Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Шаръий истилоҳда улар “Беш зарурат”, деб номланади.. Барча самовий динлар ва соғлом ақл эгалари уларни асраб-авайлаш шартлиги борасида якдил фикрдалар. Жонни асраш борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ [البقرة : 195] . яъни: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят). Пайғамбар алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, – деганлар (Имом Ибн Можа ва Имом Дорақутний ривоятлари). Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд. Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳаром Ислом шариатида турли миш-мишлар тарқатиш ва уни ривожлантириш қораланган. Чунки у, одамлар вабога қарши курашиш учун раҳбарларнинг атрофида жамланиб, жипслашиш зарур бўлган бир пайтда уларда, хавотир, иккиланиш ва саросима кабиларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки ўзаро жипслик ҳар қандай жамиятнинг қувват таянчидир. Қуръони карим миш-миш тарқатувчи тоифанинг хатаридан огоҳлантирган ва уларни мунофиқлар, қалбида касали борлар қаторига қўшган. Уларнинг ҳаммасини ҳалокат билан қўрқитган: “لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْمُرْجِفُونَ فِي الْمَدِينَةِ لَنُغْرِيَنَّكَ بِهِمْ ثُمَّ لا يُجَاوِرُونَكَ فِيهَا إِلا قَلِيلا” (الأحزاب: آية 60) яъни: “Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар” (Аҳзоб сураси 60-оят) Мазкур ояти каримадаги “Муржифлар” бугунги кун луғати билан айтганда миш-миш тарқатувчилардир. Шунинг учун ҳам шариатимиз тилни сақлаш, жамиятда бир хабар тарқатишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб, аниқлик киритиб олишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят). Мана шу ояти каримада ҳар бир инсон эшитган гапини текшириб, унинг манбаси рост ёки ёлғон эканини билмасдан туриб гапирмасликка акс ҳолда ўзи билмаган равишда бошқаларга озор бериб, надомат ва пушаймонликка тушиб қолмасликка буюрилмоқда. Қуръони Карим ўзига келаётган хабарларни текширмай, уни ким гапирганига эътибор бермай тарқатишни мунофиқликнинг белгиси деб санаган. Аллоҳ таоло: “Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз” (Нисо сураси, 83-оят). Бу ояти каримада Аллоҳ таоло хабарларни тўғри ёки нотўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилмасдан туриб, шошма-шошарлик билан ўзгаларга тарқатишдан қайтармоқда. Бундан шуни хулоса қиламизки ҳар бир инсон эшитган хабарлари тўғри ва жамият ёки шахсларга зарар бермасагина уни тарқатишда аниқ ва ишончли манбаларга таяниш вожиб экан. Аммо хабар ёлғон бўлса ёки тўғри бўлсада уни тарқатиш оммага зарар келтирса, уни тарқатиш жоиз бўлмайди. Ер юзининг аксар қисмига вабо тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда одамларнинг қалбига хавф, қўрқинч ва умидсизлик соладиган хабарларни тарқатмаслик барчага баробар вожибдир. Вабо тарқалганда нархларни сунъий равишда ошириш ҳаром Вабо тарқалган даврда одамларни янада қийинчиликка дучор қилиш, айниқса, одамларни кундалик озуқаларини ва тиббиёт воситаларини қимматлаштириш оддий ҳолдаги иҳтикордан кўра гуноҳи қаттиқроқ ва оғирроқдир. “Иҳтикор” сўзи шаръан озиқ-овқат ва шунга ўҳшаш нарсаларни сотиб олиб, уни то нархлар қимматлагунгача бозорга чиқармай ушлаб туришдир....
Энг катта отамизни тупроқдан яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Эркак кишининг сулби ва аёл кишининг қорнидан зурриётлари бўлмиш инсонни яратган Роббимизга ҳамдлар бўлсин, У қариндошчиликни ҳам ибодатга боғлаб қўйди ва бизга илм олиш ва ҳақ йўлни кўра олиш неъматини берди. Ёшликда тўғри тарбия олишимизга муваффақ қилди ва ўсмирлик пайтида бизни бало-қазолардан сақлади. Бизга соғ ва соғлом зурриёт насиб қилди, уларнинг орқасидан келадиган савобга эришишни муяссар қилди. Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 40-41-оятида шундай зикр қилди: ﴿رَبِّ اجْعَلْنِي مُقِيمَ الصَّلَاةِ وَمِنْ ذُرِّيَّتِي رَبَّنَا وَتَقَبَّلْ دُعَاءِ ⎈ رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ﴾ Сўнгра никоҳни шарафини ва фазлини, фарзандларни улуғ неъматлигини билдириб, бизларга Аллоҳ ўғил ва қиз фарзандлар берди. Аллоҳдан шу фарзандларимиз юзимизни ёруғ қилиши ва шу фарзандларимиз билан ҳайрли ниятларимиз амалга ошишини сўраймиз. Фарзандимизда илм олишда озгина дангасаликни, иккиланишликни, чалғишликни кўрсак шу мақолани фарзандларимизга ўқиб беришликни маслаҳат берамиз. Бу мақолада фарзандларимиз илмга изланишига янаям ундаб, уларни тўғри йўлдан юриши учун насиҳат қилаяпмиз. Биз биламизки, агар Аллоҳ кимнидир тўғри йўлга бошламоқчи бўлса, у инсон йўлдан адашмайди, ёки аксинча Аллоҳ қайси инсонни пешонасига нотўғри йўлни ёзиб қўйган бўлса, ҳечким уни тўғри йўлга сола олмайди. Лекин Аллоҳ таоло Ал-Аср сурасида: وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ﴾ ﴿ «Бир-бирингизни ҳақга чақиринглар ва сабрни бир-бирингизга улашинглар», ва Ал-Аълаа сурасида: ﴿فَذَكِّرْ إِن ٰ نَّفَعَتِ الذِّكْرَى﴾ «Агар эслатиш манфаъат берса, эслатинг». Шу оятларни шарҳи учун ушбу мақолани фарзандларимизга ёзишга қарор қилдик ва Улуғ Аллоҳ барча куч қувват эгасидир, Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Таржимон: “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Озода Махкамова 453
“Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг кўз олмасининг травматик катта ёрилиши, кўз гавҳари чиқиши, жағ суяклари синиши, ёноқ, бош, юз, қорин, оёқ ва қўллар юмшоқ тўқималари жароҳати…” Бу беморга эмас, беморни даволамоқчи бўлган, оғиз-бурни қонталаш шифокорга қўйилган ташхис аслида. Ижтимоий тармоқларда шифокорларнинг калтакланиши билан боғлиқ хабарлар шунчалик кўпайиб кетдики, бориб-бориб кўникиб ҳам қолдик. Тошкентга келган машҳур жарроҳ Лео Бокериянинг энг яхши кўрган шогирди ўзбек эканлиги, у доим шогирди билан мураккаб жарроҳлик операциясидан олдин маслаҳатлашиб олишидан фахрланмадик. Давлатимиз шифокорларнинг жамиятдаги обрўсини кўтариш, уларнинг маошларини ошириш туфайли коррупцияга барҳам беришдек оқилона сиёсати фақат тиббиёт эмас барча соҳаларда амалга оширилаётганидек ислоҳотларни нотўғри тушуна бошладик. Худди бошқа соҳа ходимлари фаришта-ю шифокорни муттаҳамга чиқариб “Олган ойлигингни оқла, отам ўлди қайтариб бер” – дея оғиз-бурнини қонатиб таскин топдик. Аммо, ҳеч ким инфарктни оёғида ўтказишига сабаб бўлган отанинг муштумзўр ўғлини инсофга чақириб чертиб ҳам қўймади. Қарийб 10 йил таҳсил олиб бугун бир мишиқи зарбасидан бир умр кўзи ожиз бўлган бўлган шифокор ота ўз фарзандларига қарата: “Болам, ўқитувчи ёки шифокор бўлишдан олдин ўйлаб кўринглар. Сотувчилик ёки тадбиркорликни танланглар. Иқтисодингиз ҳам яхши болаларингиз кўзи ҳам кўкармайди” деган ноласидан хулоса чиқармадик. Жамиятимизда коронавирусдан олдин ҳам даҳшатли бир вирус “Копток шифокор” эпидемияси шунчалик ёйилдики, Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада она ва бола УТТ ҳамширасининг бурнини синдирди, Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббиёт ходими бемор боланинг бувиси томонидан калтакланиб, ҳақорат қилинди, Учқудуқ туманида фуқаролар маст ҳолатда шифокорларни чақириб, “Нима учун мени оёғинг билан туртиб уйғотдинг” дея уларни устидан кулиб дўппослади, Наманганнинг Учқўрғонида беморнинг тоғаси шифокорнинг юзига мушт тушириши оқибатида тиббиёт ходимининг бир кўзи бутунлай кўриш қобилиятини йўқотди. Энди ўйлаб кўрайлик, ҳалиям бу хабарлар тиббиёт тизимида ўрнатилган тартибга кўра, ўзгалар томонидан жароҳат олган ҳолатда жиноятни яширган деган тамға олмаслик учун Ички ишлар бўлимига хабар берганлиги учун юзага чиқди. Ҳали турмушга чиқмаган, яқиндагина тиббиёт академиясини тугатиб иш бошлаб сочи юлинган шифокор қизнинг одамлардан уялиб айтмаган ҳасратлари қанча… Бир умр оқ халат кийиб яхши-ёмоннинг корига яраган, беморлар шифо топсин дея ҳовлисига райҳон экиб қўйган, беморлар сарсон бўлмаслиги учун тонггача дарвозасини очиб қўядиган маҳалладаги шифокор ота, қўли енгил дея олқишланган ҳамширанинг кўрган-билганлари, ичига ютиб юрганлари қанча… Вазият шу даражага бориб етдики, энг элита касб бўлган шифокорлар ўз касбидан уяла бошлади. Ноинсоф шифокор бордир эҳтимол, аммо шифокорлик қасамёдига содиқ инсонлар фарзандлари қалбида жамиятга нисбатан нафрат уйғона бошлади. Ҳамма томошабинлигидан пичоқ бориб суякка тақалдики, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош прокуратурага хат ёзишгача борди. Ўзи учун ўзи курашди. Тўғрида, агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига қўл кўтарсангиз фуқарога жуда қаттиқ чора кўрилади. Чунки у ҳуқуқ посбони. Аммо, тиббиёт ходими урилса ё сўкилса – ҳеч қандай чора йўқ эди. Жабрдийда шифокор тинчланиши учун “Ҳа, доктор, онаси ўлибди ёки отаси ўлибди ёки боласи касал экан, қизишганда жаҳли чиққан-да, сўкибди, урибди, буларни ҳам тўғри тушунинг” каби “сеҳрли” сўзлар айтиларди. Ҳамма посбонлар ҳурматда, аммо Саломатлик посбонлари қадр-қиммати Коронакашшейнинг сандиғида эди. Ёмонликда ҳам ҳикмат бор, деганларидек бугун биз Коронавирус балоси баҳона келажакка бўлган ишонч ва залворли қадамларни ташлаяпмиз. Биз ғалаба қозоняпмиз. Ўзбекистон тарихида илк бора Тошкент вилоятида беш кунда шифохона бунёд этилди, офатдан соғайган беморларнинг “Ўзбекистоннинг кучли қўлларини ҳис қилдим” деган эътирофини...
«Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам “юқори” нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди» (Бақара сураси, 26 оят) Миттигина, кўзга кўринмас махлуқнинг бутун оламни қамраб олиб, ҳаммани уйда қолишга мажбур этиши… Дунё аталмиш катта карвонни тўхтатиб қўйиши… Бутун бошли мегаполис шаҳарлар, катта-катта майдонларнинг бўшаб қолиши… Бундай ҳолатни биз-ку: эллик ёшнинг нари-берисидаги кишилар, ҳатто юз билан юзлашган боболаримиз ҳам, момоларимиз ҳам эслай олишмайди. Ҳақиқий мўмин ҳар қандай вазиятдан унумли фойдаланишни билиши керак. Ҳар қандай инқироз, ҳар бир фалокат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан содир бўлишини чуқур англаб етмоғимиз лозим. Бежиз “Ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдандир” деган ақида имон рукнига киритилган эмас. Шарҳ сурасининг 6-оятида: «Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир», дейилади. Бу тин олиш натижасида Ер курраси ҳавоси анча тозаланди. Ер шари бирров “нафас олди”. Денгизлар нисбатан тозаланди. Вирус орқали Аллоҳ таоло инсониятга “Тўхта!” деб амр қилди. Ваҳоланки, кунига 16–20 соатлаб елиб-югураётганлар қанча эди орамизда. Бу тўхташ, тин олиш бани башарни бир муддат ўйлашга, фикрлашга мажбур қилди. Кўз олдига ўлимни келтириб кўришига фурсат ҳозирлади. Пул билан сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар ҳам борлигини яна бир бор эслатиб қўйди. Ҳолбуки, умримизни, вақтимизни пулдан кўра пастроқ санаб сарфлаётганимизнинг фарқига бордик. Коронавирус сабаб кўпчилигимиз моддий-молиявий манфаатлар кўзимизни кўр қилиб қўйган бир даврда оиламиз борлиги ва улар билан биргаликда вақт ўтказишимиз муҳим аҳамиятга эга эканлигини очиқ-ойдин тушуниб етдик. Аҳли оиламиз ва фарзандларимиздан масъул эканимизни, уларнинг тарбияси қанчалик муҳим, бу тарбияда ота-онанинг ўрни беқиёслигини англадик. Ошна-оғайни, дўсту ёронлар билан йиғилиб, гап-гаштак, чойхонаю сўрилар… Ҳаммаси бўм-бўш ҳозир. Одамлар бир-бирини бағрига босиш у ёқда турсин, ҳатто қўл бериб сўрашолмай қолди. Икки метр масофада туриб, ниқоб остидан гаплашмоқда. Пулимиз бўлса ҳам баъзи хоҳишларимизга эришолмай қолдик. Еган-ичганларимизга ҳаром, шубҳа аралашганми-йўқми деб ўйламайдиганларимиз ҳам, ҳар луқмамизни алоҳида назорат қила бошладик. Демак, нима содир бўлса бўлсин, бизнинг вазифамиз ҳеч тараддудга, ҳеч ваҳимага тушмасдан ўз вазифамизни адо қилиш экан. Чунки имонимиз комилки, содир бўладиган ҳар бир жараён Аллоҳнинг изни биландир. Зеро, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат бошланса ҳам қўлингдаги ниҳолни экиб қўйгин!” деганлар. Бу бир фурсат, бу бир имконият. Маънавий камчиликларимизни тўғрилаш имконияти, амалларимизни сарҳисоб қилиш фурсати. Амал дафтаримизни қўлимиздан олинишидан олдин, Аллоҳга етказилишидан аввал тафтиш қилиб олиш имтиёзидир бу… Маънавий, руҳий, онг ва шуурда, ақлий уйғониш даври бу. Мана, қанақа баҳоласак бўлади вазиятни! Қанчалаб инсонлар пешонасини саждага қўйишга фурсат тополмаётган эди. Битта сура ёдлаш учун вақт йўқ эди. Қазо намозларини ўқишга, таҳажжудга, зикр қилишга-чи?! Мана бизга имконият, мана вақт. Дунёвий илмларнинг аҳамияти ҳам ҳеч булардан кам эмас, албатта. Бугун мактабда ўқимаган, дарсда эътибор бермаган илмларимизни уйда фарзандларимиз билан ўқиб, ўрганишга мажбур бўляпмиз. Ҳурмат-эҳтиромини вақтида жойига қўймаган устоз-мураббийларнинг ҳолига ўзимиз тушдик. Буларни бажаришимиз учун Раббимиз бизни бир муддат ташқи дунёдан узиб, иҳоталаб қўйди. Масжидларимизнинг ёпилишига ўзимиз сабабчимиз. Аллоҳнинг уйига бориб ҳам ўнгланмадик. Ҳазрат Али розиаллоҳу анҳудан сўрашди: “Бошимизга келаётган балолар имтиҳонми ёки жазоми?” У Зот жавоб бердилар: “Агар бу бало сизни Аллоҳга яқинлаштирса, имтиҳондир! Агар Аллоҳдан узоқлаштирса, жазодир!”. Динимизда мусибатнинг зоҳирий ва ҳақиқий сабаблари бор. Бугунги кунда зоҳирий сабаби коронавирус. У ҳолда ҳақиқий сабаби нима? Тақдири илоҳий не боис бизга бундай ҳукм қилди? Қиссадан ҳисса: узоқ тарихда Фиръавнга битта ҳашарот билан ҳадди билдирилган....
Табиатнинг мўъжизавий ва фуснкор фасли бўлмиш гўзал баҳор мусаффо ҳаво билан тўйинди. Аммо бу галги навбаҳор нафақат она табиат уйғониши билан, балки бутун инсоният тафаккури, ҳаёт тарзи кўз ўнгимизда янгиланиши билан ҳам тарихий тарзда кечмоқда. Коронавирус кириб келиши муносабати билан юртимизнинг кескин ва таъсирчан чоралар кўрилди, барча ҳудудларида кечаю кундуз дезинфекция ишлари олиб борилмоқда, автомобиллар ҳаракати тўхтатилди, касаллик юқишининг бош омили бўлган инсонлар ўртасидаги бевосита мулоқотлар чекланмоқда. Албатта, кўпчиликка бундай тақиқ ва чекловлар манзур бўлмаслиги аниқ. Лекин бу биринчи навбатда уларнинг, оила аъзоларининг, атрофдагиларнинг сиҳат-саломатлиги ва хавфсизлиги учун эканлигини чуқур англаб етмоқлари даркор. Ҳар ёмонда бир яхши, деганларидек, карантин вақтида сайёрамиз иқлими ва табиатида мисли кўрилмаган ўзгаришлар ҳам кузатилаётгани эътиборга молик. АҚШнинг NASA агентлиги тарқатган хабарларга кўра, давлатлараро ва мамлакатлар ичида ҳаво ва ер транспорти алоқалари, автомобил ва темир йўл қатнови кескин камайиши оқибатида, атмосферага чиқарилаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада камайган. Натижада атмосферанинг кейинги 30-40 йил ичида «яраланган» озон қатлами тикланаётгани кузатилмоқда. Қуёшдан Ер сайёрасигача авваллари етиб кела олмаётган шифобахш, микроб ва вирусларни йўқ қилиб юборадиган ултрабинафша нурлар яна Ер сиртига қадар етиб кела бошлади. Айрим экспертлар бу жараённи ижобий баҳолаб, яқин бир ой ичида барча хавфли микроблар ва вируслар ҳалок бўлишига умид боғлашаяпти. Олимларнинг мазкур кузатувлари хулосалари нечоғлиқ тўғрилигини, албатта, вақт кўрсатади. Аммо шу кунларда биргина пойтахтимиз мисолида оладиган бўлсак, кўчалар полиэтилен идишларию, турли кўринишдаги чиқиндилардан, автомобилларнинг адоқсиз шовқинларию ёнилғи ёқишларидан чиқадиган зарарли моддалардан, одамларнинг талотўпларидан, кечаси билан ўйин-кулгу тинмайдиган, эҳтиросу тийиқсизликларни тарғиб этадиган тунги клублар карахтлигидан дам олгандай гўё. Башарият ўзи туганмас ҳою ҳаваси, кундалик эҳтиёжлари, нафси билан коинотнинг номаълум манзиллари сари ўз бағрига солиб бизни олиб кетаётган Она сайёрамизни қайсар ва қулоқсиз бола каби қийнаб қўйган эканмиз. Ернинг танасига игнадай санчиб, унинг қаъридаги қанчадан-қанча табиий ресурсларни ва қимматбаҳо бойликларни очил дастурхон билиб, пала-партиш фойландик, лекин эвазига бўш турган жойда биргина дарахт экишни ҳам хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Қудратли атом қуролларию баллистик ракеталарни бизни кўтариб турган беминнат замин устию остида портлатиб, кучимизга маҳлиё бўлиб қувондик. Тириклик бахт этиб турган ўрмонларни кесдик-ёқдик, миллионлаб йиллар ёнимизда табиий ҳамроҳ бўлиб келган ҳайвонотни ўлдириб лаззат топдик, денгизу уммонлар тубидаги жамики жонзотни еб юбормакка тутиндик. Бир гуруҳ кўзи тўймас, бойлигу ҳашамларга ўч «аристократлар» бутун башариятни қашшоқлаштириш ҳисобидан давлатининг чегаларини йўқотиб қўя бошлади. Шу маънодаки, карантин қандайдир чегара-тўсиқ эмас. Уйдан кўчага чиқа олмай, чуқур мулоҳаза қилишга тўғри келиб қолганида, бу қилмишларимиз оқибатларини қайта идроклай бошладикми?! Коронавирус шунчаки дард эмас. Инсониятнинг ички руҳий мувозанати, хотиржамлик посангиси тенглашмагунча йўқолиб кетмайдиган дардга ўхшайди. Ҳаёт тарзимиз йўсинини ўзгартириш даври келди. Шукрки, синовли ушбу кунларда унутилаёзган ўзаро меҳр-муҳаббат, хайру саховат каби муқаддас туйғулар қайта тикланаёнганига гувоҳ бўляпмиз. Пок иймонли ва чинакам ватанпарвар юртдошларимиз бугунги кунда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож якка-ёлғизлар, бева-бечораларга, саломатлигини тиклашга қурби келаётган ночор оилаларга, чет давлатларда қолиб кетган ишсиз ҳамюртларимизга, хайру эҳсон қилишаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Сўнгги йилларда анчайин қадрсизланган ва мўрт бўлиб қолган оилавий ришталар — эр-хотиннинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ота-онага эҳтиром, фарзандларга эътибор каби улуғ фазилатлар мустаҳкамлана бошлади. Уларнинг барчаси бу кунларни тўкин дастурхон атрофида жамулжам ва болажонлар китоблар билан дўсту ошно тутинишмоқда. Тожли вируснинг ҳар қандай ҳужуми тафаккури кенг, ўзлигини англаган элларнинг...