Фарзанд тарбиясида ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳаза талаб қилинади. Боланинг феъл-атворини синчковлик билан ўрганиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, иншааллоҳ, кўзланган мақсадга эришилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” (Ибн Можа ривояти), деб биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Насиҳатларига амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот (алайҳиссалом) болаларга салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу) яна бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар. Болага ёлғон гапирманг ва уни алдаманг, чунки сиз унга намунасиз. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу бундай ҳикояни қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарда унга бирор бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар”. Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деб марҳамат қилганлар (Табароний ривояти). Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўшнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”. Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасида энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак. Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Юртимизда ота-оналарга бу борада ёрдамчи бўла оладиган диний-марифий, касб-ҳунар ва спорт ташкилотлари бисёр. Улардан унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда. “Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21...
Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ Басранинг амири Адий бин Арто(т)га қуйидагича нома юбордилар: “қўл остингдаги ёши катта бўлиб қолган, қуввати кетиб заифлашиб қолган ёхуд тирикчилигидан айрилиб қолган зимма аҳлини аниқла. Сўнгра уларга халқнинг молидан (давлат бюджети назарда тутилмоқда) аҳволларини ўнглайдиган миқдорда нафақа жорий қилиб қўй. Агар-ки, мусулмонлардан бирор кишининг қули бўлса-ю у кексайиб, мадордан қолса ва пул топишга яроқсиз бўлиб қолган қолса, албатта унинг (хожасининг) зиммасида то мазкур қулини озод этгунча ёхуд ўзи билан қулининг орасини ўлим ажратгунча боқиш ҳақ (яъни фарз) бўларди (Бу билан шунга ишора қилинмоқдаки, мусулмон киши дину диёнатидан қатъий назар қули кексайиб, хизматдан ожиз бўлиб қолса, уни ўз чўнтагидан боқиши ва бошпана бериши лозим эди. Аҳли зимма эса бу ҳолатга тушганда мусулмонлар томонидан ҳимояланишга лойиқроқдирлар. Зеро, улар қул эмаслар.–Тарж.). Менга етиб келишича, бир куни мўминлар амири Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу зимма аҳлидан бўлган бир қариянинг одамлар эшигига келиб тиланаётганини кўриб қоладилар ва: “ёшлигингда сендан жизя олиб, кейсайганингда эса ташлаб қўйиб, сенга инсоф қилмабмиз-ку!”, дедилар ва унга байту-л-молдан (бюджетдан) кунига ярайдиган миқдорда нафақа жорий қилдилар” (Абу Убайд ал-Қосим бин Саломнинг “ал-амвол” китобидан: 50-бет;). Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Ироқдаги Ҳийра аҳли билан зиммийлар иши бўйича шартномалашаётганда уларнинг эътиборига қуйидаги шартномани ҳавола қилган эди: “улардан қайси бир кимса кексайиб ишлашга қийналиб қолса, ёхуд соғлигига путур етса ёки аввал бой бўлиб, сўнг қашшоқлашиб қолганлиги туфайли ўз диндошлари унга садақа берадиган даражага тушиб қолса албатта, мазкур кишиларнинг жизяси бекор қилинур ва то ислом диёрида истиқомат қилар экан, бундай кишиларнинг ўзлари ҳам, оила аҳли ҳам мусулмонларнинг молия уйларидан (бюджетдан) таъминланурлар” (Имом Абу Юсуфнинг “ал-Харож” китоби: 144-бет;). Зикр этилганлардан пенсия ва қарилик нафақаси каби ижтимоий ҳимоя воситалари ҳам аслида илк бора мусулмонлар томонидан йўлга қўйилганмикан, деган фикр ҳам келади кишининг онгига. Ва бу бежиз ҳам эмас. Зеро, биз нарсаларга нисбатан ёндашувимизда кўпинча уларнинг сўнги, пишиб-етилган ҳолати ва расман муайян ном билан муомалага кириш даврини асос қиламиз. Бу эса у ёки бу феноменнинг пайдо бўлиш жойи ва вақти ҳақида аниқ ва дақиқ маълумот бўлолмайди. Негаки, муайян ном ва таърифи бўлмаган ҳолда амалда бўлган ҳолатлар кўп учрайди ҳаётда. Мисол учун “истеъмолчи ҳуқуқи” деган тушунча шу ном билан яқин орада пайдо бўлди. Аммо, амалда эса истеъмолчи ҳуқуқининг ҳимоясига оид қонун-қоидалар ислом фиқҳида эскидан мавжуд эди. Фақат, фиқҳий манбаларда юқоридаги атама билан ёритилмаган холос. Худди шунга ўхшаб, бугунги маданий дунё ҳаётида муомалада бўлган кўплаб эзгу ишлар, анъаналар ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқларнинг дунё юзини кўриши ҳам аслида узоқ ўтмишларга бориб тақалади. Шу маънода пенсия, ҳомиладорлар нафақаси ва касалхоналар илк бора мусулмон оламида пайдо бўлган деган асосли қарашлар ҳам мавжуд. Жумладан, илк касалхона Умавийлар даврида Дамашқда юзага келганлиги тарихий манбалардан маълум. Ўшанда илк бора моҳов касалига чалинган кишилар учун сиҳатгоҳлар ташкил этилган. Кейинроқ ҳарқандай касал одам ўзини ўнглаб олгунча даволанадиган махсус касалхоналар вужудга келган ва уларга “бемористон” деб ном берилган. Бизнинг тилимиздаги бемор деган сўз ҳам шундан аслида. Бу вақтларда Европа ўзининг қора кунларини бошдан кечираётган, Ислом эса ўзининг олтин даврида эди. Шунингдек, юқорида келтирилган ҳужжатлар Ислом бағрикенглигининг ёрқин ва гўзал намунасидир. Ушбу бағрикенглик ва олийжаноблик туфайли мусулмонлар юртида яшаган кўплаб ўзга дин...
Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби, ахборот –технологиялари соҳасида ҳам салмоқли ўзгаришалар амалга оширилди. Интернет хизматлари арзонлашиб, тезликнинг ошиши ҳар томонлама қулайликларни юзага келишининг асосий омилларидан бири сифатида кўзга ташланди. Қувонарлиси, ушбу янгиликлардан аёлларимиз ҳам унумли фойдаланаётганларидир. Интернет хизмат турларининг аёл-қизлар энг кўп мурожаат қиладигани тури бу- ижтимоий тармоқлардаги аёл-қизлар саҳифалари, кийим-кечак сотуви ва пазандачиликка оид интернет каналларидир. Республика хотин-қизлар қўмитасининг “Аёл” интернет журнали, “Саодат” газеталари аёл-қизларимизнинг ижтимоий–сиёсий савияси, дунёқарашини кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Соғликни, хусусан оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш мақсадида ташкил этилган “Саломатлик сирлари”, “Оналар ва болалар” , “Соғлом авлод” каби тармоқ каналларини санаб ўтишимиз мумкин. Шу ўринда, аҳолининг диний саводхонлигини ошириш, уларга соф ислом ақидасини етказиш, диний билимсизлик, фирқачилик вабемазҳаблик каби иллатларга барҳам бериш мақсдида ташкил этилган, Ўзбекистон Ресбубликаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмита тасдиғидан ўтган ўнлаб расмий диний–маърифий каналлар Фаcебук, Телеграм, Инстаграм каби фаол тармоқларда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тасарруфидаги диний-маърифий телеграм каналлари қуйидагилар: “muslim.uz” portali: “fitrat.uz”, “alberuniy.uz”, “imon.uz”, “fargonaziyo.uz” , “sammuslim.uz”, “tavba.uz”, “zamaxshariy.uz” , “naqshband.uz” “Surxonmuslim.uz”, “paziylet.uz”, “bukhari.uz”, “islaminstitut.uz”, “tasbeh.uz”, “kukaldosh .uz”, “hazratnavoiy.uz” , “ nasafziyo.uz”, “ravza.uz”, “nasihat.uz”, “tuhfa.uz”, “hidoya.uz”, “muhaddis.uz”, “islomota.uz”, “at-tavfiq.uz”, “@masjid.uz”, “@masjid.uz”, “@isloh.uz”, “vasatiya.uz”, “@maxdumuz”, “@voizuz”, “@mirarabuz”, “@shafoat.uz”, “@sakinat.uz”, “xadicha.uz”, “irfon.uz”, “xojabuxoriy.uz”, “@shoshuz”, “muxlis.uz”, “@kosoniy.uz”, “islomoboduz”, “@baraka_uuz”, “muslimun.uz”, “@fazilat.uz”, “aqida.uz”, “muhsin.uz”, “hanafiy.uz” , “tartil.uz”, “@termiziy.uz”, “@Termiziy_uz”, “@hidoyatUz”, “Vakillik.uz”, “@vaqfuz”, “@oilam_uz”, “@Sirlii_uz”, “@xutbauz”, “@diniysavollar” Islom.uz портал таркибидаги каналлар: “@Islomuz_kanal”, “FiqhUz_kanal”, “HilolNashr”, “@Quranuz_kanali”, “wwwIslamUz”, “@Arabicuz”, “@BintuSodiq” , “@Siyrat_uz”, “SaboqlarUz”, “Muslimaatuz”, “@Hadisislomuz”. Ушбу канал аъзолари ишончли ва сифатли маълумотлар, турли диний саволларга жавобларни олиш, саволлар йўллаш ва интернет танловларида иштирок этиш имкониятларига эга бўлишади. Бугунги кунда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг сифатли диний маълумотга эга бўлишлари, ўз диний саводхонликларини кундалик ошириб боришлари учун имконият мавжуд. Фараз қилайлик, сиз диний–маърифий каналларнинг бештасига аъзо бўлсангиз ва бу каналлардан ҳар куни сизга камида бештадан хабар: диний масалалар, фатволар, маълумотлар, оят ва ҳадислар, ибратли ҳикоялар, ривоятлар ва ҳоказо кабилар келиб турса, сиз кунига 25 та диний хабарларга эга бўласиз. Бу кўрсаткич 10 кунда 250 та, 1 ойда 750 та, 1 йилда 9000 тани ташкил этади. Агар 10 та каналга аъзо бўлсангиз, бу кўрсаткич икки баравар кўп бўлади. Ҳар бир фойдаланувчи ўзининг маълумотлар базасини кундалк тўлдириб бориб, уни ўз ҳаётига татбиқ этадиган бўлса, қисқа муддат ичида анча мунча нарсани ўрганиш мумкин. Лекин таассуфки, ҳалича ижтимоий тармоқлар орқали илм олиб , “алломаи замон” бўлиб кетганларни учратганимизча йўқ. Қуйида бунга сабаб бўлувчи омилларни кўриб чиқамиз: Биринчидан, келаётган маълумотларнинг ҳаммасини ҳам ўқимаймиз. Бунга, асосан, вақтнинг етишмаслиги ёхуд эринчоқлик сабаб бўлиши мумкин. Иккинчидан, меёридан ортиқ, ўзимиз танишиб чиқиш имкониятига эга бўлаган даражада кўп каналларга аъзо бўлиб олганмиз. Гўёки қанча кўп каналга аъзо бўлсак, шунча илм бизга юқиб қоладигандек. Учинчидан, ижтимоий тармоқларга илм олиш мақсадида кирмаймиз ва хабарларни диққат билан ўқимаймиз ҳам. Одатда ижтимоий тармоқларга бўш ёхуд зериккан пайтимизда кирамиз: транспортда кетаётганимизда, кимнидир кутиб қолганимизда, ёлғиз ўзимиз қолиб, нима қилишни билмай турганимизда, (бу кулгили ҳолат , албатта) ва ҳоказо. Бундай ҳолатда бирор маълумотни ўқиб ҳазм қилиш, таҳлиллаш салоҳияти бизда жуда паст бўлади. Биз бу хабарларни шунчаки вақт ўтказиш учун мутолаа қиламиз. Бу эса, маълумотни етарли даражада англашимизга йўл бермайди. Тўртинчидан,...
Бугунги тараққиёт жадаллик билан ривожланиб бораётган кунда беҳисоб бино ва уйлар қурилмоқда. Ҳар бир инсон ўз ватанининг бош бўғини бўлган ўз уйига катта эътибор қаратади. Инсон бахти ва саодати учун уйнинг қандай аҳамияти борлиги ва уй қуриш одоблари ҳақида сўз юритамиз. Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг бахтидандир”, дея марҳамат қилганлар. Киши уй қуришда одамларга кимлигини билдириш учун эмас, балки унда Аллоҳга ибодат қилиш, иссиқ-совуқдан сақланишни ният қилиши шарт. Қурилишга ортиқча маблағ сарфламаслик керак. Зарурат бўлмаса, бинони етти-саккиз зироъдан (бир зироъ 46,2 см) баланд кўтармаслик керак. Чунки жин ва шайтонлар ердан етти-саккиз зироъ баландликни макон қилишади. Бундай ҳолатда қурилган уй аҳлларига зарар етиши эҳтимоли бор. Бино ва ундаги хоналарни эҳтиёж миқдорида қуриш мақсадга мувофиқ. Мўмин киши турар жойини яхшилаши ва яшаш учун қулай қилиши керак. Зеро, киши турар жойининг қулайлиги унинг бахт-саодатидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ҳар бир қилган нафақасига ажр олади. Лекин бино ва тупроқ учун сарфлаганига ажр олмайди”, деганлар. Бино босқичма-босқич қурилгани яхши. Иброҳим ва Исмоил (алайҳимуссалом) ҳам Каъбани қуришда шундай йўл тутишган. Шунингдек, замонавий меъморлик тажрибаси ҳам шу услубни маъқулламоқда. Уй сотиб олган ёки қурган киши қўчқор сўйиб, уни муҳтожларга бериши гўзал амаллардандир. Қўшнилар билан яхши алоқада бўлиши, озорларига сабр қилиши керак. Имкон бўлса, намоз ва Қуръон тиловати учун зебу зийнатлардан ҳоли бир хона ажратиш мақсадга мувофиқдир. Уй деворларига жонли махлуқлар суратини чизиш ёки осиш яхши эмас. Зеро, манбаларда, шундай уйларга фаришталар кирмаслиги айтилган. Шунингдек, уйда ортиқча кўрпа-ёстиқ сақламаслик керак. Уйга кириш-чиқишда “Бисмиллаҳ” айтиб, гарчи ҳеч ким бўлмаса-да, салом берилади. Зеро, “Бисмиллаҳ” айтилган уйдан шайтон қочади. Салом берилганида эса унга барака ёғилади. Салавот айтиб, сўнг “Ихлос” сурасини ўқиб кирилса, янада яхши. Уйни доимо покиза тутиш, ундаги ўргимчак инларини тозалаб туриш лозим. Чунки ўргимчак ини шайтоннинг ҳам уйидир. Ухлашдан олдин Аллоҳ зикри билан эшиклар беркитилиб, пардалар туширилади. Чироқ ва олов ўчирилади. Уйда ёлғиз ухламаслик яхши. Ҳовлида фақатгина чорва ва экинзорни қўриқлаш мақсадида ит сақланади. Чунки ит бор жойга фаришта кирмайди. Уйлардан бирини меҳмон учун алоҳида ажратиш, мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳовлининг закоти меҳмонхонасидир. Юқорида келтирилган одобларнинг зоҳирий ва ботиний фойдалари, ҳикматлари кўп. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш ибодат эканини унутмаслик зарур. 1-курс сиртқи бўлим талабаси Акром Абдуллаев 731
“Ният” арабча сўз. Ўзбекчада “мақсад”, “ўй”, “мўлжал”, “ўйлаб қўйилган иш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса ниятга Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Раддул Мухтор” китобида қуйидагича таъриф берган: “Ният бирор амални бажаришда Аллоҳ таолога яқинликни ҳосил қилиш ва тоатни қасд қилишдир”. Уламонинг аксари ниятнинг ўрни қалб эканига иттифоқ қилган. Лекин ўша ниятни тил билан изҳор қилиб қўйишни маъқул санаганлар. Улар амалларга киришишдан олдин ният қилишнинг бир неча ҳикматларини қуйидагича баён қиладилар: “Ниятнинг ҳикмати шуки, у билан ибодатларни одатда қилинадиган амаллардан ажратиш, ибодатларнинг баъзиларини бошқаларидан фарқлаш, Аллоҳ учун бўладиган амалларни бошқалар учун бўладиганларидан ажратишдир”. Масалан, овқат емаслик парҳез учун бўлиши ҳам мумкин ёки рўза учун бўлиши ҳам мумкин. Ана шу икки амалнинг орасини ният ажратиб беради. Ният қалбнинг иши бўлиб, уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Ниятнинг яхши-ёмонлигига қараб, мукофот ёки жазо берилади. Чунки амаллар ниятга боғлиқ бўлади. عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Амаллар ниятга қараб баҳоланади”, дедилар”. Ҳар қандай амалнинг зоҳири ва ботини мавжуд. Амалнинг зоҳири Аллоҳ ва Расулининг шариъатига мувофиқ бўлса, ўша амал тўғри бўлади. Агар амалнинг зоҳири шариъатга хилоф бўлса, бу амал бекор бўлади. Амалнинг ботини эса, қасд ва ният ҳисобланади. Аллоҳ таоло берадиган мукофотлар ҳам айнан ўша ботинга асосланган бўлади. عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” أَلا إِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلُحَتْ صَلُحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلَّهُ أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ… Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “…Огоҳ бўлинг! Тананинг ичида бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса бутун тана соғлом бўлади. Агар у яроқсиз бўлса, тананинг ҳаммаси яроқсиз бўлади. Билингки, у – қалбдир…”, деб ҳар нарсанинг аввалида қалб ва ундаги ният туришига урғу берганлар (Бухорий ривояти). Шунинг учун ҳам ният амалнинг руҳи ҳисобланади. Мусулмонларнинг бир-бирига ниятингни тўғрила, ниятни холис Аллоҳ учун қил, деб эслатишлари ҳам бежиз эмас. Чунки ботин тўғри бўлса, зоҳир ҳам тўғри бўлади. Ботини ҳам, зоҳири ҳам тўғри бўлган амал эса, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Аллоҳнинг розилиги сабабли икки дунё саодатига эришилади. Одамларнинг нияти ҳар хил бўлади. Баъзилар Аллоҳнинг азобидан қўрққанидан ибодат қилади. Яна бир тоифа Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб амал қилади. Бу иккаласидан ҳам юқори турувчи тоифа эса Аллоҳнинг тоатга, ибодатга лойиқ, улуғ Зот экани учун ибодат қилади. Бу ниятларнинг энг улуғи ва кучлисидир. Дунёга рағбат қўйган кишиларнинг бундай ният қилиши у ёқда турсин, уни тушуниш ҳам осон эмас. Бу мақомга эришган инсон Аллоҳга бўлган муҳаббати сабабли Раббисини зикр қилишдан ва Унинг улуғлиги тўғрисида тафаккур қилишдан ортмайди. Ниятсиз бўлган амал гўё қилинмагани каби эътиборсиздир. Ихлоссиз ният эса, риёнинг аломатидир. Аллоҳга ибодат қилишни хоҳлаган ҳар бир банда, энг аввало, ният нима эканини билиб олиши керак. Сўнгра нияти билан ихлос ва амални бирлаштириб, нажот томон интилиши зарур. Шундагина унинг амаллари охиратда фойда беради. Инсон учун берилган неъматлар бисёр. Шулардан бири азиз умримиздир. Аммо бир марта бериладиган бу омонат умрни қандай сарфлаётганимиз билан бир-биримиздан фарқланамиз ва Яратган ҳузурида даража топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимни...