқтисодий маркази ҳам бўлгани барчага маълум.Ўзбек диёри россиялик мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Ислом динининг биринчи тарғиботчилари Волга, Урал қирғоқлари ва Сибирга айнан ўша ердан келишган. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам бир неча аср давомида айнан ўша ерга таълим олиш мақсадида боришган. Россиянинг машҳур олиму уламолари Габдуннаср Курсави, Шигабутдин Марджани, Галимджан Баруди, Ахмат Кадыров ва кўплаб бошқа диншунослар ҳам Бухоро мадрасаларини битиришган. Менга ҳам «Мир Араб» мадрасасида ўқиш насиб этганидан ниҳоятда бахтиёрман. Ҳатто динга қарши сиёсат ҳукм сурган совет даврида ҳам ўзбек халқи мусулмон тамаддунига тегишли моддий ва маънавий хазинани авайлаб сақлаб келди. Қадимий ҳамда биз учун яқин ва қадрдон ўзбек заминида бугунги кунда рўёбга чиқарилаётган савобли ишларни диққат ва мамнуният билан кузатар эканмиз, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев олиб бораётган сиёсат асосида улуғ алломалар, маърифатпарвар шахсларнинг эзгу ғоялари ётганига ишонч ҳосил қиламиз. Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилиндики, бу ҳужжат барчага таълим олиш имкониятини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатни тугатиш, бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат муҳитини қарор топтириш, диний эркинликка эришиш, диндорлар ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши ва уларни камситишга йўл қўймаслик сингари хайрли ишларга даъват қилади. Шу боис ҳам у бутун сайёрамиз аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда улуғ мутафаккир ва алломалар хотирасини абадийлаштириш бўйича тадбирлар билан бир қаторда, уларнинг таълимотларини ўрганиш, тарғиб этиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқдир. Фаолият юритаётган диний ўқув юртлари -Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкени ислом институти ва қатор мадрасалар юксак эътирофга сазовордир, уларда Бухоро диншунослик мактабининг анъаналари билан ҳозирги замон фан-техникаси тараққиётининг ютуклари мужассамлашган. Буюк муҳаддислар Ватанида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Хадис илми мактаби фаолияти ташкил этилгани бутун ислом дунёси учун улкан аҳамиятга эгадир. Ўзбекистонда устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштириш юзасидан олиб борилган улкан ишлар ҳам бизни беҳад қувонтирди. У киши Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотлар ҳамда Иордания қироллик академиясининг аъзоси эди. Бу улуғ алломанинг асарлари нашр этилиб тарқатилиши ислом динининг асл моҳиятини очиб беришда муҳим роль ўйнайди. Тошкентда бунёд этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси эса бутун дунё мусулмонларининг обрўли вакиллари йиғилиб, жаҳон...
Шайхулислом Оллоҳшукур ПОШШОЗОДА, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ Динлараро кенгаши ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси: “Бугун, муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган заминда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номи билан боғлиқ савобли юмушлар амалга оширилаётгани, хусусан, у кишининг қаламига мансуб ва бошқа диний-маърифий китоблар чоп этилиб, юртингизда ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан масжид ва мадрасаларга етказиб берилаёттани, Тошкент шаҳрида Шайх ҳазратларининг номлари билан юритилувчи кўркам масжид очилгани энг хайрли ишлардир, десак, айни ҳақиқат. Ўзбекистонда яшаб ўтган улуғ алломалар Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳоларнинг қолдирган бебаҳо илмий-маърифий меросига суянган ҳолда фаолият олиб бораётган ўзбек жамиятининг танлаган йўли энг тўғри эканини бутун жаҳон афкор оммаси эътироф этиб турибди. Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг бошларидаёқ юртингизда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43 -сессиясида таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл эканлиги ғоясини илгари сурган эди. Диний ислоҳотларнинг замонавий дунёга, она сайёрамиз тинчлигига, инсонлар ҳаёти хотиржамлигига, фаровон турмуш кечиришига, бахтли-саодатли бўлиши, ёш авлод келажагини таъминлашга қаратилган, ислом жамиятининг энг илғор тамойилларини ўзида мужассам этган бу ҳаётбахш ғоялар кўп ўтмай бутун Ер юзини қамраб олиб, ажойиб самаралар берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нъю-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистонда обод қилинган муқаддас қадамжолар бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этиб келаётгани бежиз эмас. Биз ҳам ўша томонларга кўп боргимиз келади. Тошкент шаҳрининг ўзида буюк соҳибқирон Амир Темурнинг бевосита буйруғи билан қад ростлаб, асрлар давомида, халқнинг севимли даргоҳи бўлиб келган Шайх Зайниддин, Зангиота, Сузук ота мақбара-масжидлари борлигини биламан. Сузук ота ва Сўгалли ота масжид-мақбаралари қайта тикланиб, ишга тушгани ҳакида ҳам эшитдим. Сузук отанинг дунёга машҳур Хўжа Аҳмад Яссавий авлоди экани, балоғат ёшига етганида отасининг йўлланмаси билан Тошкентга бориб қолиб, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатгани бугунги кунда барчага ибратлидир. Касб-ҳунар билан машғул бўлиш, ҳалол ризқ топиб яшаш исломнинг энг эзгу таълимотларидандир. Эшитишимга қараганда, Сузук ота масжидининг атрофида ҳунармандлар учун ҳам алоҳида шарт-шароитлар яратиб берилибди. Ислом оламида катта обрў-эътиборга эга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришида катта ҳисса қўшган. У кишининг қаламига мансуб «Очиқ хат» китобидаги «Ислом – тинчлик дини», «Ислом шариати инсонга енгиллик келтирган, оғирлик эмас», «Шошқалоқлик – зарарли иллат», «Мўътадиллик – Энг зарур хислат», «Йўлини топса, сулҳ ҳам фатҳ бўлади», «Зарарни даф қилиш хусусидаги қоидалар» каби мавзулар ўрин олган. «Мусулмон олами ҳозирда бошидан кечириб турган мусибатлар ҳам ўзини билган ҳар бир шахс учун жуда катта мусибатдир, – деб ёзган эди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари. – Бу мусибатнинг асосий айбдорларидан бири мусулмонларнинг ўзларидан чиққан бемаъни...
Мустақиллик халқимизга кўплаб неьматларни инъом этди. Қаддимизни тик қилди. Жаҳон айвонида тенглар ичра тенг бўлдик. Шунингдек, умумэьтироф этилган инсон ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконини берди. Бош қомусимизда инсоннинг эркин яшаш, ўкиш, ишлаш, ижтимоий ҳимояланиш каби асосий ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланди. Энг асосийси, инсон хуқуқлари олий қадрият этиб белгиланди. Ана шу олий қадриятдан келиб чикиб, халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик ғоялари асосида, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилди, уларни тўғри ҳаётга қайтариш чоралари кўрилди. Қайд этиш керакки, давлат раҳбарининг 2017 йил декабрь ойида Конституциямизнинг 25 йиллиги арафасида эълон қилинган фармони билан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкум, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йулига қатьий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар афв этилган эди. 2018 йил 12 июнда Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган афвга оид Президент фармони билан билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йулига қатьий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди. Ватанимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида, янги 2018 йил 30 августда Президентимиз «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йулига қатьий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Президентимизнинг афв этишга оид фармони эълон килингани халқимизга хос меҳр-шавқат, инсонпарварлик, бағрикенглик , кечиримли бўлиш, олижаноблик каби эзгу фазилатларни янада юксак намоён этди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ қабул қилинган фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаёттан 261 нафар фуқаро афв этилди. Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилди. Шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган, 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Уларга ўз хатоларини англаб етишлари учун имкон бериш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўриш, аслида, халқимизга хос бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, кечиримлилик каби тушунчалар маънавият ва маданиятимизнинг ажралмас қисми эканини англатади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу, айни пайтда мамлакатимизнинг барча соҳадаги ислоҳотларида ўз аксини топган. Хусусан, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътибори намунасидир. Қолаверса, давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга молик. Ушбу глобал чақириқ, чорлов янграганигабир йилдан сал кўпроқ вақт ўтди. Шу муддат ичида бу эзгу ташаббуснинг нақадар долзарб экани, у она сайёрамиз истиқболи учун муҳим аҳамият касб...